Ҳалиманома

Ҳалиманома
84 views
22 January 2018 - 21:12

ҲАЛИМАНОМА
Оташқалб шоира Ҳалима Аҳмедовага

Самога айланиб бормоқда қалбим,
Бунчалар яқинсан, эй олис ёрим.
Ҳалима кўз ёши, кулгуси ҳаққи,
Сенга тиз чўкаман, Парвардигорим!

Ассалом, эй соғинч чўлидаги Гул,
Ҳижрон гирдобида, кўлидаги Гул!
Малика Нодира каби хонимсиз,
Не бахт, ўттиз йиллик қадрдонимсиз.
Қизғин саксонинчи йиллар охири,
Ошкора замона ботин-зоҳири.
Васлингиз шабнамдай ғоят беғубор
Навоий, 30 .да илк бор бўлган ёр.
Тасодиф десаммми, десамми омад,
Ўшанда қилганман мен ҳам хушомад.
Шавкат Раҳмон, яна Муҳаммад Юсуф,
Улар умри қисқа бўлди, тасассуф.
Хонада бор эди Абдували ҳам,
Ҳатто Рауф Парфи каби вали ҳам.
Юксак қояларда очилган гулсиз,
Эвоҳ, хазон келмай сочилган гулсиз!..

Бухоронинг қалби қалқар кўзида,
Офтобу ой каби балқар сўзида.
Киприк билан чизар туннинг сувратин,
Тонгда очилгувчи тонгнинг ҳайратин.
Қайғули ноласи бу тоза гулнинг
Маъюс хаёллари қора сунбулнинг.
Юрагида ёнган туйғулар бари,
Ҳаёт қонунига телба-тескари.
Қаҳқаҳалар отар ғам овозида,
Ҳар онгни уйғотар хазон созида,
Руҳида Яратган эгамнинг нақши,
Шоирани нечун демай мен яхши.

* * *

Кўзинг қиёматдан хабарму манга,
Зулматнинг сиёҳи назарму манга,
Жаннат йўлларидан ўтибман чоғи,
Жаҳаннам оғуси шакарму манга?

Хазон уйқусидан уйғонди кўнгил,
Умид ҳосили йўқ шажарму манга.
Фиғон пайконида буздим фалакни,
Йиғлаган абрлар ҳазарму манга?

Ҳар нур толасига эврилди жоним,
Қорайган фарёдим қамарми манга.
Кимнингдир ҳажрида беармон ёндим,
Қалбим хокистари самарми манга?

Синди паймоналар дайри фанода,
Қон тўла бу дилим соғарми манга.
Афсонасин судраб кетди баҳорлар,
Мискин тийрамоҳлар гузарми манга?

Шамол сийнасига бошимни қўйсам,
Очилган ҳар ғунча зарарми манга.
Яна ёнгим келар ишқ гулханида,
Ёниб-ёнмаслигим кадарми манга?
Кўзинг қиёматдан хабарми менга?..

* * *
Орзу қушларининг вайрон уяси,
Бағримиз кемирар армон куяси.
Мен каби ахтариб ишқ шуъласини,
Куйлайди дарду ғам ашуласини.
Афсоналар айтар парвоналарга,
Қалбин тортиқ қилар девоналарга.
Одимлар айрилиқ қора тиғида,
Минг бир армон изи қорачиғида.
Чапдаст сарроф қисмат қўлидамиз биз,
Ишққа ташна тақир чўлидамиз биз.
Сизга ҳам бегона худбин дарғалар,
Дўрмон боғларига қўнган қарғалар.
Наинки мен каби ултони ғамнинг,
Шодликнинг гадоси, султони ғамнинг.

Эй, бахтнинг ортидан умидвор чопган,
Азоб йўргагидан ўғлини топган.
Исми ҳам бағоят ўзгача Шоҳдил,
Ҳазратим айтгандай шоҳдай огоҳ дил!
Тебратган Парфидай устоз бешигин,
Фаришталар очиб-ёпар эшигин.
“Оз сўзлаб, оз ухлаб, яна оз егай,
Оз егай ва лекин мудом соз егай ”.

