“Ўзбекистон ҳаво йўлларини ўз ҳисобимизга боқяпмиз”

“Ўзбекистон ҳаво йўлларини ўз ҳисобимизга боқяпмиз”
66 views
17 January 2018 - 16:24

Ўзбекистон Давлат туризм қўмитасининг раиси Азиз Абдуҳакимовнинг “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни ҳимоя қилиш чақириғи интернетда қизғин баҳсларга сабаб бўлди.

Абдуҳакимов душанба куни ўтказган матбуот анжуманида вазиятни тўла ўрганмасдан Ўзбекистон ички бозорини хорижий авиаташувчиларга очиб бериш “Ҳаво йўллари”нинг касод бўлишига етаклашини айтганди.

Унинг айтишича, жорий йилда кўпроқ халқаро авиакомпанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш режаларидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” хавотирга тушган.

Ўзининг Фейсбук саҳифасида Газета.уз нашрининг махсус мухбири Никита Макаренко миллий авиаташувчининг ҳимоя қилинаётганидан норози эканини ёзди.

“Миллий авиакомпания билан хорижга учиш – дабдаба. Мана миллий авиакомпания Барселонага тўғридан-тўғри рейсни 825 доллар этиб белгилаган (бошқа маълумотларга кўра, 646 доллар ёки ҳатто 571 доллар). Раҳмат, лекин бу ҳаддан ошиш дегани. Бизга бундай мўъжизанинг нима кераги бор? Давлат туризм қўмитаси раиси айтяпти: “Бозорга бошқа компанияларни киритсак, миллий авиакомпанияни йўқотамиз”.

Макаренкога кўра, муҳими мижозларнинг арзон нарх билан уча олишидир.

“Менинг саволим – хўш, йўқотсак, нима бўлибди? Ҳозир биз бу монополистни ўз ҳисобимизга боқяпмиз. Биз бу қиммат чипталарни олишга мажбурмиз, чунки бошқаси йўқ. Уни қаранг, агар рақобатбардош нархларда чипта сотмаса, касодга учрармиш”, – дея давом эттиради Макаренко.

“Мана, бизда миллий авиакомпания мавжуд бўлиши учун биз арзон учиш имкониятидан мосуво қилинганмиз. Унда эркин бозор нима бўлади? Демонополизация?”

Абдуҳакимов ўз чиқишида Қирғизистон ва Арманистон ўз ички бозорига ташқи авиа ташувчиларни киритиши ортидан миллий авиакомпанияларини йўқотганини таъкидлаганди.

“Хўп, йўқотишибди. “Бишкек-Истамбул” рейси Pegasus ёки Turkish airlines орқали 370-400 доллар туради. “Ўзбекистон ҳаво йўллари”да “Тошкент-Истамбул” – 440 доллар. Air Manas Бишкекдан Москвага 251 долларга учади, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” эса Тошкентдан Москвага – 335 доллар”, – дея қарши фикр билдирган журналист.

У, шунингдек, Қозоғистонда Wizzair Астана-Будапешт рейсини 60 еврога сотаётганига ҳам ишора қилган ва миллий авикомпаниянинг сунъий равишда ушлаб турилганини айтган.

Макаренко пости остида шарҳ қолдирганларнинг аксари унинг фикрини қўллаб-қувватлаган.

“Агар миллий авиакомпания нарх ва сифати бўйича бошқа компаниялар билан рақобат қила олса, уни йўқотмаймиз. Ҳатто янаям севиб қоламиз. Бунга мисоллар кўп, AirAstana, Aeroflot ва ҳоказо”, – дейди бир шарҳловчи.

“1. Агар биз ЎҲЙни йўқотсак, ўн минглаб фуқароларимиз ишини йўқотади.

2. Агар биз ЎҲЙни йўқотсак, бор активларни қаёққа қўямиз? Самолётлар, техника ва ҳоказо.

3. Агар биз ЎҲЙни йўқотсак, биз авиация соҳасида учинчи шахсларга тобе бўлиб қоламиз.

4. Агар биз ЎҲЙни йўқотсак, парвозларнинг хавфсизлиги ва сифатини таъминлай олмаймиз.

Аммо, буларнинг ҳеч бири бизнинг авиакомпания ҳеч қандай рақобатга бардош бера олмайди деган тезисни оқламайди. У зудлик билан тубдан ислоҳ қилиниши керак”, – дейди бошқа шарҳловчи.

Манба: BBCUZBEK.COM