Манфаат

Манфаат
26 views
15 January 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

43-қисм

У яна опа-сингиллардан хазина кўмилган жойни ошкор қилиш эвазига Қорасаройдаги барча мардикорларни озод этишни сўраганди.

Ўзини Тайсин емасдан бурун у Житириқни ейиши лозим эди. Шунда у хазинанинг кичик бўлаги кўмилган жойни ошкор этарди. Ва бир йўла неча ойлардан буён ажал билан олишаётган Житириқнинг оғирини енгиллатарди. Житириқ азоб-уқубатлардан қанча тезроқ фориғ бўлса, у шунча енгил тортарди. Келишувга биноан иккинчи кун Тайсин унинг ўзини ейиши керак эди. Шунда унинг ичидан қолган хазинанинг қаерга кўмилганлиги ҳақида ёзилган бир парча қоғоз чиқарди. Икки томоннинг битими мана шулардан иборат эди. Житириқ ўлган кун Марҳобо, уч ўғли ва эри Дуйсенистондан зим-ғойиб бўлса, хазина қидириш амалиётининг иккинчи босқичи бошланарди. Гулисипса: “Гўрсўхта эрим, бир этак баландли-пешли болаларим бор. Ўзинг сақла, Парвардигор. Мен ҳеч нимани эшитганим йўқ, Сен менга ҳеч нимани эшитирмадинг! Қочсам, болаларимни ким боқади? Қозоқ-қозоқ қарсилдоқ, Бултур бердим, бир улоқ, Қани менга қовурдоқ?!” дея қочишга рози бўлмаганди. Барчаси Марусия талаб қилганидек аниқ-тиниқ бўлмаса, иш бузилар, натижада мардикорларни ва ўзини озод этишнинг бошқа йўлини ўйлаб топишга тўғри келарди. Ўзининг бу жойдан қочиш истаги бутунлай сўниб қолган бўлиб, у дардига ўлимдан бошқа даво кўрмаётган эди. Житириқнинг оғирини енгил этиб, мардикорларни асрликдан қутқариш ҳам унинг учун озодликка эришишнинг бир чораси эди. Марусия Тайсиннинг қорнига жой бўлган тунда эса Баҳром билан Тўрабика эси кирди-чиқди бўлиб қолган Бахшиллони ўзлари билан олиб қочиши режаланган эди. Ўзини итга раво кўрган Марусия ўлигини ҳам Дуйсенбайга ишонмай қўйганди.

Марусиянинг таклифи опа-сингил – Батангул билан Сатангулга роса ёқиб тушди. Шунда улар вақтни бой бермай, Мирзелимбай билан ҳам яширин иттифоқ тузиб олдилар. Қўли пул кўриб, кўзларига ёруғлик инган Мирзелимбай фойда келтириши мумкин бўлган ҳар қандай ишга ўйлаб ўтирмай бош қўшишга тайёр эди. У йўқсулликдан минг бир ташвиш тушган бошига энди бу балони йўлатмоқчи эмасди. Марҳабони ўз туғишган опаси сингари яхши кўрадиган Оқгул эса Марҳабо ва унинг оиласининг озодлиги учун ҳар қандай хавф-хатарга ҳам тайёр эди.

Опа-сингилларнинг эркакка тўймаётганлари устига, Дуйсенбайнинг орқасига чоптириши дард устига чипқон бўлганди. Уларни эпақага келтиришдан қийналиб, қочиб борганча мистер Куаронинг атрофида кўпроқ тимирскиланадиган бош боқонга кенг дунё тор бўлгач, у хавфсизлик вазири билан тил бириктириб, опа-сингилларнинг орқасидан маълумот йиға бошлади. Додага тўғридан-тўғри қизларини ёмонлашнинг оқибати нима билан тугаши мумкинлигини яхши биладиган хавфсизлик вазирига бу қўл келиб, барчасини унинг қўли билан амалга оширишга аҳд қилди.