Онасиз – қалбингиз амрини айта,
Тангридан иқболин сўрайсиз қайта:
“Берган азобларинг жонимга малҳам.
Барча синовингдан чиққайман омон.
Бедор тунлар, бемор юрагим ҳаққи,
Ўғлимни асрагин, асра, Художон!”
Шоҳдил, мард Фарҳоддай гўзал тийнати,
Қонсинглим ҳаётин гўзал зийнати.
Ёлғиз деманг бироқ фарзандин асло,
Неча Алпу Барчин шеърлари аъло.
Наинки Шоҳдилдай қора кўзи бор,
Ҳалиманинг завол билмас сўзи бор.
Меҳрибон онадай тавоби зиёд,
Оташқалб шоира – савоби зиёд .
Минг бир заҳмат билан берилган сайқал,
Шеъру ашъорлари мангулик ҳайкал!

Гарчи боши узра муҳаббат тожи,
Минг бир азоб минг бир хато хирожи.
“Юрагида жавлон урар тутунлар,
Унга кўнгил беринг бағри бутунлар” .
Бўғзимга тиқилиб қолар бир нима:
“Наҳотки бу буткул бошқа Ҳалима?!”
Наҳот то қиёмат асло қўймас тинч,
Ҳижрон дашти ичра кимсасиз соғинч.

Нечун бахту иқбол мисоли рўё,
Нечун ҳаёт сизга ағёрдай гўё?
Бу қандай матонат, бу қандай бардош:
“Оч қолсак юрак бор, чанқасак – кўз ёш!”
Кимлар чанқаб ичар кўзингиз ёшин,
Кимлар ноҳақ отар маломат тошин.
Нечун Ҳалимага – ашъор мафтуни –
“Ҳамдард тамакининг қора тутуни”.
Орзунинг музлаган сояси недир,
Азоб гулханларин дояси недир?
Наинки севмоққа келган бўлгансиз,
Наҳот алданмоққа келган бўлсангиз?
Бир кокили кумуш, бир кокили зар,
Япроғи ложувард, меваси гавҳар,
Туйғулар ичида наҳот зўр севги,
Озодликни севар кўзи кўр севги?

Ишқингиз умматсиз пайғамбар наҳот,
Кўнглингизда минг дард – пайғом бор наҳот.
Ҳалимахон, айтинг, бу қандай зафар:
“Ажал қўшиғида ишқ бор музаффар”.
Огоҳ қилинг, эй гул, мени ҳам ахир,
Қонда нетиб кулар қирмизи таҳқир?

Наҳот Сиз ҳам мендай андуҳпарастсиз,
Ҳижрон шаробини сипқориб мастсиз.
Наҳотки бешафқат ҳазили бахтнинг,
Наҳот ҳамон армон манзили бахтнинг?
Наҳотки тақдирнинг йўқ ҳеч ибоси,
Наҳот руҳингизда қайғу либоси?
Тонгингизга қора чизиқ тортган ким,
Умидингиз парча-парча йиртган ким?
Наҳотки на само, на асрий ерда,
Яшайсиз Сиз фақат қайғули шеърда?
Қақнусдай аланга боласимисиз,
Ҳижрон даштин алвон лоласимисиз?
Бўрондай ғалаён солиб келарсиз,
Қандай қудрат билан ғолиб келарсиз?
Ҳомуза тортганда керишиб баҳор,
Наҳот қўлингиздан кетар ихтиёр?
Наҳотки муҳаббат макри шайтоннинг,
Сарбаланд ишқ қасри арки шайтоннинг?!
Наҳот йўлдан урган Сизни ҳам сароб,
Ичгансиз билмасдан заҳарли шароб?
Наҳотки унутиб бахтнинг отини,
Ҳаттоки тотгансиз дўзах тотини.
Наҳотки наинки Заминдай фаршни,
Оҳингиз титратар ҳаттоки Аршни:

“Қуёш дарахтларнинг учига қўнган
Ва ёдим япроқлар ичида ниҳон.
Видо куйи янглиғ ғамгин шаббода –
Қадим сеҳргардай ўйнатади жон.
Дунёдан кечганман, дунё кечмаган –
Баҳримдан юлдузлар сув ичар ҳамон.
Аршингни титратган бўлса фиғоним,
Тавба қилдим, тавба, кечир, Художон”.

