Яна ким бор экан сендек

Яна ким бор экан сендек
22 views
08 January 2018 - 5:00

«ВАЛФАЖР» КИТОБИДАН

 

ЯНА КИМ БОР ЭКАН СЕНДЕК

Дунёда яна ким бор экан сендек
Айри этолмаган ҳазилдан чинни,
Салгина нарсадан бахтиёр тентак,
Салгина нарсага хафаҳол жинни.

Ким экан юртидан минг бора кетиб,
Лоақал бир марта қайта олмаган,
Уч кун киприк қоқмай онасин кутиб,
Келганда илиқ сўз айта олмаган.

Ким кезар шовқинли шаҳар йўлларин
Қадим «Сегоҳ» ила бўғзини бойлаб.
Аждодидан теккан озғин қўлларин
Мангу маош каби чўнтакка жойлаб?

1980

 

(132)

Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Вал-Фажр” китобидан. (84-саҳифа.)

(давоми бор)