Озодликсиз дин йўқ, диёнат йўқ, ҳамият йўқ, ор-номус йўқ

Озодликсиз дин йўқ, диёнат йўқ, ҳамият йўқ, ор-номус йўқ
105 views
16 January 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

44-қисм

Ўтган ойлар ичида бир марта ҳам юмилмаган кўзини бақрайтириб, қилт этмай шифтга термулиб, оғзини шалоқ қайчидек очиб ётган Житириқ шишиб, катакда боқилган курка каби семириб кетганди. Оғзига ҳар соатда сув томчилатиб турган Тўрабиканинг унинг қандай семираётганига ақли бовар этмасди. Ўтган вақт ичида у на бирор нарса еганди, на тариқдек бир нимани чиқитга чиқарганди. Баҳромнинг тўстувак кўтариб унинг орқасини пойлаганлари бекор кетган эди.

Чордоқсифат каравотидан тортиб уни пастга туширган собиқ чемпион билан бош боқон ҳаш-паш дегунча беморнинг тит-питини чиқариб, суягини суякка, чавоғини чавоққа ажратиб ташлади. Яна беш дақиқа ўтиб, дунёда қозоқнинг донғини тўрт иқлимга таратган енгилмас қаҳрамондан бир ҳовуч пар қолди, холос. Гулисипса уларни йиғиб-йиғиштириб, белидаги чиқиндихалтасига тиқаркан:

– Гўрсўхта эрим, бир этак баландли-пешли болаларим бор. Ўзинг сақла, Парвардигор. Мен ҳеч нимани кўрганим йўқ, Сен менга ҳеч нимани йиғиштириб, чиқиндихалтага тиқишни ҳам буюрмадинг! Қўлга тушиб, қамалиб кетсам, болаларимни ким боқади? Қозоқ-қозоқ қарсилдоқ, Бултур бердим бир улоқ, Қани менга қовурдоқ?!” – дея жаврашга тушди.

Қўлини бегуноҳ бир жониворнинг қонига бўяган жиноий гуруҳ, чакаги тинмаётган фаррошни эргаштириб,  хонадан чиқиб кетди. Хонада юз-кўзига кафтини босиб йиғлаётган Тўрабика билан лолу ҳайрон Баҳром қолди.

Ўтган тунда режаланган ишнинг биринчи босқичи кўнгилдагидан ҳам аъло даражада қиёмига етди. Асирликдаги оиланинг қочишга муваффақ бўлганини эшитган Марусия, гўё ўзи озод этилган қулдек, суюнганидан терисига сиғмасди. Житириқнинг азоб-уқубатдан қутулганини билиб, унинг руҳи чирқирамасин дея,  тўлғазиб икки стакан вино ичди. У ортиқ очлик эълон қилган билан биров унга эътибор ҳам бермаслигини аллақачон тушуниб етган, жиннилардек ўзидан-ўзи кулиб қўярди. Колбасадан газак этиб, даҳанида деярли тиши қолмагани сабаб, луқмасини икки лунжида айлантириб, ширин хаёлларга чўмарди. Ҳалигача унинг бу янглиғ суюнганини биров кўрмаганди. Ачинарлиси, изқувар мистер Куаронинг энг ишончи одамлари дея ҳисобланадиган икки хавфсизлик генералининг ва танқўриқчиларининг арзимаган ваъдаларга учиб, опа-сингиллар тарафига ўтганлари бўлди. Бу Дуйсенистон ҳокимияти жиловини норасмий жиҳатдан опа-сингиллар қўлга олди, дегани эди. Улар Марусиянинг айтган жойидан хазинани кавлаб олиб, ўзларича чексиз бир бахтга эришган эдилар. Гўё хориж банкларидаги милярдлари уларнинг бахтли бўлишларига камлик қилгандек эди. Кампирнинг бу ганжиналарни “қолганининг юздан бири” деётганига кўра, ҳали ер ости ақлга сиғдириб бўлмайдиган бойликларга лиқ тўла эди. Қолганини топиш учун собиқ бош боқон билан амалдаги бош боқон, қоидага кўра, Марусияни тирик тутиб ейишлари керак бўларди. Кампир қувлик қилиб, хазина ўрни кўрсатилган бир парча қоғозни қайси аъзосининг ичига яширганини айтмаган эди. Бу уни Тайсин билан Тарлон бир ёқдан майда-майдалаб ейишга мажбур деган маънони англатарди.