Наҳот ўзингизга ўзингиз ёвсиз,
Ўзингиз тергайсиз ғоят аёвсиз.
Наҳотки жаҳаннам қаъридан қочиб,
Яна талпинарсиз бағрингиз очиб.
Наҳотки айрилиқ ёруғ кун каби,
Бир йўла зим-зиё қора тун каби?
Наҳотки ёлғизлик совуқ тобутдай,
Ҳаттоки, ё фалак, ёвуқ тобутдай?
Шунчалар қисқами диёнат йўли,
Шунчалар узунми хиёнат қўли?
Оппоқ тонгларингиз бошига етган,
Наҳот қалбингиз ҳам ўмариб кетган?
Наинки гавҳардай бебаҳо дурга,
Наҳот айландингиз бир ҳовуч нурга?
Исми юлдузларда музлаган, эй тан,
Ҳайратга соларсиз, ё Раб, дафъатан:
Сўрайман кўксимга қўйиб қўлимни,
Наҳот севиб бўлар ҳатто ўлимни?!
Наҳот сабаб бўлган чексиз фарёдга
ОРЗУ ФУҚАРОСИ ҳам тушар ёдга.
Эй, қисмат қошида ғолиб хандаси,
Наҳотки ўзингиз “Эркнинг бандаси”!


ҲАЛИМА АҲМЕДОВАГА ШЕЪРИГА НАЗИРА

ЭРКНИНГ БАНДАСИ

Олам ичра барқарор бахти,
Барча қушлар мулозимлари.
Само каби сарбаланд тахти,
Чикора шоҳ лавозимлари.

Бахтлар ғулом, вақтлар берар тан,
Тоғларни ҳам бошлаб кетади.
Безор қилган ишқдай дафъатан,
Дунёни ҳам ташлаб кетади.

Радиода кечар аксар ҳаётингиз,
Радиодан янграр аксар баётингиз.
Суҳбат қуриб гоҳо турфа арбоб билан,
Ҳаётингиз безагайсиз зар боб билан.
Суҳбатингиз дармон, дармон мен учун ҳам,
Сиз билан бир суҳбат армон мен учун ҳам.
Одамларнинг ҳамроҳисиз йўллардаги,
Чўпонларнинг ҳеч чеки йўқ чўллардаги.
Лайли-Ширин каби ишқнинг беморисиз,
Узун тунлар Сиз ҳам ишқнинг бедорисиз.
Кимга сабоқ, кимларгадир панд берасиз,
Панд берасиз демай ширин қанд берасиз.

О, Радио, мен учун ҳам улуғ даргоҳ,
Меҳр ҳамда муҳаббатга тўлуғ даргоҳ.
Узоқ йиллар ишлаганман бу гўшада,
Ақлимни ҳам пешлаганман бу гўшада.
“Ватандош” лар билан суҳбат қурар эдик,
Лочин каби учиб жавлон урар эдик.
Ҳиммат қилган Ғафуров дай устозимиз,
Ва бошланган Радиода парвозимиз.
Радиода мен ҳам қўшиқ-куйли бўлдим,
Сергелидан кулба тегиб уйли бўлдим.
Дўст бўлмадим умримда ҳеч мотлар билан,
Ишлаганман ғоят улуғ зотлар билан.
Шахсан Шерзод Ғуломович раҳбар ўзи,
Бизлар учун қонун раҳбар ҳар бир сўзи.
Қодирийнинг набираси Хонадамир ҳам,
Неъмат Мурод каби тахтсиз хон-амир ҳам.
Мамлакатхон опадан ҳам сабоқ олдим,
Гўё унинг бир ўғлидай бўлиб қолдим.
Оламни лол қилиш фикри бошимизда,
Гўзал Офелия мудом қошимизда.
Саидахон опа сипо бордай дарди,
Мен каби ғўр йигитдан ҳам ийманарди.
Ҳатто қай бир ўғли домла Миртемирнинг,
Туғишгани элга маълум улуғ мирнинг.
Ишлаганман Шукур Бурҳон қизи билан,
Гўзалдан ҳам гўзал ўчмас изи билан.
Айтсам адо бўлмас улар таъбирини,
Юрагимда сақлагайман ҳар бирини.

