Эврилиш

Эврилиш
60 views
15 January 2018 - 5:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

ЭВРИЛИШ

Қаҳратонда сени кўмдим қиш бўлиб,
оппоқ хаёлимни устингга ўртдинг.
Баҳор бўлдим — яшил орзуга тўлиқ,
уйғондинг ва сўнгра… оҳиста бўртдинг.

Ёз бўлиб яшнатдим. Ҳар бир жилвангдан
ўт бўлиб ёндилар не-не муз диллар.
…Хомуш қайтмоқдаман бугун мен жангдан —
куз бўлиб ўзгалар уздилар.

* * *

САФАР ТААССУРОТИ

Нечоғлик шод эдим,
термуларман деб
чорлоқлар ўлкасин шукуҳ-шонига.
Кўллар кўмилибди…
Келибман бугун
мовий қўшиқларнинг қабристонига.
Энди хотирада варанглайди ўқ,
тасаввурда қулар ойдинга[1] ғозлар.
Оққушлар
кўзларим ўнгидамас,
йўқ,
хаёлимда қилар кўкка парвозлар.
Бу қурбонлар учун
тошбағир замон
қайтмас кўрки билан товон тўлагай…
Кимнингдир кўзидан ёш оқар ҳамон,
кимнингдир оғзидан эса — сўлакай.

[1]     Ойдин (шева) — кўлларнинг ўртасидаги ўсимликсиз, очиқ сув майдони
(Муаллиф.)

(давоми бор)