Ўғри қози бўладиган замонлар келди

Ўғри қози бўладиган замонлар келди
32 views
17 January 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

45-қисм

Ўн еттинчи боб

Мирзелимбай билан хайрлашган Баҳром киракашнинг соткасидан Нурлибекка қўнғироқ қилиб, Тўрабика иккалаларини кутиб олишни сўради. Орадан ўн дақиқа ўтмасдан овлоқ бир бекатда кутиб турган Нурлибек уларни олиб, машинасини тўғри уйига қараб ҳайдади. Баҳромнинг келишини эшитган Нурлибекнинг отаси билан онаси дастурхон ёзиб, уни кутиб турардилар.

Чол Баҳромни бағрига маҳкам босиб, уни алқади.

– Сендан отангнинг, боболарингнинг иси келади, ўғлим! – дея пешонасидан ўпиб, косасини тўлдирган кўз ёшларини сидирди.

Кампир ҳам йиғлаганча уни бағрига босди.

Улар дастурхоннинг атрофида давра олиб ўтиргач, чол дуога қўл очиб:

– Ўзбекларга ўтмишдаги сарвату саховатини, файзи-тароватини қайтар, туғишганларимни, жону жигарларимни дарбадарликлардан қутқар, бошларига чиқиб олган каззобнинг жазосини Ўзинг бер! – дея Аллоҳдан сўраб узоқ дуо қилди.

Тўрабиканинг кўзларига қаролмаётган Нурлибек бош эгиб юзига фотиҳа тортди. Бахшиллони эслаб, “Йигит ўлгур сатта азобларни берди. Хўп бўлди, ажаб бўлди” деяётган Тўрабиканинг ҳозир Нурлибек билан орасида бўлиб ўтган гапларни ўйлашга фурсати йўқ эди. У Бахшиллони ёзғираётганга ўхшаб кўринса ҳам, ич-ичидан унинг тўсатдан ўлиб қолганидан қаттиқ қайғурарди. “Нимага ўлади” деб ўйлар, унинг қандай сабаб билан ўлганига ақли етмасди.

– Дуйсенбай деганлари одам эмас, – деди гап-гапга қовушгач чол. – Нурлибекга юз марта айтдим, бориб Баҳромни кўрайлик. Рози бўлса, бизникида юрсин, ўша топадиганини биз берамиз, бўлмаса бошқа бир иш изла, деб. Эрта-индин деб шу пайтгача пайсалга солиб келди. Атай шундай қилганини билиб турипман. Булар давлат одами бўлгани билан, унга тишлари ўтмайди. Ўғри қози бўладиган замонлар келди. Умуман олганда, мен ҳам Қоракўлга қайтмоқчи бўлиб ўн йиллардан бери шайланаман-у, қани энди йўлга чиқолсам. Булар бизларга ўхшамайдилар. Мол-дунё бўлса бўлгани. Қўшниси ўлса, азага чиқмайдилар. Бир қараб қўйиб, ўз ишлари билан бўлиб кетаверадилар. Ота-боболармиз, хон бўлди деса, ишон, бек бўлди деса, ишон, қилиғи қолипди деса ишонма деганларидек, буларнинг дунёси бошқа, бизники бошқа. Кенжамни ўша ёққа ташлаб келганман, барибир бир кун кетаман. Мабодо ўлиб қолсам, ўша ёққа олиб бориб, кўминглар, деб васият қилганман. Менга бу ёқлар ёқмади!

– Мен иш излаб келмагандим! – дея Баҳром тарадудланди.

– Биламан! – деди чол. – Нурлибек кейин айтди. Ўзбекистонда қамалмаган одам қолдими ўзи? Шўринг қурғур, бахтиқаро ўзидан бошқа ҳаммани қамади. Яқинда эшитдим, ростми-ёлғон билмайман, қизини ҳам қамаб қўйипди эмиш. Бечора ўзбеклар ёмғирдан қутулиб дўлга учрадилар. Бунақанги мустақилликдан кўра халққа ўша эски тузум ҳам авло эди. Қонун-қоида деган нарсалар бор эди!