Ҳаммасидан хабари бор Батангул бир куни хавфсизлик вазирининг идорасига қочқинда юрган холлаваччаси билан бостириб бориб, унга хонасида думини гажак қилганча ҳамла қилиб қолди. “Эркак бунақа бўлмайди, орқадан бировларнинг қўли билан иғво уюштиргандан кўра, шимингни ечиб ташлаб, юбка кий”, деганга ўхшатиб, унга роса чираниб ҳурди. Умрида бундан баттарларини эшитган хавфсизлик вазирининг жони ҳиқилдоғига келгач,  тўп-тўғри изқувар мистер Куаронинг ҳузурига бориб, қизлари ҳақидаги жиноятлар битилган бир қучоқ папкани унинг олдига отди.

Ғазаб отига минган мистер Куаро ҳам каравотининг тагидан икки қучоқ папка чиқариб, хавфсизлик вазирининг юзига унинг ўзи ҳақидаги жиноятлар жамламасини сочиб ташлади. Иккаласи бир-бирларининг орқаларидан йиққан материалларни диққат билан ўқиб, бир-бирларини кўксиларига босиб, ярашиб олдилар. Бир-бирларини эл-юрт олдида шарманда этишдан маъно йўқлигини айтишиб, ўтириб бирга нонушта қилдилар. Бўкиб ичиб, бир-бирларини қучоқлаб, ўпиб, бир-бирларига садоқатларини изҳор этдилар. Шу билан бу масалага шу жойнинг ўзида нуқта қўйилди.

Хор-зор бўлган, бутун сарватидан маҳрум этилган Тайсиннинг кўзига опа-сингил – Батангул билан Сатангул халоскор фаришта бўлиб кўринди. Гулисипса улар орасида кимса билмас воситачи эди. У ярим тунда тўстувак кўтариб ҳовлига чиқди. Уни кузатиб бориб-кузатиб келадиган эшикбегиларни опа-сингиллар ноз-фироқлари билан авраб турдилар. Эшикбегилар олти кишидан иборат бўлиб, ҳар саккиз соатда алмашиб, эшикнинг оғзини икки кишилашиб қўриқлар эдилар. Ўн йиллар асносида эшикбегилар бир марта ҳам юртларига бориб келмаган, уларнинг мояналарини бола-чақаларига ҳар ойда Дуйсенистоннинг ҳисобчиси почта орқали жўнатиб турарди. Кимдир бола-чақасини кўриб келиш учун рухсат сўраса, ўз-ўзидан қўлидаги ишидан айриларди. Бир оғиз ичкаридагилардан бири билан гаплашган эшикбегини Дуйсенбай чавақлатиб, гўштини итларига ташлатарди. Шунинг учун ҳамма гунгу лол, эл-юртини, бола-чақасини кўриш орзусида хаёл суришдан маҳрум эди. Улар соғиниш, қўмсаш, ҳижрон ва фироқ туйғуларини қўзғатувчи ҳислардан мосуво бўлгандилар. Улар ширин хаёлларни уйғотувчи туйғуларга берилгудек бўлсалар, қўлларидаги ишларидан айрилардилар. Алалоқибат бола-чақалари, ота-оналари оч қолиб кетарди… Шунинг учун ҳам улар эркаклик майлларини бир-бирлари орқали қондирадиган бўлиб қолгандилар. Улар бир вақтда ҳам эркаклик, ҳам аёллик вазифасини бажариб, бир-бирларидан уялмай-нетмай шимларини кўтариб кетаверардилар.

Бир-бирларини ялаб-юлқаб, бир-бирларига нозу фироқ этаётган опа-сингилларни кўрган эшикбегиларнинг шаҳватлари барқ уриб кетиб, иккалови қучоқлашиб қоравулхонага кириб кетди. Девор орқасида шуни кутиб турган Гулисипса дарҳол Тайсинни еталаб долонга ўтиб олди.

