Висол қўшиғи

Висол қўшиғи
56 views
23 January 2018 - 5:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

ВИСОЛ ҚЎШИҒИ

Ёнма-ёнлик — олис,
Ёнма-ёнлик — оз.
Бизлар бир-бировда яшашимиз шарт.
Фақат шу.
Бошқаси — жудолик, холос.
Бошқаси даволаб бўлмайдиган дард.
Илтижо эмас,
Йўқ,
Афсун қиламан:
Сен менда,
Мен сенда бўламиз.
Бошқаси бедаво дард. Мен биламан.
Бу дардни бир чексак,
Ўламиз.

* * *

ХАЙКАЛ

Нега шарафлайсиз?
Мақтовларсиз ҳам
бу ҳайкал муқаддас,
абадий бир ганж.
Шундай муқаддаски,
ҳамду санолар
унинг ҳузурида
қўланса,
жирканч.
Шоҳсупаси унинг —
муқаддас сукут.
Сиз унга ошкор дўст,
пинҳона ёвсиз.
Ҳар айтган сўзингиз унинг пойидан
бир ғиштни кўчирар
аёвсиз.

(давоми бор)