16 январ – талабалар шаҳарчасидаги исён бостирилган кун

16 январ – талабалар шаҳарчасидаги исён бостирилган кун
54 views
17 January 2018 - 9:47

1992 йилнинг 16 январида Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида стихияли намойиш Ислом Каримов буйруғи билан шафқатсиз бостирилган эди.

Исён бостирилгач, ётоқхона балконидаги талаба шиор билан

Шу куни мен одатдагидек ҳамкасбим Муҳаммад Бекжон билан бирга «Эрк» газетасини верстка қилаётган эдик… Газетанинг шу кунги сони мутлақо бошқа фотосуратлар ва материаллар билан босилишини ҳаёлимга ҳам келтирмаган эдим.

Расмий маълумотларга кўра, қўзғолонни тарқатиш чоғи икки нафар талаба ҳалок бўлган, ўнлаб намойишчилар яраланган.

Бироқ, ўша куни газетамиз фотографи Абдуғанининг авзойини, унинг юзидаги қўрқинчли титроқни кўрибоқ, воқеа кўлами анча катта эканини тасаввур қилдим.

Гарчи талабаларнинг чиқишига нон ва бошқа озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши сабаб бўлгани айтилсада, бу воқеага мамлакатда демократиянинг таназзули бошланган нуқта дея баҳо бериш мумкин.

Сиёсий фаолият ўчоғининг тугатилиши

16 январ намойишидан видеокадр.

16 январ воқеасигача, Тошкентдаги талабалар шаҳарчаси мамлакат ёшларининг сиёсий фаолиятини белгиловчи норасмий марказ вазифасини бажариб келаётган эди.

1988 йили бошланган норасмий ҳаракатлар – ўзбек тилига давлат мақомини бериш, мустақиллик учун намойишлар; парламент ва президент сайловларидаги оммавий фаолликни бунга мисол келтириш мумкин.

Қайта қуриш тўлқинида болтиқбўйи мамлакатларида бошланган мустақиллик учун кураш тўлқини бу пайтда Тошкентга етиб келган.

1987 йили талабалар шаҳарчаси ётоқхонасида уч-тўрт ҳамфикр курсдошлар ғояси ўлароқ тузганимимиз «Ўзбекистон Эркин ёшлари» ҳаракати тезгина бутун талабалар шаҳарчаси бўйлаб кенгайди.

Уюшма низоми узоқ яқин бошқа ўқув юртлари бўйлаб яшиндай тарқала бошлаганини кўпчилик сафдошларим бугун ҳам эслайди.

Кейинчалик бу ҳаракат мамлакатдаги демократик мухолифат – яъни «Бирлик» ва «Эрк»нинг асосий таянч кучига айланди.

Шу боис, талабаларнинг 1992 йилги исёни ҳукуматнинг улардан, кейин эса мамлакатдаги мухолифатдан биратўла қутилишига баҳона бўлиб хизмат қилди.

Воқеадан сўнг, Тошкентдаги талабалар зудлик билан режадан ташқари таътилга чиқарилди, вилоятлардан келиб ўқиётган талабалар эса автобусларга солиб пойтахтдан олиб кетилди;

Талабаларни пойтахтга қайтармаслик чоралари

17 январ куни вилоят талабалари автобусларда «мажбурий таътилга» жўнатилди

Айни воқеадан сўнг, Каримов ҳукумати тузган комиссия, вилоятлардаги талабаларни пойтахтга қайтмаслик чораларини кўра бошлади;

Бунинг Олий ўқув юртларининг барча вилоятларда филиаллари ташкил этилди;

Тошкентга вилоятлардан келиб ўқиш квоталари кескин қисқартирилди.

Сиёсий фаолият ўчоғи саналган ТошДУ журналистика кафедраси, «талабалар шаҳарчаси»дан анча узоқда жойлашган, эски ҳуқуқшунослик кафедраси ўрнига кўчирилди, ҳуқуқшунослик кафедраси эса бутунлай тугатилди.

Вилоятларда, илмий мутахассислар, профессор домлаларнинг йўқлиги, олий таълим сифатининг пасайиши каби муаммолар ҳеч кимни ўйлантирмади.

Талабалар шаҳарчасидаги Олий ўқув юртлари ва ётоқхоналар атрофига баланд панжаралар пайдо бўлди.

Кейинги ўзгаришлар эса демократик қадриятлардан бирин-кектин юз ўгириш билан давом этди.

Қудрат Бобожон

Манба: Eltuz.com