Тун яримидан кечганда Марусиянинг хонасига опа-сингиллар бошчилигидаги жиноий гуруҳ кириб келди. Уларни кўриб капалаги учган Бахшилло тоғорчани қўлтиғига қисиб, Марусиянинг каровати тагига уриб кетди. Кампир бутун кийимларини ечиб, уларни анчадан буён кутиб турганди. Унинг шижоатини кўрган собиқ бош боқон билан амалдаги бош боқон ўз-ўзидан ваҳимага тушиб, тайсаллаб қолди. Кампирнинг:

– Нимага қоққан қозиқдек туриб қолдиларинг! – деган овозини эшитгач эса улар бутунлай ўзларини йўқотиб қўйдилар.

Унинг қўққисидан момақалдироқдек гулдураган шиддатли овози опа-сингиллар – Батангул билан Сатангулни ҳам қаттиқ қўрқувга солди. Уни ҳеч қачон гапирмаган деб эшитган ва бир неча йил ўзи бунга гувоҳ бўлган Бахшиллонинг юраги тарс ёрилиб, шу ондаёқ жон таслим қилди.

– Бас, етар! – деди жаллодларнинг серрайиб қолганини кўрган Марусия. – Иккаланг икки оёғимнинг учидан ейишни бошланг! Бўладиган ишнинг тезроқ бўлгани яхши. Пайсалга солганни ёмон кўраман!

Тайсин билан Тарлон хоҳламаётган бўлса ҳам, ўз-ўзидан унинг оёқларига ёпишди. Уларнинг ихтиёри ўзларида эмас эди. Гўё кампир ичларига кириб олиб, уларни бошқараётганга ўхшарди.

Турган жойларида ваҳимадан совуқ ҳайкалдек қотиб қолган опа-сингиллар, “Нима учун оёқдан бошлаш керак? Кекирдагидан бўғизлаб, бўғиб ўлдирса ўзига осон бўлади-ку” деб ўйлаб турганларида, кампир уларнинг кўзларига тикилди. Ҳеч қачон унинг кўзларини кўрмаган опа-сингиллар Марусиянинг кўзларидаги аллақандай даҳшатни кўриб, қўрқиб кетганларидан чотларига сийиб юбордилар.

– Гўрсўхта эрим, бир этак баландли-пешли болаларим бор. Ўзинг сақла, Парвардигор. Мен ҳеч нимани кўрганим йўқ, Сен менга ҳеч нимани кўрсатмадинг! – дея тан-баданини ваража тута бошлаган Гулисипса, Батангул билан Сатангулнинг орқасини тозалаб, бир дақиқада белидаги чиқиндихалтасини икки марта тўлғазди. У айни пайтда Тайсин билан Тарлоннинг орқасига тўстувак тутишни ҳам унутмасди.