Тўхтаев дай бағри дарё бир устозим,
Бир устозим демайин ҳеч пир устозим,
Таржима ҳам аъло ҳунар дерди менга,
Ҳар ҳунардан фойда унар дерди менга.
Ҳам ўргандим шу Инсондан ибодатни,
Намоз каби ҳам фарзу қарз ҳуш одатни.
Парвардигор ювиб барча доғларини,
Макон қилсин унга жаннат боғларини…

Ўша йиллар хотирамдан чиқмас сира,
Қанча йиллар ўтса ҳамки тортмас хира.
Сиз эътибор берманг турфа хил миш-мишга,
Сидқидилдан ёндошардик бизлар ишга.
Ишқ шароби билан сармаст ёш эдик биз,
Ишқ аҳлига Фарҳод каби бош эдик биз.
Гуруҳ-гуруҳ бўлиб гоҳо олишардик,
Гўё ғаним тўдалардай солишардик.
Кимлар бургут, кимлар қузғун, ким сор эди,
Юмалоқхат ёзғувчилар ҳам бор эди.
Ёмонликдан лекин олис эдик бизлар,
Адолатга ташна холис эдик бизлар.
Ҳали ҳануз душманиман разолатнинг,
Адолатнинг сарбозиман, адолатнинг!

Ўсиб кун кўрмаган гулнинг туйғуси,
Ҳалима Ойнинг ҳам аччиқ қайғуси.
Эй, уйқу бегона узун кечалар,
Ҳасрати фузундан-фузун кечалар.
Эй, ўтсиз диллардан олов излаган,
Тўмарисдай ғолиб ялов излаган.
Эй, менинг қалбим ҳам титратган бонги,
Соғинч гирдобида зулматдай тонги.
Эй, менинг хаёлим бузаётган ой,
Танҳолик тунида сузаётган ой.
Ёнма-ён наинки қуёш дўкони,
Жонажон ҳамсоя ойнинг макони.
Жўшқин эҳтиросу минг сир яширин,
Қатор шеърларингиз бол каби ширин.
Ўсмадай ярашиб қайғу қошига,
Ошиқсиз ғаниму дўстлар тошига.
Гўё манглайин шўр босган фуқаро,
Наҳот тентирайсиз қайғу-бахт аро.
Наҳот минг балога дучор жонингиз,
Дўзах ўтиними устухонингиз.
Яланг жароҳатга сепилган туздай,
Наҳот қуёшнинг ҳам оғуши муздай.
Ё Раб, дод соларсиз мисоли мақтул:
“Тунлар тул, тонглар тул, умидларим тул!”

ҲАЛИМА АҲМЕДОВА ШЕЪРИГА НАЗИРА

Ишқининг ишқида шодлиги – бебахт,
Йўлларда саргардон қисмати карахт,

Бағри ғамлар тунаб қолган вайрона.
Кўнгли ҳам на соғу ва на девона,

Худодан тилаган меҳмони қани?
Қалдирғочдан қолган забони қани?

Оламнинг Темурдай хоқони бизда,
Шеърият мулкин ҳам султони бизда.
Тиббиёт илмининг шоҳаншоҳи ҳам,
Бухорий сингари ҳадис шоҳи ҳам.
Қайси бир соҳани олмайин тилга,
Аллома беҳисоб яқин ҳар дилга.
Санъат бобида ҳам баланд қўлимиз,
Тангри лутфи билан очиқ йўлимиз.
Булбул каби бийрон хонандалар бор,
Булбулни лол қилар созандалар бор.
Улар ичра ғоят тенгсиз Дилнура,
Сирли нолалари мисоли сура.
Мумтоз ашулалар куйлаган аъло,
Дафъатан бошига етди қай бало.
Ва лекин барҳаёт лоласи унинг,
Қалбларга қўш қанот ноласи учун.
Дилнурани мен ҳам ёд этарман, ёд,
Руҳини ҳамиша шод этарман, шод.
Қўшиқлари бири-биридан яхши,
Ва лекин мана бу уларнинг нақши:

Қачон кўрсам ул ойни, куйдурур жонимни афғоним,
Агар кўрмак муяссар бўлмаса, мискин менинг жоним.

