Уят

Уят
27 views
21 January 2018 - 23:33

УЯТ

Бугун пешиндан то шомгача адабиёт оламининг тирик тарихи, “китоб жинниси”, маълумотлар қомуси Мурод Хидир уйида тўрт-беш ёзувчи, адабиётшунос олим, бир-икки шоир укаларимиз тўпланиб суҳбат қурдик.

Адабиёт, тарих, Туркистон мухторияти, Қўқонда дашноқлар ваҳшийлиги, жадидлар, Сталин қатағонлари, сотқин ёзувчи-шоирлар, Қайта қуриш даври, сўнгги чорак асрда мамлакатга Ислом Каримов сиёсатидан етган моддий ва маънавий зарар, халқимизнинг қулдай мутелиги илдизлари… қўйингки, Яқин ва Ўрта Шарқ муаммоларидан тортиб, куни кеча автобусда тириклай ёниб кетган 52 ўғлонимиз қисматигача гаплашдик.

Асрлардан бери тортиб келаётган кўргиликларимиз сабабини ўзимизча изладик. Ҳолимизга айримларимиз “Чинакамига миллат бўлиб шаклланмаганмиз!” деб ташҳис қўйди. Инглизларни, туркларни мисол қилдик. Тарихдан ўрнаклар келтирдик. Солиштирдик.

Бу фикрга қўшилганлар бўлди, қўшилмаганлар бўлди.

Тарқалдик.

Уйга келдим. Фб.ни очдим. Биринчи кўрган нарсам Масковдаги ватандошлар бошқа турк қардошлар билан бирга 52 ўзбек фожиаси муносабати билан Ўзбекистон элчихонасига боргани, дарвозага гуллар қўйгани, дуолар қилгани ҳақидаги видеолавҳа бўлди.

Ажабки, тўпланганлар ҳузурига элчи тугул, биронта вакил чиқмади!

Дарвоза ҳам очилмади!

Уят!

Бу ёқда эса, Ўзбекистон телевидениеси ўйин-кулги қилиб ётибди!

Ижтимоий тармоқлардаги шунча танқидга парво ҳам қилмаяпти!

Уят!

Давлат ҳам ўзини ғалати тутяпти – на мотам эълон этди, на журналистларнинг тушовини ечиб юборди!

Уят!

Нималар бўляпти ўзи?!

Ўзини заррача ҳурмат қилган давлат, ҳукумат бундай даҳшатли фожиага шу даражада панжа орасидан қарайдими?! Шунча гап-сўз қуруққа айтиляптими ё?!

Ўзгармадикми?! Ўзгармаймизми?!

Ё ҳақиқатда бир тан-бир жон миллат бўлиб шаклланмаганмизми?!

Нуруллох М.Рауфхон

facebook.com