– Мен сизларни кўриб кетай деб атай кетмадим.  Шартномага кўра киракаш бизларни Ўзбекистоннинг чегарасидан ўтказиб қайтиши керак эди, – деди Баҳром. – Сизларни кўрдим. Соғ-саломат экансизлар, кўнглим таскин топди. Энди менга дуо беринг. Сўнгра Нурлибек бировни топиб, мени жўнатиб юборсин. Ўзимиз кета олмаймиз. Биласиз, бизларни бу ерларда бир қадам босишга ҳам қўйишмайди!

– Қайга кетасан?! – деди уни шу ерда қолади деб ўйлаган чол. – Борсанг, ушлаб қамашади-ку!

– Тошкентга бормайман! – деди Баҳром. – Мана бу синглим билан Жиззахга ўтиб, бир-икки кун нима гап, нима сўз, ён-атрофда туриб аҳволни ўрганаман. Кейин вазиятга қараб бир қарорга келарман!

– Бешбармоқ пишсин, еб кейин кетасан! – деди унинг фикри қаътийлигини англаган чол. – Нурлибек айтган жойинггача олиб бориб, сизларни жўнатиб қайтади. Манзилга етиб боргач, менга қўнғироқ қилиб, соғ-омон етиб борганингни билдириб қўй. Мен хавотир олиб, ич-этимни еб юрмай. Жуда инжиқман, эшитган бўлсанг керак?!

– Ҳали тонг оқармади. Овқатнинг ҳожати йўқ! – деди ўзини ўнғайсиз сезган Баҳром. – Нурлибекнинг бориши шарт эмас. Мингта иши бор. Бирор ишончли одами бўлса, олиб бориб чегарадан ўтказиб қўйса, бўлди. Етиб боргач, сизга қўнғироқ қилиб билдириб қўяман.

– Нурлибекнинг иши бир кун тўхтаса осмон узилиб ерга тушмайди. Ўзи олиб бориб қўймаса, мен тинчимайман! – деди чол. – Қолсанг яхши бўларди. Бир қўйни сўйиб, иккаламиз бир ҳафта есак, шунда дийдорингга тўярдим, болам. Ёнбошлашиб қадимгилардан гурунг этардик. Саҳарлари жойнамоз устида биллалашиб ота-боболаримизни эслаб дуолар қилардик. Мен ҳам ўтсам, излар кўмиладиганга ўхшаб турипди. Подшоларнинг феъли-хўйи шу бўлса, ота боласини кўролмайдиган кунлар ҳам етиб келади бир кун!

Нурлибек чошгоҳдан ўтганда Баҳром билан Тўрабикани Жиззахнинг чегарасига етказди. Уни олдинда ва орқада икки машина кузатиб борди. Қозоқ чегарачилари уни чест бериб кутиб олдилар.

У Баҳром билан Тўрабикани назорат постининг бошлиғига топширар экан:

– Ўзбекистоннинг чегарасидан ўтказиб, ортингга қайтиб келмагунингча кутиб тураман! – деди. – Баҳром чегарадан ул-бул олиб ўтадиган бўлса, ёрдам берасан. Шунинг учун ўзбекларнинг чегара пости бошлиғи билан иккаласини таништириб қўй.

У кела-келгунча Қозоғистондан Жиззахнинг бозорларига контрабанда йўли билан кийим-кечак олиб ўтилишини, бозордаги савдогарларнинг бир-иккиси билан келишиб, юкларини чегарадан олиб ўтиб бериб турса, яхшигина пул бўлишини айтганди.

Нурлибек қучоқлашиб хайрлашар экан, Баҳромнинг чўнтагига бир даста пул тиқди. Чўнтагидан олиб, бу пулларнинг нуқул долларлар эканлигини кўрган Баҳром уялиб кетиб:

– Нима кераги бор, дўстим? – деди. – Йўқ десам ҳам, қўярда-қўймай чол ҳам чўнтагимга бир даста пул тиқди. Шунинг ўзи етиб ортади. Ортиғига менда эҳтиёж йўқ.