Кўзум ёши таним захми била кўюнг йўлин туттум
Ки, бир сари борур ашким, яна сари борур қоним.

Танимда буки пинҳон доғлардур, айлагай пинҳон
Танимни, ҳар тарафдин бўлса пайдо доғи пинҳоним.

Қуюндек дашт уза саргаштадур хоки таним, ёхуд
Либос этмиш қуюннинг пардасидин жисми урёним.

Танимға келмади овора кўнглум кўйидин, гўё
Унутмиш хонумонин ул алохону аломоним.

Ёнимға келди ул маҳваш, дам урмон, лек найлайким,
Кўнгулнинг изтиробидин тешилгудекдурур ёним.

Аёқчи маҳвашу май дилкашу аҳли тараб сархуш,
Қадаҳ келтурки, қилмоқ порсолиқ йўқтур имконим.

Замон асҳобининг ҳажри қошимда васлидин хушроқ
Ки, хушроқдур висолимдин алар оллида ҳижроним.

Навоий ишқ аро зуннор боғлаб кирди дайр ичра,
Муғона бир қадаҳ бермас ҳануз ул номусулмоним .

Алишер Навоий, «Бадое ул-васат», 400-ғазал. Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов куй басталаган, Дилнура Қодиржонова маҳорат биан ижро этган.

Тўкилган малаклар гулкосасидан,
Туғилган ёмғирлар сирли сасидан.
“На ҳаёт ишқи бор, на ўлим ёди”
Деманг назмингизда соғинч фарёди.
Гоҳида зорланиб, озорланарсиз,
Ҳасрат оғушида мозорланарсиз.
Эй, бўм-бўш қадаҳдай қақроқ юраги,
Танҳолик, эй ғоят, дилкаш эртаги,
Қўлимда Сиз битган афсунгар китоб,
Сиздай жўшиб мен ҳам қиларман хитоб:

“Маккора гулларнинг ифорларидан
Бир кулба тиклайлик иккимиз учун.
Кулбаки, муқаддас наққоши армон,
Поёндози осмон, тўшаги осмон”.

Жоним ичидаги қадим ҳикоя,
Ҳаттоки жонимдай надим ҳикоя,
Мажнун маҳлиёси мендан ҳам ортиқ,
Девонавор қалбим Сиз учун тортиқ.
Муҳаббатсиз дунё мен учун ҳам тор,
Қалбим парчалайман бўлмаса хуштор:
“Ўз қонидан ўзи сархуш юрагим,
Хўш, энди юрагим, хўш, бўш юрагим!”

Қафасдай ёлғон ишқ совуқ зиндони,
Бевиждон оламнинг қора осмони.
Қай бир замондошлар бўлгани бўлган,
Ўзларидан аввал қалблари ўлган.

Гарчи ўртанармиз азоб тиғида,
Қалбларимиз қушлар қорачиғида.
Гоҳо лочин каби қанот керасиз,
Қуёшга ёнишдан сабоқ берасиз.
Қалбингизда олов авжи ортади,
Олов ичра асрлон наъра тортади.

 

ҲАЛИМА АҲМЕДОВА ШЕЪРИГА НАЗИРА

Қисмат иккимизга очилмаган фол,
Мен-да бир орзуман, Сиз ҳам бир хаёл.
Сир бермай кулади тун – соҳибжамол.

Олислар ўқилмай ёқилган китоб,
Жонлар гуноҳларга асралган жавоб.
Қайга ботиб кетди биз севган офтоб.

