Устозимдан айрилдим

Устозимдан айрилдим
84 views
14 January 2018 - 19:40

Носир Фозилов. Бу номни тилга олишингиз билан кўз ўнгингизда ўзбек ва қозоқ адабиёти гавдаланади. Носир ака ана шу икки қардош халқни бир-бири билан яқинлаштиришда баракали ҳисса қўшган табаррук инсон. Шундан бўлса керак бу номни ҳар икки халқ – ўзбеклар ҳам, қозоқлар ҳам жуда кучли ҳурмат қилишади, эъзозлашади.

Бугун 13-январь куни ана шундай табаррук инсон, таниқли ўзбек ёзувчиси, атоқли адиб, таржимон, ўзбек ва қозоқ адабиётининг ёрқин намоёндаси, бир неча халқаро ва давлат мукофотлари совриндори Носир Фозилов 88 ёшида Тошкентда оламдан ўтди.

Раҳматли Носир ака билан кўп гурунглашардик. У киши нафақат ардоқли адиб, таржимон, балки самимий суҳбатдош ҳам эдилар. Носир ака билан гаплашган сари гаплашгим келаверарди, зерикиш нималигини билмасдим. Носир ака билан суҳбат жараёнида улардан кўп қизиқ воқеаларни, адиблар ҳаётига боғлиқ воқеа-ҳодисаларни эшитишга муваффақ бўлганман. Мени қозоқ адабиётига ошно қилган, қозоқ адиблари ва шоирлари билан яқиндан таништирган, қозоқ тилини ўргатган, ўзбек тилида дарсликлар чоп этадиган Қозоғистондаги “Мектеп” нашриётига етаклаб борган инсон, устозим Носир Фозилов бўладилар.

Носир ака, ўзбек адабиёти каттакон бир азим дарё, дер эдилар. Ана шу “азим дарё”да отахон адиблар, шоирлар билан 30 йилдан ортиқ вақт бирга ижод қилганликларидан, Ойбек, Ғофур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Уйғун каби забардаст адиблардан сабоқ олганликларидан ҳамиша фахрланардилар. Носир ака ушбу адиблар ҳақида фақатгина дарсликларда ўқишини, уларни ўз кўзи билан кўриш, улар билан яқиндан мулоқотда бўлиш ўзлари учун ушалмайдиган орзудек туюлишини, бироқ адабиётга бўлган қизиқишлари туфайли эл ардоқлаган отахон адиблар билан бирга суҳбат қуриш, ўтириш, пленумларга, съездларга боришга муваффақ бўлганликларини тўлқинланиб гапириб берардилар.

Носир ака Фозилов 1929 йил 1 июлда Қозоғистон Республикаси Жанубий Қозоғистон вилояти, Туркистон туманида туғилган. Туркистон шаҳридаги Ҳамза номидаги ўрта мактабни тугатиб, Тошкентга келган ва Ўрта Осиё давлат университетининг филология факультетига ўқишга кирган. Отахон адиб талабалик йилларидаёқ Ёзувчилар уюшмасида бўладиган анжуманларнинг барчасида иштирок этган, шу пайтларда республикамизда чоп этиладиган бир неча газета ва журналларда ўзининг катта-кичик мақолалари, ҳикоялари, қиссалари билан мунтазам қатнашиб турган. Шунинг учун ҳам 1954 йилда университиетни тугатган йилиёқ “Гулхан”, журналига мухбир бўлиб ишга жойлашган. Кейинчалик “Шарқ юлдузи” журнали ва “Ёш гвардия”, “Адабиёт ва санъат” нашриётларида масъул лавозимларда ишлаганлар. Носир ака нашриётда ишлаб юрган пайтларида ўзбек адабиётининг оқсоқол адиблари билан ота-бола бўлиб кетганини бот-бот тилга олардилар.