– Қўлимни қайтарсанг хафа бўламан! – деди Нурлибек. – Отам бошқа, мен бошқа. Наҳотки, қўлимдан келган ёрдамни ҳам бера олмасам. Сенда телефон рақамларим бор. Қачон зарур бўлсам, дарров қўнғироқ қил. Кеча-кундуз, вақт-бевақт деб тайсалланиб ўтирма. Айтган жойингга узоғи билан бир ярим-икки соатда етиб бораман…

Чегара чизиқларини кесиб Ўзбекистон томонга ўтган Баҳромнинг кўзлари олдида табаррук бир тупроқ ястаниб ётарди. У барча Турон мусофирлари каби Туроннинг бир парчаси эди. У ҳам Туроннинг туғди-битти фарзанди бўла туриб, у ҳам Туронда мусофир эди. Унинг аҳволи ҳам Баҳром билан Тўрабиканикидан яхши эмасди. Уни ҳам оппоқ пахта воситасида хорлагандилар, таҳқирлагандилар. У бол тўла мева-чевалар етиштириш ўрнига қон, заққум-зардоб қусиб ётарди… Баҳром барчасини кўзлари олдига очиқ-ойдин келтирар экан, бўғзига нимадир тиқилиб келди. Шу бир лаҳзада унинг кўзлари олдидан нималар ўтмади. Бир лаҳза соатларга тенг бўлди…

…У шу бир лаҳзада Қорасаройда пайдо бўлиб қолганди. Кийимлари устидан кўрпа тортиб ухлаётган Дуйсенбайнинг суратига кирган изқувар мистер Куаро бутун бинони хуррак отиб қоматга келтирарди. Ер қаъридан келаётганга ўхшаш бир товуш қандилларни силкитиб, жавонларни ларзага соларди. Токчалардаги буюмларга жон кирган каби турган жойларида қилпанглаб рақсга тушардилар.

Шунда хазиналар кавлаб олинган ўрадан “Ўлим” поезди чиқиб, Қорасаройга кириб келди.

– “Пахтакор” бекати! – деди хуррак отаётган мистер Куаро. – Бу ердан “Дуйсенистон” йўлининг “Алишер Навоий” бекатига ўтилади. Вагондан чиқаётганларингизда буюмларингизни унутманг. Шубҳали буюмларни кўрганингизда метрополитен ходимларига хабар беринг. Огоҳ бўлинг!

Поездлардан ҳеч ким чиқмади. Опа-сингил – Батангул билан Сатангул мистер Куарони каравоти билан кўтариб, биринчи вагонга олиб кириб қўйдилар. Сўнгра:

– Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилади! – деган овози янгради. – Кейинги бекат “Мустақиллик майдони”. Ҳурматли йўловчилар, ёш болали, ногирон ва ёши катта йўловчиларга жой беринг! “Озодлик” бекатига борадиган йўллар ёпилган. Кўп чиранманг, фойдаси йўқ…

– Бақрайиб қараб тураверасизларми? – деган Гулисипса, жон аччиғида чинқириб юборди. – Суяги келида туюлган жонивор, сизга бизга ўхшаган бир одам-ку, ҳайвон эмас-ку ахир… Вой, ўлмасам, нималар бўлаяпти?! Гўрсўхта эрим, бир этак баландли-пешли болаларим бор. Ўзинг сақла, Парвардигор. Мен ҳеч нимани кўрганим йўқ, Сен менга ҳеч нимани кўрсатмадинг!…

– Нима дейишга ҳам ҳайронман! – деган Тўрабикка ҳайратдан ёқа ушлаб қолганди. – Айтсам, барибир ишонмайсиз…

– Яхшиси, айтмай қўяқол! – деди ҳаммасидан хабардор Баҳром. – Одамнинг дилини хира қилмайдиган нарсалар хусусида гаплашайлик…

2014 йил.

Тугади.