Бир қўшиқ излаймиз далли девона,
Дийдалар май тўла ғамгин афсона.
Оҳ, айтинг, биз нечун бўлдик бегона?!

Мен-ла қол демоққа бир илтижо йўқ,
Музлаган лаҳзада Сиздан садо йўқ.
Маъюс пичирлайман: жонда ўчган чўғ…

Булутлар осмонда лаҳзалик қабр,
Бўғзимда куяр сўз – минг йиллик асир.
Изларингиз аста ювади ёмғир.

Тангрининг сўзида ниҳон Ҳалима,
Қушларнинг кўзида осмон Ҳалима.
Самовот бағрида адашган, эй қуш,
Ким бўлдим бир нафас қилмасам сархуш.
Қоя каби мағрур бўлса ҳам ўзи,
Кўксида соғинчнинг умидвор кўзи.
Соғинч гулханидай ловуллар қалби,
Соғинч дарахтидай шовуллар қалби.
Ишқ учун кишанлар ясаган тундан,
Минг бир қалб сўрайди телба жунундан.
Гўё ер кўрмаган полвон кураги,
Эй, севги чашмасин ўжар юраги!
Ўн саккиз минг олам қуёшлари ҳам
Ожиз, қуримайди кўзидаги нам.
Сиз вайрон умрни ҳайрон кезарсиз,
Мен ҳайрон сингари вайрон кезарсиз.

Қаҳҳор қисматингиз тилар бағримни,
Эвоҳ, не қилса ҳам қилар бағримни:
“Кўксимда тонг каби ухлайди болам,
Меҳрибон ёр каби қучоқлайди ғам”.
“Қатлгоҳга чиққан паридай қамар”,
Айтинг, хор айлади қай бир Оҳтамар ?!
Ҳатто ўхшатишлар ғоят қайғувор:
“Боласин соғинган онадай мозор”.
Хаста юрагимни ёриб дафъатан,
Ойнинг шуъласидан тўқийсиз кафан.

Ошиқона тўртлик
Ҳалиманинг яноғида холи аъло,
Лабларида ширин-шакар боли аъло.
Ошиқлари бисёр бироқ улар ичра
Эй Ҳамид, сен каби ҳайрон-лоли аъло!

Биз ҳали туғилмай тўқилган оят
Ишқ дарди каби йўқ мангу ривоят.
Заминни кўтариб юришга қодир,
Сизни не учун мен демай баҳодир.
Мен ҳам руҳ билан жон ичра талашман,
“Музлаган қуёшман, сўнган қуёшман”.
Во дариғ, менга ҳам бегонасиз Сиз,
Ғам деган қиз билан дугонасиз Сиз.
Шароб бермасанг ҳам майли баҳридан,
Тангрим, ўзинг асра унинг қаҳридан.

Эй, гўзал хаёлим, гўзал афсонам,
Висоли то абад армон, эй санам!
Мендай ишқ бобида норасидасиз,
Висол ва ҳижроннинг орасидасиз.

Жўмард Гамлет каби Сиз ҳам бебаҳо,
Муҳаббат арвоҳин ҳайдайсиз гоҳо.
Шеърият онаси – гўзал изтироб,
Изтироб шевасин ўқиш ҳам азоб.
Баъзида йиғлайман Сизга қўшилиб,
Нолалар қиларман Сиздай эшилиб:
“Жонимни бунчалар арзон сўрадинг,
Соғинч ипларидан тортилган, эй дор.
Айланма, фалаклар, йиғлама, осмон,
Менга ўз ғамимдан қазингиз мозор”.

Қоронғу тунларни оқлар Ҳалима,
Қон билан оламни поклар Ҳалима.
Жунун шавқи билан девона мендай,
Ишқсиз ғарибларга бегона мендай.
Муҳаббат бобида чевар зиёда,
Ҳатто Мажнундан ҳам севар зиёда.

