Дунёнинг ишлари

Дунёнинг ишлари
60 views
19 January 2018 - 5:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

ХАЗИЛ ЭМАС

Ана, оқ тут қоқаётирлар,
Оппоқ тутга тўла ҳаммаёқ.
Одамлар тут емоқда тўйиб,
Дарахт тўйиб емоқда… таёқ.

* * *

ДУНЁНИНГ ИШЛАРИ

Анор гуллаганди чўғдек қип-қизил,
Бахш этиб дилларга сўнмас бир фараҳ…
Афтидан, шу гул деб аллақайдадир
Бир булбул тинимсиз қиларди чаҳ-чаҳ.

Чирқилларди чўчиб, келолмай яқин,
Кўҳна ишқ достонин қайта тўқирди.
Аммо… қўрқмай-нетмай бир сурбет чумчуқ
У гулни бемалол чўқирди.

* * *

ОҒРИҚ

Дейлик,
қўли кесиб ташланган одам
йўқ қўл зирқирашин ҳис қилар эмиш.
Севгилим,
мен сени соғиндим қаттиқ.
Азоб чекмакдаман.
Оғрияпсанми?

(давоми бор)