– Мен ўлишимдан аввал вужудимни жоним тарк этмаганини билмоқчиман! – деди Марусия. – Ҳали ҳам тирик эканимни, яшаётганимни ҳис этиб, томирларимда оққан қонимнинг қанчалар жўшқинлигини ўз кўзларим билан кўриш мен учун жуда ҳам муҳим. Мен оғриқни соғиндим. Тутқунлик, ўтган кунлардаги таҳқирлар мени хору зорликларга кўниктирмаган бўлса, демак, мен ҳали ҳам ор-номусимдан кечмаганман, ҳали ҳам Аллоҳ ато этган ҳурлик мени тарк этмаган. Юрагимда ҳамият, мағрур бир бандалик кайфияти кезаётганини мен шундан биламан. Улардан айрилган бўлсам, ейиш-ичиш учун ўзимни ўзим қул – мардикор қилган бўламан, ихтиёрим билан ўзимни ўзим кишанлаган бўламан. Ҳали ҳам тирик эканлигимни англаб, бахтиёр бир алфозда жон таслим қилишга муяссар бўлсам, менинг хазинам ҳам, ганжинам ҳам шу бўлади. Унинг олдига бошқа бир нарса билан боришдан ўзи асрасин, илоё! Мен шунчаки, оғриқсиз, тафаккурсиз бу дунёни тарк этишни хоҳламайман. Кимлардир тирикликларидаёқ ўлган бўладилар. Аммо буни ўзлари билмайдилар. Мен ҳеч қачон эркимни, ҳурлигимни сотиб, мол-дунёга, ҳурмат-эътиборга эришишни истамаганман. Бу ихтиёрий ўлим дегани, ахир. Озодлик, ялтоқлик эвазига берилган мол-дунёнинг, бахтиёрликнинг нақадар бир бадбахтлик эканлигини мен жуда эрта англадим. Шунинг учун ҳам мен одамлардан қочиб юрдим. Ўзларини бахтли деб юрган бечораларнинг нақадар бахтсизликларини кўришни истамадим. Уларнинг ёлғон-яшриқларини эшитишга менда на тоқат, на ихтиёр бор эди. Мен биргина Аллоҳнинг ёди билан яшадим. Унинг яратган мўъжизаларига маҳлиё бўлиш  менга тўғри яшаш бахтини берди. Фалакнинг ишларига гоҳ тушуниб, гоҳ тушунмаслик менга завқ бағишлаб келди. Ҳақиқий муҳаббатга эришмоқ учун ақлдан кечиш керак. Ақлдан кечиш учун ақл жоиз бўлади. Ақлинг бўлмаса, нимангдан кечасан? Муҳаббатга қандай етасан? Тафаккур этиш неъмати, шукроналик менга узоқ ва мазмунли умрни бахшида этди. Мен қуликка ҳеч қачон кўника олмайман. Чунки мен фикрлаш неъматига эгаман, қалбимда муҳаббатим бор. Ҳар кун Аллоҳнинг ёди билан янгиланиб турадиган идроким ҳеч кимнинг қўлларимга кишан солишига йўл бермайди. Мен учун озодликдан бошқа ашёда на мантиқ, на соадат бор. Озод инсонда ҳамма нарсаси бор. Озодлиги йўқ инсоннинг ҳеч нимаси йўқ. Озодликсиз дин йўқ, диёнат йўқ, ҳамият йўқ, ор-номус йўқ. Озодликсиз диёнат умрга хиёнатдир. Озодлиги йўқ бахт бахтиқароликдир. Озодлиги йўқ инсоннинг ўзини-ўзи алдаб, ўзини-ўзи авраб яшаши – фолбиннинг ўзига-ўзи ром очиб, йўқ нарсага ишонишидек бир гап. Худога ишонмаган одам ҳамма нарсага ишонади. Яратганни чин кўз билан танимаган банданинг мустақиллиги ҳам, тараққиёти ҳам ёлғондакамига бўлади. Сароб ичра сароб бўлмоқ қанчалар мантиқсиз, қанчалар…

У шундай дея биргина боши қолганда жон берди. У на оёқларидан айирилганда, на жигари билан юрагидан айрилганда бир марта бўлсин инграб қўймади, дод солмади, қони оқиб туриб ҳам фарёд этмади. У кулиб туриб сўйлади. Ёниб туриб, чин юрагидан сўйлади. Тириклигига ишонгани учун у жуда ҳам бахтиёр эди…

Тайсин билан Тарлон унинг бутун танасини еб, бўғзига етганларида Марусиянинг бўғзига тиқилиб қолган бир парча қоғоз чиқди. Қоғозда кавлаб олинган кечаги хазинанинг қолгани ўша ўранинг икки қулоч остида эканлиги ҳақида ёзилганди. Яна бир жойда учинчи бир хазина ҳам бўлиб, унгача қазиб олинган хазиналар унинг мингдан бирича ҳам эмаслиги ҳақида сўз борарди. Унинг калити изқувар мистер Куаро қиёфасига кирган Дуйсенбайнинг ичида бўлиб, уни топиш учун Дуйсенбайнинг суягини келида туйиб, гўштини қиймалаб чиқиш лозим бўларди…

– Гўрсўхта эрим бир этак баландли-пешли болаларим бор! – деди Марусиянинг кийимларини териб чиқиндихалтасига тиққан Гулисипса, шунда хуррак отиб ухлаётган Дуйсенбайни кўзлари олдига келтириб. – Ўзинг асра, Парвардигор! Мен ҳеч нимани кўрганим ҳам йўқ, эшитганим ҳам йўқ. Ҳалол хизматим ҳаққи, моянамни беришса бўлди. Қолгани менга керак эмас. Мен балодан қочаман, бало мени қувади. Художон, ўзбеклигим менинг айбим эмас-ку, ахир…

(давоми бор)