Ай, Озодлик – шафқатсиз имтиҳон!

Ай, Озодлик – шафқатсиз имтиҳон!
33 views
22 January 2018 - 10:45

АЙ, ОЗОДЛИК – ШАФҚАТСИЗ ИМТИҲОН!

Озодлик аслзодани яна-да асл қиладиган, қулни эса яна-да тубанлаштирадиган бир синовдир.

Аслзода озодликнинг бир синов эканини билади ва шунга яраша ҳаракат қилади: унинг қатъий чизги билан чизилган чегарaсидан нариёғига зинҳор ўтмайди.Чунки уёғида бошқа биттасининг озодлиги бошланишини идрок этади.
Қул эса, бу кутилмаган бепоёнликдан маст бўлиб,қутуради ва ўзганинг эрки ҳудудларини топтай бошлайди.

Инсоният фожиаси доим шу тарзда бошланади. Қул бу неъматга (озодликка) ўз ўрнини билмай туриб эришганида, диктатор эса, ундан бошқа ҳеч ким бу неъматга (озодликка) лойиқ эмас, деб ўйлаган онда бошланади фожиа.

Диктатор ўз зулмини оқлаш учун важ ўлароқ қулни кўрсатади. Қул – диктатор зулмининг машруияти ҳужжатидир.

Диктатор: “агар мен бу қадар қаттиққўл бўлмасайдим, мендан бешбаттар қул сизга ҳоким бўлар эди. Қул сизни мендан юз карра шафқатсизрок ўлдирган бўларди. У сизни паст оловда, секин-секин ёқиб ўлдирарди, мен эса сизнинг ўлимингизга катта ҳурмат билан қарайман”, дейди.

Диктаторлар аслида ўша қуллардан шаклланадилар, худди аслзодалар идеалистлардан шакллангани каби.

Аслзодаларнинг сон жиҳатидан ниҳоятда озлигига қарамай, уларнинг жамиятга таъсири қулларникидан кам эмас, балки ҳатто тенгдир. Бу сон жиҳатидан тенг бўлмаган икки куч ижтимоий ҳаётнинг посангиларидир, унинг анархия жарига абадиян қулаб тушмаслигини амниятга оладиган посангилари.

Совет Иттифоқи қулаб, Ўзбекистон гўё озодликка эришганида аслзода ва қул синфининг жамиятга таъсири Шўролар стандартига яқин эди. Аммо кўп ўтмай, бу нисбат қуллар фойдасига ўзгарди. Ҳар ерни қул босди; ҳукуматдан тортиб, мухолифатгача, ҳар ерни қул босди!

Бир пайтлар аслзода ва қул синфи ўртасида турган “ўрта синф” ҳам кўздан ғойиб бўлди.

Тўғрироғи, бу синфнинг ҳам аксарий қисми қуллар сафига қўшилди. Фақат жуда кичик қисми даҳшатли ҳақоратлар чакалакзори аро, буюк азоблар чекиб, аслзодалар орбитасига чиқаолди.

…Ва пастда қолганлар Озодликни тилка-пора қилабошладилар!

Собиқ Қул, энди тахтга ўтирди ва қулликдаги кечаги сафдошларини шафқатсиз эзишга бошлади.

Қуллар эса, уйғониш ўрнига, бир-бирининг гўштини ея бошладилар, яъни Бош Қулга уларни эзишда ёрдам эта бошладилар.

ВА МУВОЗАНАТ БУЗИЛДИ.

Майдонда бир ҳовуч қайсар идеалист ва Диктатор қамчиси ҳуштагидан сеҳрланган лак-лак, сонсиз-саноқсиз қул подалари пайдо бўлди!

Ай, Озодлик – шафқатсиз имтиҳон!

Яна, айни ўтган замонлардаги каби, бу аёвсиз имтиҳондан аслзодалардан бошқа ҳеч ким ўтаолмади!

Яна – минг йилда нечанчи кез! – инсоният озодликка аслзодалардан бошқа ҳеч ким лойиқ эмаслигини такрор кўрди!

Муҳаммад Солиҳ

facebook.com