Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг даъвосига шубҳа

Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг даъвосига шубҳа
79 views
29 December 2017 - 21:22

(Суратда: Муҳаммад Солиҳ ва Аҳмад Хоразмий)

Дунё миқёсидаги оммавий ахборот воситаси ҳисобланмиш ВВС “Политолог Усмон Ҳақназаров номи остидаги мақолалар муаллифи бўлмиш Тошкентлик журналист Бобомурот Абдуллаев материалларни Ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ талаби бўйича ёзгани” ҳақидаги даъвоси(иқрори)ни эълон қилди.

Бир нарсани олдиндан айтиб ўтишни истардим. Мен Муҳаммад Солиҳ билан 2014 йилнинг декабригача учрашган ёки ҳамсуҳбат бўлган эмасман. Кўпчилик қатори мен ҳам уни таниқли шоир ва имонли одам сифатида таниганман ва ҳурмат қилганман. Унинг сиёсий қарашлари ва фаолияти билан ишим бўлмаган.

Бу мақола орқали мен Муҳаммад Солиҳга ёрдам қилиш ниятим йўқ. Чунки М.Солиҳ менга 2015 йилда: “İltimos, meni hech bir yerda maqtamang ham, himoya ham qilmang, mening himoyachim Alloh, u menga yetadi”, деб илтимос қилган.

Мен эса унга: “Сизни ҳеч бир ерда мақтамаслик ва ҳимоя қилмаслик ҳақидаги илтимосингизни бажараман насиб бўлса. Сиздан ҳам илтимосим шуки, менга қилган хизматингизга ва берган тузингизга рози бўлинг” деб ёзганман.

М.Солиҳ менга қуйидагича жавоб ёзган: “Sizga xizmat qildim va yoki sizga tuz berdim deb hisoblamayman, biror narsa qilingan bolsa, bu Olloh rizosi uchun bir musulmonga korsatilgan etibordir. Omon boling. Sizda hech bir haqqim yoq. MS.” Бу эса бизнинг мулоқатимизнинг охири бўлди.

М.Солиҳ Б.Абдуллаев ҳибс этилганида: “Ҳозиргача унинг У.Ҳақназаров эканлигини ошкор қилиш хоинлик бўлар эди, энди эса, уни ошкор қилмаслик хоинлик бўлади”, деган эди. Шунга ўхшаб, ҳозиргача М.Солиҳ билан бўлган шахсий ёзишмани ошкор қилиш хоинлик бўларди, ҳозир эса, уни ошкор қилмаслик хоинлик бўлади, деб ҳисоблаганим сабаб, ёзаяпман ушбуни.

Яна шуни таъкидлашни истардимки, кўпчилик қатори мен ҳам М.Солиҳдан яхшилик кўрганман. Бу яхшиликлар нималардан иборат бўлганлиги ҳақидаги тафсилотларни ҳеч яширмасдан, турли хил вақтларда ва жойларда нашр қилинган “Солиҳларни излаб”, “Мен ким, Каримовчими ёда Солиҳчими?” каби қатор мақолаларимда баён қилинган.

М.Солиҳ билан бўлган алоқаларимни очиқ баён қилишимнинг асосий сабаби шуки, акс ҳолда, менга нисбатан агрессив фаолиятда бўлган Ўзбекистон миллий хафсизлик хизмати (МХХ) агенти Комил Нуржон бу алоқаларни ўзи ҳоҳлаган ҳолатда тақдим қилган бўларди, ҳалиям шундай қилган бўлмаса.

Энди асосий мавзуга қайтиб айтадиган бўлсак, мен ва менга ўхшаган М.Солиҳдан яхшилик кўрган одамларнинг биронтасига М.Солиҳ: “ЭРКга аъзо бўлинг, ёки Каримов режими танқидланган мақола ёзиб беринг, ё-да бошқа хизмат кўрсатинг”, деб айтган эмас. Бунга М.Солиҳ биланги юқорида келтирилган ёзишмалар етарлича исбот бўлаолади.

Бу эса менга (балки кўпчиликка) ҳозирда ҳибсда сақланаётган журналист Бобомурот Абдулаевнинг материалларни Ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ талаби (ҳеч бўлмаса, илтимоси асосида десада бир нав эди) бўйича ёзгани, ҳақидаги даъвоси(иқрори)ни шубҳа остига олишга етарлича асос ҳисобланади.

Профессор Аҳмад Хоразмий
Буюк Британия, Стокпорт шаҳри, Декабр, 2017.

facebook.com