Дурдона мисоли чиқиб садафдан,
Девонавор келар Мажнун тарафдан.
Ўзини топар ҳар дурдона ҳарфдан,
Дуолар ҳам олар илоҳий кафтдан.
Қай бир кўзи кулиб, қай кўзи йиғлар
Даҳри дун беомон бағрини тиғлар.
Тушунар юлдузлар, ойнинг тилини,
Куйлар кенгликларнинг шаффоф дилини.
Наинки ёзар У ашъору достон
Мангулик боғида яратар бўстон.

Саратоннинг сариқ самум шамоли
Ўргатган ёнишнинг фалсафасини.
Ҳаёт зарб айлаган сездирмай асло
Бағри ичра азоб қасидасини.
Сира худбин эмас, кўнгилпараст у,
Муҳаббат шароби билан сармаст у.
Кўзин кўзгусида мунаввар офтоб,
Минг мушкул саволга бир ўзи жавоб.
Шеър билан забт этган Сулаймон тахтин,
Қайғу хирмонидан ахтарар бахтин.
Қалбида гар асло кетмас доғи бор,
Юлдузни бенарвон урар чоғи бор.
Деманг шоир қилган уни номардлар,
Шабнам каби гард ҳам қўнмаган дардлар.
Содиқ, мард дарахтлар ёнида доим,
Лайли ва Шириннинг жонида доим.

“Яйраганмиз ишқ боғида бизлар ҳам,
Сайраганмиз ишқ боғида бизлар ҳам.
Гар оламнинг дарди ишқдай ранжи йўқ,
Гавҳари ишқ каби аъло ганжи йўқ.
Йўлимизда ҳамон минг бир доми ишқ,
Қўлимизда ҳамон минг бир жоми ишқ.
Ҳажрида куйдириб минг аччиқ алам,
Бизга илҳом берар ҳар қоши қалам.
Гўзалларда зебо қошдан кўзгача,
Қизлар назмин завқи ҳам, о, ўзгача.
Минг ҳижрон ноласи ҳар хитобида,
Азиз устоз ишқу ашъор бобида.
I
Машрабона жунун билан шеъри бой,
Ҳалима қўлидан ҳам ичганман чой.
Давра ичра нозли малика мисол,
Сармаст айлагандай айёми висол,
Хаёл оғушида сузарди аста,
Наздимда атвори туюлди хаста.
Биз билан бўлса ҳам ҳамнафас бирга,
Ботинан пайваста илҳомдай сирга.
Аё дўст! Шоирга баҳо бер холис,
Хаёл осмонида яшайди олис!
Оташ-алангадан яралган жисм,
Гар булбул сингари муштдай бир қисм,
Вале ашъор билан синоатга бой,
Қалблар осмонида балқар мисли ой.
Ҳалима учун йўқ сарҳад-канора,
Ҳижрон ҳам наздида гўзал тарона.
Ақл бовар қилмас шоира лобар,
“Ғамни ҳам қувончни севар баробар!”
Бебақо дунёда бақо қидириб,
“Яшар жон қушига ғамни едириб!”
Дунёда бормикан орзулари қон,
Ҳалима қалбидай шиддатли вулқон!
Шоҳ байти зарбидан жоним қақшайди,
Шоира юрагин сўйиб яшнайди!
Муҳаббат каштасин безар бу чевар,
“Дўзах оловида куйиб ҳам севар!”
Бу асли армонли ҳар дил хатидир:
“Азоб ишқ-муҳаббат мамлакатидир!”
“Исмини яширган бир ғариб гулга,
Бағрини едирар ошиқ булбулга!”
Сарбаланд парвози, етмайди хаёл,
Ҳатто муҳаббатдан юксак ҳур аёл!
Дунё зиндонида умиди қаро,
Руҳи бошин олиб кетган кўк аро,
Нобуд бўлса ҳамки музаффар аслим,
Сингари ҳеч қачон бўлмагай таслим!
Минг бир дарду алам билан ҳамхона,
Ҳаёт дўсту мамот тутинган она!
Бағрида минг йиллик хунлар уйғонур,
Бўғизланган қаро тунлар уйғонур.
Сўраманг сиз уни мендай аъмодан,
“Қидирганлар топар юксак самодан”.
Фиғони кўзларим ёшин айлар сел:
“Кўзи кўр ишқим кел, кел, ажалим, кел!”
Ёлғизлик чоғининг ягона моҳи,
Етти иқлимни ҳам титратар оҳи.
Шеърият осмонин порлоқ кавкаби,
“Фироқнома” битар Нодира каби.

