Ватанни қандай сотиш мумкин?

Ватанни қандай сотиш мумкин?
107 views
21 January 2018 - 10:00

Ватанни қандай сотиш мумкин? Бунинг йўл-йўриғини мухолифатдан эмас, террорчилардан ҳам эмас… айнан ҳокимиятдагилардан сўраш керак. Ватанни фақат ваколатли шахсларгина исташса чаканасига, исташса кўтарасига сота олади…

Академик Азиз Қаюмовнинг Тошкент шаҳар ҳокимига очиқ хатини ўқиб юрагим оғриди. Адабиёт музейи биносининг кир ювувчиларга хусусийлаштириб бериб юборилган қисмида Алишер Навоийнинг ижодий мероси акс этган экспозициялар жойлашган, бино деворига ўз даврида машҳур рассом Чингиз Аҳмаров ҳамда Темур Саъдуллаев томонидан деворий расм ишланган экан.

Тасаввур қилинг, Алишер Навоийнинг экспозициялар залида, деворига тарихий суратлар – санъат асарлари ишланган бинода кир ювиш (майли, кимёвий усулда бўлса ҳам) билан шуғулланилади. Бу адабиётимизга, санъатимизга, миллий меросимизга ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас.

Маҳаллий ҳокимиятлардаги чаласаводлар, жиғилдон бандалари, ўз номи билан айтсак, ватанфурушлар, миллатфурушларнинг касофати билан бутун юртимиз бўйлаб қанчадан-қанча тарихий ёдгорликларимиз йўқ бўлиб кетган. Собиқ Иттифоқ даврини айтмаяпман. Айнан мустақиллик йилларида. Қадимий тепаликлар экин майдонига айлантириб юборилди. Кўҳна битиктошлар кимларнингдир иморатига пойдевор бўлиб кетди.

Ўзбек халқи миллий меросини йўқотишда ҳеч бир мустамлакачи ўзбек халқининг ўзичалик, ўзининг бефаросат фарзандларичалик жонбозлик кўрсата олмаган бўлса керак.

Фаррух Жабборов

facebook.com