Мухолифат сайтида босилган МХХ зобитлари рўйхати – МХХнинг рамзий люстрациясидир

Мухолифат сайтида босилган МХХ зобитлари рўйхати – МХХнинг рамзий люстрациясидир
34 views
16 January 2018 - 22:24

Охирги 4-5 кун давомида Фейсбук тармоғи орқали uzxalqharakati.com сайти Ўзбекистон МХХ ходимларининг исм-шарифлари келтирилган рўйхатни эълон қилиб бормоқда.

Табиий ушбу рўйхатга муносабатлар турлича. Ижобий, салбий, ишончсизлик ва бошқа хил фикрларни ўқиб борарканман бизга, яъни ўзбек жамиятига, кенгроқ олиб гапирсам, халқимизга мана шу “рўйхат” керакми, дея ўйланиб қолдим.

Номма-ном келтирилган исмларни ўқиб борар эканман, хаёлларим мени яна ўтмишимга, бошимизга тушган “қора кунлар”га кайтарди…

16 февраль 1999 йил. Бу сана ҳар бир ўзбекистонликни ёқимсиз ва нафратли бир туйғуга етаклайди. Чунки айнан ушбу сана ИАК ҳукумати томонидан ўзбек халқининг “энг ақлли, энг заковатли, энг адолатпарвар ва Ҳакни севувчи” қатламига ва уларнинг авлодию – ҳамқадамларига қаратилган шафқатсиз уруш эди.

Ҳа, айнан уруш!

Халқимизнинг, миллатимизнинг асл ўғлонларини йўқ қилиниши бу ҳақиқий УРУШ эди.

Ушбу урушнинг идеологи бўлмиш диктатор ИАКнинг жаллодларидан бири эса, асосий жаллод десак ҳам тўғри бўлар, айнан Рустам Иноятов бошчилигидаги МХХдир.

Коммунизмнинг шафқатсиз ва зулмкор системасини аъло даражада ўзлаштирган бир неча ўн КГБчилар ўзларининг бор “маҳоратларини” собиқ совет даврида синаб, мустақиллик даврига ўз вазифаларининг “етук” мутахассиси бўлиб етишдилар ва табиий бу йиллар давомида КГБ, НКВД соҳасида малака оширган жаллодлар ўз тажрибаларини “мустақиллик фарзандлари” га ўргатдилар.

Ушбу тажрибани тўлақонли эгаллаб, профессионал қотил, золим, ваҳший, одамхўр бўлиб етишиш учун эса айнан “16 февраль воқеалари” уюштирилганди.

Бунда ўзбекнинг асл ўҳлонлари устида инсон тасаввурига сиғдириши қийин бўлган қийноқ ва тазйиқларнинг даҳшатли усуллари синалди.

Минг афсуски бу жирканч усуллардан жуда кўплар омон чиқолмадилар…

Хуллас менинг яқинларимни ҳатто тушига ҳам кирмаган “терроризм” бизнинг оиламиз бошига ҳам етди. Акам Искандар, ота-онам, катта акам Санжар ва унинг оиласи, мен ва Искандар акамнинг оиласи МХХнинг асл башарасини ва улар қанчалар тубанлик даражасига етиб боришлари мумкинлиги гувоҳи бўлдик. Биз бу вахшийликларни ўз кўзимиз билан кўрдик!

Ўзларини МХХда ишлашларидан, қийноқлар қўллашларидан, бегуноҳ инсонларга тухмат қилишларидан фахрланиб юрадиган ифлос кимсаларнинг бир кун келиб асл башаралари очилишига биз ишонардик.

 

8 ой… Мени акам 8 ой МХХнинг чидаб бўлмас қийноқларини барчасини бошидан ўтказди. 8 ой яқинларидан қаердалиги яширилиб, қидирувда деган важ билан ота-онамни ногиронга айлантиришгани, акам адвокатсиз, адолатсиз, шафқатсиз равишда МХХ ертўласида токи ўлимга ҳукм қилингунига қадар ушлаб турилгани, терговчини катта бир жиноятни “фош” қилганлигидан тинимсиз ишшайиб, устимиздан ғалаба қозонгандек қараб туришлари, адамларни инфаркт даражасига етгунларича қийноққа солганликлари, уйимиздан ўз оёғи билан юриб чиқиб кетган ота-онам, Санжар акамларни МХХ қийноқларидан сўнг бир хафтадан кейин ТошМИ- 2 нинг жонлантириш бўлимларидан топганликларим…

Бу даҳшатли кунларни ҳозир эсласам юрагим орқага тортиб кетади.

Бировга айтсангиз ишонмайди, қўрқинчли бир фильм деб ўйлайди.

Лекин бу ҳақиқат!

Айнан МХХнинг асл ҳақиқати! Мени оилам бу ифлос тузилма содир этган жиноятларнинг мингдан бири.

Бизданда оғиррок кунларни, яқинларни бедарак йўқотилган, ўлдирилган инсонлар кўрганлар.

Мен насиб бўлса бу дунёда ўз халқини ваҳшийларча қирган бу малъунлар Халқаро Суд трибуналларида албатта жавоб берадилар, деб ишонаман.

Насиб бўлмаса Оллҳ гувоҳ икки дунё лаънати ва азобини сўраб, қиёматда энг оғир жазоларни Яратгандан сўрайман. Шу сабаб буларнинг ҳар бирини номларини унутган эмасман, ҳар бир МХХ ҳужжатини сақлаб қўйганман.

Мана мен кутаётган кунлар кела бошлади.

Мухолифат сайти чиқараётган бу рўйхат АЙНИ ҲАҚИҚАТДИР!

Бу рўйхатдаги исмлар ёлғон эмас!

Ва бу чин маънода ИАК ҳокимиятининг пойдевори бўлмиш МХХнинг рамзий ЛЮСТРАЦИЯси бўлди!

Ушбу рўйхатда биз оиламиз бошига дарду-ғамларни солган золимларни исм-шарифларини кўрдик. Балки бошқалар ҳам ўзлари таниган малъунларнинг номларини кўришгандир.

Бу рўйхатни тўхтатмаслик керак!

Ҳар бир ўз халқини, ватанини севадиган инсон бу йиртқичларни таг-томири билан МХХ деган тузилмаси билан биргаликда ЛЮСТРАЦИЯ қилинишини президентдан талаб қилиши лозим!

Булар халқимизни, ойдинларимизни қирдилар! Энди бу разилларнинг ўзларини йўкотиш пайти келди!

Биз уларни халқимизга танитишимиз ва бу золимларнинг ваҳшийликларини гапириб беришимиз керак.

Мен МХХ дан зиён кўрган ҳар бир ватандошимиздан буларнинг исм-шарифлари билан бирга ҳақиқий башараларини очишларини сўрайман. Зеро айнан ушбу МХХ рўйхатидаги нокаслар – Халқ Душманидирлар!!!

Дилобар Эркинзода

facebook.com