Турон мусофирлари

Турон мусофирлари
39 views
01 January 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

31-қисм

Марусия Қорасаройга кириб келмасдан олдин, унинг тўртта эски тахтадан йиғилган каровати билан икки яшик виноси етиб келганди. Қоғоз қутига жойланган саримсоқпиёзи, калбасасию дастурхон ўрнида фойдаланадиган бир даста “Халқ сўзи” деган газетаси ҳам, чойшаб сифатида ишлатиладиган эски шолчага ўраб-чирмаб, тўшакларининг орасига тиқилганди.

Дуйсенбай, бобоси бир замонлар чиқиндихонадан судраб келиб, Марусияга кароват ясаб берган тўртта исқирт тахтани ҳеч қачон ташлаб юборишга рухсат бермасди. “Бор барака, мана шу тўртта чирик тахтада” дея, уни тавоф қилишдан ҳам тоймасди.

Марусияни қўярда-қўймай, машинага ортиб олиб келган хафвсизликнинг тўрт вакили, уни ўзи учун тайёрлаб қўйилган хонага жойлаштирди. Қўлтиғига тоғорача қисиб унга эргашиб юрган Бахшилло, унинг оёғи учида туриб, ётмасдан уни қоравуллаши лозим эди. Мистер Куаро қиёфасига кирган Дуйсенбайнинг фикри ожизича, Марусияни тез-тез қустириб, Житириқнинг оғзига сарқитдан иссиқ-иссиқ қуйиб турилса, у уйқусидан ойилиб, ўзига келиб қоларди.

Дуйсенбайга кўра, Житириқ кома ҳолатида ётмаган эди. У шунчаки ухлаётган эди. Кимдир, уни “кома ҳолатида ётипди” деса, балоларга қоларди. Қилмишларига чув тушиб, шу кунларда қутуриб юрган Дуйсенбай, уни тилка-пора қиларди. Ёмони, Марусия Қорасаройга келган кунидан ейиш-ичиш деган бош оғриқни йиғиштириб, довуча тишлаган боладек, шумшайиб олди. Унинг шундоқ ҳам осилиб турадиган қалин қовоқлари, янаям осилиб, у баттар бадбашара бўлиб кетди. У тасвирлаб бўлмас даражада бир тасқара бўлса ҳам, қушбеги билан бир товоқдан шовла емасди. Ўзига яраша инжиқлиги, кимса билмас ўзга бир дунёси бор эди.

Булбул бўлмаса ҳам, ўзини булбулдан кам кўрмайдиган бу кампирнинг ўзича хаёлоти боғларию, кўзларни яшнатгувчи гулу чаманлари бисёр эди. Буни ўзидан ўзганнинг кўрмаслиги ва билмаслиги, уни заррача қизиқтирмас эди. У ўз хаёлот олами билан яшарди. Ҳеч қачон бировларнинг дунёсига дохил ҳам қилмасди, дунёсига дохил қилганларни хушламасди ҳам. Шу учун у ўзини олтин қафасга қамалган булбул каби ҳис эта бошлаган эди.

У машаққатли ҳаётда саксон йилдан кўпроқ яшаб, биринчи марта ўзи истамаган ҳолатга тушиб қолганди. Еб-ичишни тўхтатиб, шу йўл билан мистер Куарога Дуйсенбойни танитмоқчи эди. Бу, Сталин билан Гитлерга бир кароватдан жой тўшаб беришдек бир гаплигини, у тушунмасди. Халқнинг машаққатли ҳаётидан уни хабардор этмоқчи эди. Норозилиги замирида, қарашсизлик сиёсатидан жирканиш белгилари кўринарди. У диктатурани, ёлғонни, мақтанчоқликни ҳеч қачон нормал ҳолат сифатида ҳазм қила олмасди. Умри бино бўлиб бировни сабабсиз ҳақорат қилмаганди. Унинг ёлғон гапирганини, мақтанганини бирор кимса эслай олмасди.

У дунёлар ичра бир дунё эди. Ўз ҳолича турмуш тарзи, қалби чегараларида ўзи йиллар бўйи шакллантирган ҳаёти принсиплари бор эди. Ўзи амал қиладиган қатъий ақидалари ва урфларига у қул каби содиқ эди. Кўпчиликлардан ажратиб турадиган бу одатлари, шунинг учун ҳам уни одамови, уйбегига айлантириб қўйганди. Одамларнинг тутриқсиз гап-сўзларидан, субутсизликларидан кўра у шиша ичидаги винони, саримсоқпиёз билан колбасани кўпроқ хуш кўрарди. Улар, унинг биргина ўзи учун фойда ёхуд зиён келтириши мумкин эди. Ихтиёрсиз тилларнинг ва эътиқодсиз дилларнинг қанчадан-қанча юракларни тиғ каби яралаши мумкинлигини у теран фаҳмларди. У учун боқибеғамлардан ҳиссиз ҳайкаллар фойдалироқ кўринарди…

