Қуръон мусобақаси ўтказилгани яхши, аммо…

Қуръон мусобақаси ўтказилгани яхши, аммо…
158 views
18 January 2018 - 7:00

Бобом (Аллоҳ раҳмат қилсин) дин учун жуда ҳам қайғурадиган, ғайратли, виждонли, ўта салобатли инсон эдилар. Намозларга бирга олиб чиқар эдилар. У вақтлар динни аҳамиятини тушунмаганмиз. Ўлимларидан сўнг, Қуръон ўқишга қаттиқ муҳаббат уйғонган. Қариндошлар йиғилиб, юмалоқ доира қилиб, навбати билан Қуръон ўқир эдик. Уларни ичида Қуръонни жуда тартил ва қироат билан ўқийдиганларини кўриб, менда ҳам шундай ўқиш истаги туғилган. Аммамни ўғилларига “Тийн” сурасини қоғозга ёзиб беришини илтимос қилганман. Тезда ёзиб берганлар. Ана ўша куни “Тийн” сурасини такрорлаб, уҳлагани ётдим. Кимгадир балки эриш туюлар. Аммо ўша тун, тушимда ёд олганман. Кечаси билан тушимда такрорлаб, эрталаб шариллатиб ўқий бошлаганман. Жуда ширин дамлар эди…

Қуръонга муҳаббат кўп қорилар ва аҳли илмларни эшигини тақиллатишга мажбур қилди. Барчаларидан бирдек рад жавобини олавердим. Кейин Аллоҳни марҳамати билан устоз топиб, Қуръон ёдлашни бошладик. Жуда катта машаққатлар ва қийинчиликлар билан қатнардик. Доим ўқиш жойини ўзгартириш, бир-қанча муддат Қуръон ёдлашни тўҳтатиш эвазига ёдлашда давом этардик. Ёзги каникул вақтида ҳужрада турганмиз. Ҳужрага устозимиз ярим кечада, ёки саҳарда келар эдилар. “Тинчлигимиз посбонлари” ни саъй ҳаракатлари билан ҳужралар тарқатилиб, устозимиз жаримага, биз эса тушунтириш ҳати ёзиб, ота-онамиз сазойи қилинган эдилар ўшан-да. Бошқа ҳужраларда таълим берган устозларимиз беш йилга қамалиб кетишди. Қориликка ўқиётган йигитлардан бир қанчалари тазйиқлардан ўқишни ташлаб юборишди.

2005- йил ваҳималаридан сўнг, назорат янада кучайиб кетди. Бир муддат ўқишни тўҳтатдик. Кейин яна бошладик ўқишни. Ўша вақтлар дарс топшириш учун бомдоддан уч соат аввал туриб, бир соат дарс такрорлаб, қишни совуқ кунида бир соат пиёда йўл босиб, устозникига бомдоддан аввал борардик. Бомдодгача дарсни топшириб, бомдодни ўқиб, яна бир соатлик йўлни пиёда босиб, уйга келардик. Ҳар куним мана шундай таҳликали ўтарди. Ўша вақтлар коммунизмда яшагандай ҳис қилганман ўзимни.

Хуллас, ҳужраларда кўп йигитлар ит азобида қори бўлишди. Қўрқиб, яшириниб, Аллоҳни каломини ёдлашди. Озгина саводи чиқиб, масжидларда қироатлари чиройли бўлиб қолган йигитчаларга ёшлар ҳам қизиқиб, илм оламан деса имкон бўлмас эди. Қанчадан-қанча ёшлар Аллоҳни танимай, илм олмай, тўғрироғи илм олгани имкон топа олмай катта бўлишди. У даврдаги ваҳималар, қама-қамаларни барчамиз яхши биламиз.

Бугун эса Қуръон мусобақаси ўтказиляпти. Ҳужралардаги устозларни қамаб, шогиртларни юрагини бездирган кунларга ҳали кўп бўлмади. Ҳужраларда таълим олганларни телевизорга олиб чиқиб сазойи қилганлар, “ҳужрадаги хатар” каби гапларни гапирганлар, қориларга устозлик қилиб, халқ ичида “қори заводи” деган ном олган инсонларга зулм қилганлар, бугун мусобақа ўтказишяпти.

Кечагина тўй-маъракаларда, масжидларда қироат қилган қориларни тавбасига таянтириб, бугун минбарни бериб қуръон ўқиттириб роҳатланишяпти.

Беш мингдан ошиқ қорию-қориялар рўйҳатдан ўтибди. Энг камида тўрт ярим минги қонунни бузган, ҳужраларда таълим олган, чала муллаларда савод чиқарган қорилар. Расмийлар ўзини олиб қочган-да, жонини хатарга қўйиб, чала муллалик қилган устозлар беш минг шогирд етиштирибди.

Қуръон мусобақаси ўтказилгани яхши. Аммо ишчи тайёрлашдан аввал, иш жойи яратилади ва ўша иш жойига вакансия эълон қилинади. Ҳудди шу каби аввал мадрасалар, Қуръон ёдлаш курслари – сўнг мусобақа ўтказилса мантиққа тўғри келади.

Беш мингдан зиёд қорилар 18 ёшдан бошламаган. Аксинча, 18 ёшгача тугатган қориликни.

Вақтида динни тўсишмаган-да, қориларга шароит яратилган-да, бугун ўттиз уч миллионлик халқимиздан беш минг қори чиққанини эмас, бир неча юз минглаб қорилар борлигини айтиб, фаҳрланиб юрардик.

Маълумот учун: Ҳиндистонни икки юз минг одам яшайдиган қишлоғида етти-саккиз мингта, Бангладешни кичик бир шаҳрида беш-олти мингта қорилар бор. Ҳиндистон ва Бангладешнинг осмони бизники каби мусаффо.

Қисқаси, машшоқларники каби йўл тутилса мақсадга мувофиқ бўларди. Машшоқ чиқаришдан аввал мусиқа мактаблари, консерваториялар, мусиқага иҳтисослашган коллежлар қурилган. Ана ундан кейин турли-туман кўринишда машшоқлар ўртасида тинимсиз мусобақалар ўтказилиб келиняпти токи бугунги кунга қадар.

Мактабларда диний таълимни йўлга қўйиш, масжидлар қошида қуръон ўргатиш курсларини ишга тушириш (ёшидан қатъий назар), болаларга (президент тинимсиз такрорлагани каби) Имом Буҳорий, Термизийлар каби бўлиш учун аввало диний таълим, сўнг қолганларини ўқитишимиз керак.

Эйфориа вақтида мени овозим йўқ бўлиб кетишини биламан. Шундай бўлса ҳам шахсий фикримни билдириб қўявердим.

Саййид Ислом

facebook.com