Носир Фозиловнинг илк ҳикоялар тўплами “Ирмоқ” 1959 йили нашр этилган. Ундан кейин бирин-кетин “Оқим”, “Қуш қаноти билан…”, “Қор хат”, “Кўклам қиссалари”, “Саратон” асари ёруғликка чиққан. Носир ака ўз асарларида қишлоқ ёшлари ҳаёти, халқлар дўстлиги ғояларини кўтаринки руҳда ёритган. Бундан ташқари, Носир Фозиловнинг “Устозлар даврасида” деган асари кенг китобхонлар орасида шуҳрат қозонган. Ушбу асарда оқсоқол адибларимизнинг ҳаёти, қувончи-ю шодликлари, ҳазилу мутойибалари ҳақида бир-биридан қизиқ воқеа-ҳодисалар қаламга олинган.

Носир акани эсдалик, хотира жанрида асарлар ёзиш бўйича яловбардор бўлган десак адашмаймиз. Бу ҳақида Носир аканинг ўзлари ҳам гапириб берган эдилар. Уларнинг айтишларича, рус адабиётида азалдан мавжуд бўлган эсдалик, хотира ёзиш 1960 йилларда ўзбек адабиётида русум бўлмаган экан. Адиб бу жанрнинг бизнинг адабиётимизда русум бўлмагани боисини ўтган аср бошларида, яъни 20-йилларда яшаб ижод этган Чўлпон, Фитрат, Абдулла Авлоний, Усмон Носир, Абдулла Қодирий, Элбек каби адибларимиз ҳибсга олиниши туфайли бу ёзувчилар ҳақида бошқа қаламкашлар биронта сатр нарса ёзишга ҳақли бўлмаганликлари билан изоҳлайдилар. Чунки “халқ душманлари” ҳақида ёзганларнинг бошига ҳам уларнинг куни тушиши ҳеч гап бўлмаган экан.

Мени 1920 йилларда қалам тебратган адиблар тўғрисида биронта аниқ-таниқ маълумотга эга бўлолмай қолганимиз, тўғрироғи, уларнинг қачон ва қаерда туғилганлигини, қандай асар ёзганлигини биламизу, бироқ феъл-атворларини, ҳазил-мутойибага қалай эканликларини, ҳаётда қолдирган қизиқ-қизиқ ҳангомаларини билолмай қолганимиз, боз устига, улар билан бирга ишлаганлар, мулоқотда бўлган отахон адиблар ҳам ўтиб кетгани ташвишлантирарди, дея гапириб берган эдилар. Устоз Носир Фозилов ана шуларни инобатга олиб, 1960 йилларда ҳозирги устоз-адиблар ҳақидаги кўрганлари ва билганларини, улар билан қилган ҳазил-мутойибаларни аста-секин мухтасар қилиб қоғозга тушира бошлаган эканлар. Ўз вақтида қоғозга туширилган бу хотиралар кейинчалик бир китоб шаклига келтирилиб, “Устозлар даврасида” деган номда чоп эттирилган.

Носир аканинг ушбу китобини ўқувчилар жуда яхши қабул қилган десак адашмасмиз. буни мазкур китобнинг шу кунгача тўрт марта нашр қилинганидан ҳам билсак бўлади. Ўз вақтида адабий жамоатчилик унга яхши баҳо бериб, китобни Ҳамза мукофотига тавсия этганлар. Шу тариқа Носир Фозилов 1990 йилда мазкур китоб учун Ўзбекистон Республикасининг энг юксак адабий мукофоти совриндори бўлганлар. Устозим Носир Фозилов қозоқ мумтоз адиби Абай ва бошқа бир неча қозоқ адиблари асарларини қозоқ тилидан ўзбек тилига таржима қилганлар. Қозоғистон ҳукумати Носир аканинг бу каби хайрли ва эзгу ишларини ҳурматлаб, устозимни Аҳмад Яссавий номидаги халқаро мукофот билан сийлаганлар.

Бугун Носир Фозилов орамизда йўқ! Фоний дунёга рихлат қилдилар. Ўзбек адабиёти ўзининг яна бир забардаст адибидан жудо бўлди. Жойингиз жаннат, охиратингиз обод бўлсин Устозим!

Рўзибай Азимий

facebook.com