Изқувар мистер Куаронинг, унинг очлик эълон қилганини эшитиб, боши қотиб қолди. У Марусияга зулм қилолмасди. Уни қамаб қўйиш ёхуд ўлдириб юбориш қўлидан келмасди. У шундай ҳам Марусиянинг бир кунмас-бир кун ўлиб қолиши мумкинлигини ўйласа, кечалари ухлай олмай тўшагида ағанаб чиқарди. Тушларида ҳам, “Талисманим ўлса, омад мендан жуз ўгирадими” дея алжирагани-алжираган эди. Лекин, кўра-била қўл қовуштириб ҳам тура олмасди. У икки ўт орасига тушиб қолганди. Кетма-кет ёприлаётган омадсизликлар, уни поғонама-поғона таслим бўлишга чорларди. Вужудига ёпишган нохуш ҳис-туйғулар уни зулукдек сўриб, эртанги кунга бўлган ишончини сўндирарди. Ҳавойи орзуларини кемириб, қалби қўрғонига армонларидан гўнг йиғарди.

Шундай кунларнинг бирида, яна омад унга кулиб боқти. Дуйсенбайнинг эътиборидан қолган хавфсизлик хизмати вазири Қорасаройга фавқулодда зўр таклиф билан кириб келди. Хатосини тўғирлаш учун ўтган кунлар ичида, у ҳақиқатан енг шимариб, терлаб-пишиб ишлаган эди. Баробарида, осонлик билан қўшни юрталик[1] ҳамкасабаси билан келишиб, уни нозик бир масалада ҳамкорлик қилишга кўндирганди.

Қорасаройнинг ертўласидаги жазо камерасида ётган Тайсиннинг мураббийлари белгиялик Жак Андирсон билан моракашлик Аббос Қасрий бу гал, “Қўйнингдан тўкилса, қўнжингга” амалиётининг қурбонлари бўлишлари керак эдилар. Барчаси, дунё афкор оммаси кўзи ўнгида Афғонистоннинг Тўра-бўра тоғларидаги ғорларнинг бирида рўй бераётгандек бўлиб туюлиши зарур эди. Террорчилик амалиётининг бошида, бутун дунёга ўлди деб жар солинган Усома Бин Лодин туриши мўлжалланганди. Дуйсенистон хавфсизлик хизмати боқонига кўра, бу қўшни юрталик ўлкабошининг истак-хоҳиши эди.

Юрталик миллий хавфсизлиги генерали, шунинг эвазига таклифга дарров розилик билдирганди. Ҳалиям, Бин Лодинннинг ўлганига ишонмайдиган ўлкабоши, бутун дунёни яқинлашаётган буюк хавфдан огоҳ этиш мақсадида, ҳар қандай битимга тайёр эди. Асносида, у ўзининг ҳақиқий сиёсатдон эканлигини баъзи бир кимсаларга намойиш қилиб қўймоқчи эди. Сиёсий майдондаги у ҳақидаги “уқувсиз”, “ҳароми” “ҳеч нимага ярамайди”, “ҳезалак” деган танқидий назарлар, уни жонидан тўйдирганди. “Ислом хавфи” ҳақида бонг урмаётган ён-атрофдаги қўшнилари, унинг кўзларининг узоқни кўра билишига амин бўлишлари шартлиги зарурати туғилганди. Айниқса, исломга ёхуд турли эътиқотдларга, жумладан сўз эркинлигига эшикларини ланг очиб қўйган Қозоғистон, юрталикларнинг бекордан-бекорга чиранмаслигини англайдиган кун етганди.

Энг асоссийси, тушларида ҳам Бин Лодинни кўриб, лабларига учуқ тошиб уйғонадиган ўлкабоши, шу йўл билан амриқоликларнинг иддаолари тўғри-нотўғрилигини текшириб кўрарди. Уларнинг “Бин Лодинни ўлдирдик”, деган сўзларини, у навбатдаги сиёсий ўйин деб билгани учун ҳам видеотасвирларга ҳам, бошқасига ҳам ишонмаслигини айтарди. Мистер Куарога айланган Дуйсенбай амалиётни кўнгилдагидек ўринлатса, ваъда қилинган пулнинг чорагига эга бўларди. Иккинчи чорагини ўлкабоши билан юртанинг миллий хавфсизлиги бошлиғи бўлишарди. Пулнинг тенг ярмини барча ишга бош-қош бўлиб турган “чап қанот” туя қиларди. Бу маблағларнинг барисини, “мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун” деган ниқоб остида, ўлкабоши давлат бюжетидан ўмарарди, албатта. Жак Андирсон билан Аббос Қасрийни жаҳондаги биринчи рақамли ашаддий террорчи Бин Лодиннинг қўлидан сотиб олишга ҳам, уларнинг мамлакатлари мўмайгина пул тўларди. Икки хавфсизлик ташкилоти келишувига биноан, бу маблағлар ҳам юқоридаги тартибда уч қисмга ажратиларди.

[1] Юрта – ўтов, юрт маъносида ҳам келади.

(давоми бор)