Тулпор дейдики

Тулпор дейдики
20 views
01 January 2018 - 5:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

ТУЛПОР ДЕЙДИКИ

Йўллар бўлсин, майли, чигал, тор,
Ғовлар қўйинг, майли, сиз йўлга.
Тизгинимни зинҳор ва зинҳор
Бера кўрманг журъатсиз қўлга.

Депсиниб шўх ва кишнаб янгроқ,
Гижингласам, у дил ҳовучлар.
Чавандозман деб ўйлар, бироқ
Жиловимни зир титраб ушлаб.

На қиз қувиб ўпич олар у,
На улоққа ўзини чоғлар.
Эгаримга боғлар-да парқу,
Пилдиратиб йўрттирмоқ хоҳлар.

Менинг эса елгим бор тўйиб,
Шу бахт насиб бўлмаса бу чоқ.
Раҳм-шафқатни бир четга қўйиб,
Майли, тортинг бўғзимга пичоқ.

Майли, чиқсин ҳаётим йўққа,
Учолмасам, ҳилпиратиб ёл.
Синггим келаётир уфққа,
Токи қувиб етмасин хаёл.

Имиллашдан ор қиламан, ор,
Умид билан чиқяпман йўлга.
Тизгинимни зинҳор ва зинҳор
Бера кўрманг журъатсиз қўлга.

(давоми бор)