Бутун Қорасаройни кийим-боши билан кўрпанинг остига кириб олган изқувар мистер Куаронинг хурраги тутиб кетганди. Унинг ортидан соядек эргашиб юрадиган икки танқўриқчиси ҳам долонда телевизор кўриб ўтириб, курсида ухлаб қолган эдилар. Овқатларига қўшилган дори уларнинг чошгоҳгача тошдек қотиб ухлашларига етарли эди. Дорининг қолганини қаҳва билан ичган эшикбегилар ҳам, кўп ўтмай бир-бирларини қучоқлаб, қоравулхонада қип-яланғоч қотиб қолдилар. Опа-сингилларга юрагини олдириб қўйган Тарлон, ҳар доимгидек, қоронғи тушиши билан думини чотига қисиб қайсидир бир курсининг тагига кирганди. Ҳар кун шомдан кейин уйига кетадиган Мирзелимбай бугун атайлаб Қорасаройда қолганди. Яхшигина пул эвазига у Марҳабони эри ва уч ўғли билан Дуйсенистондан олиб чиқиш тадорикини кўрарди. Унда беш кимсани машинаси юкхонасига ортиб, ташқарига бемалол олиб чиқиш учун етарли имкон бор эди.  Қочоқларни Қозоғистондан чиқариб қўйишни бўйнига олган киракаш мижозларни Дуйсенистоннинг баланд деворлари остида кутмоқда эди.

Тайсин хонага кириб келганида, Тўрабика Житириқни ўлдиришади дея қаттиқ хавотирга тушиб, лабини тишлаб қонатиб юборди.

– Кераги йўқ! – дея у олдинга интилганди, Тайсиннинг орқасидан уриб кирган опа-сингиллар унга сўйлоқларини кўрсатиб, деворга сиқиб қўйдилар. – Майлига, биз асрликда ўлиб кетайлик, илтимос, Житириққа тегманглар!

– Фойдаси йўқ! – деди унинг билагидан ушлаган Баҳром. – Биз озод бўлсак-бўлмасак, бу иш энди амалга ошади. Бу жойда уларнинг ўзларининг манфаатлари бор.

Шу пайт ҳеч ким кутмаганда хонага бош боқон Тарлон уриб кирди. Собиқ бош боқон Тайсин унга ғазаб билан тикланган эди, у ётиб оёқларини кўтарди. Бу унинг таслим бўлганидан нишона эди. Териси суягига ёпишган Тайсин, “Қўлга тушдингми, ғирром” дегандай довруқ солиб ҳурган эди, Тарлон, “Менга кучантирадиган дори ичириб, тан-баданимга қалампир ишқашганди. Ихтиёрим ўзимда бўлмагач, охиригача уришишга мажбур бўлдим. Йўқса сен билан уришишга қандай ҳаддим сиғарди? Кечир мени, ўртоқ”, дегандай чингсаниб унинг оёқларини ялади.

Унинг ҳақиқатни тан олаётганини кўриб ғазабини босган Тайсин, “Энди фойдаси йўқ. Бу билан нима демоқчисан” дея,  талвос солиб ҳуриб юборди. Ўрнидан туриб Тайсиннинг оғзини ялаган Тарлон, “Мени ҳам гуруҳларингизга олинглар. Барча шартларингизга сўзсиз итоат этаман, фақат ҳар қандай шароитда ҳам бош боқонлик лавозими ўзимда қолса, менга шунинг ўзи етарли” дегандай, яна ялинганнамо жингсаниб, дум булғаб қўйди.

“Сенинг насли-насабинг олий-ку! Қаланғи-қасанғилар билан ўралашиб нима қилмоқчисан?” дея Тайсин ҳурганича унга писанда этди. “Насл-насабига ҳам, туянинг терисига ҳам тупурдим” дегандай ғалати вовуллаган Тарлон, яна ётиб, икки оёғини кўтариб, пешоб қилиб юборди. Тайсин уни ҳидлаб, ялаб-юлқаган эди, ўзининг кечирилганини билган Тарлон ирғиб туриб, опа-сингилларнинг орқа-олдини ҳидлаб, тўрт томонга ирғишлаб, ўзининг чексиз миннатдор бўлганини билдирди. Улар бир мушт бўлиб, бир ёқадан бош чиқаришга онт ичгач, мақсадлари сари бирга одимлайдиган бўлдилар.

(давоми бор)