Жўмардлар зотидан кин-ҳасад нари,
Шеърият шайдоси Баҳром сингари,
Ташнаҳол сипқордим “Умид соясин” ,
Дилга муҳрладим шоир ғоясин.
Барчамиз бағрига олар она ер,
Дилнура ни йўқлаб йиғлаб ёзган шеър.
Шоҳ ҳам ҳавас қилар шоир тожига,
Марсия ҳам битган Асқар ҳожи га.
Мудом қайнаб тошар бу тоза булоқ,
Даъватига сиз ҳам тутинг бир қулоқ:

Кўнгил, хижобинг кий, бўлма шарманда,
Ишқдан сархуш бўлиб айлама ханда.
Ҳажр ханжарини келмоқда қайраб
Қасди бордек магар ё сен, ё манда.
Шодликдан ғам изла, ғамдан шодликни,
Оғу пинҳон эрур ҳар қандай қандда.
Оёқ остидадур гарчи бу тупроқ,
Бир кун бош кўтаргай ҳар бир баданда.
Зоғлар базми билан хазон тўлгайдир,
Булбулни беқадр этган чаманда.
Севинчми, қайғуми, ким бўлса ҳам ишқ,
Биз унга қулдирмиз, биз унга банда.
Васл чироғига кўз тутма ки, у
Сендан ҳам, мендан ҳам жуда баландда”.

Шеър айтишда енгар қай бир эрни ҳам,
Унга бағишладим ушбу шеърни ҳам:

Боғ аро яшнайди гул,
Кутгани бийрон булбул.
Куйганлар билар ҳолин
Арилар сўрар болин!

Шоира ҳам мисли гул
Сархуш сирли ҳол билан.
Қон ютар вале бизни
Сийлар асал-бол билан” !

Шеърга мукка тушган мухлисга монанд,
Шоирлар ошиғи қора донишманд,
Гарчи ғолибона қўшиқдай ўлим,
Гар мастона боқар ошиқдай ўлим.
Деманг ҳеч: алвидо айтармиз бир кун,
Ўлимни ўлдириб қайтармиз бир кун.

Ким айтар ҳаётни ораста чечак,
Азал росту ёлғон пайваста чечак.
Осмондан баланду ердан паст бўлган,
Маҳшар соғинчида ишқпараст бўлган.
Наинки шайдоси қай бир нигорнинг,
Бизлар ошиғимиз Парвардигорнинг.
Шириндан ҳам ширин жафо ичрамиз,
Ҳазрат паноҳида фано ичрамиз.

Ишқ каби гар сирли ашула бўлмас,
Оламга ўт солар зўр шуъла бўлмас.

Гар ҳамма севолмас юраги тўлиб,
Гар ҳамма ёнолмас самандар бўлиб.

Гарчи ошиқ эмас нидо қилмаса,
Ишқ йўлида жонин фидо қилмаса.

Гарчи порлагандай яшиндай ялов,
Оламни ўртагай муҳаббат олов.

Гарчи чин ошиқнинг бағри чок бўлар,
Муҳаббат ўтида ёниб пок бўлар.

Ишқ билан ўйнашиб бўлмайди асло,
Қуюндай саргардон қилар бу бало.

Гарчи ишқ аҳлидай зор бечора йўқ,
Ўт аро куймакдан ўзга чора йўқ.

Гарчи ишқ куйдирар хонумонни ҳам,
Наинки хонумон, бор жаҳонни ҳам.

Ошиқ аҳли жумла жаҳондан кечар,
Жаҳон неки, ҳатто минг жондан кечар.

Ахир олам ичра неки бор сара,
Барчаси омонат шакл, манзара.

Яратгандан ўзга барчаси фоний,
Аллоҳ боқий, барча оламлар оний.

Олам ичра ёлғиз Ўзи барқарор,
Ўзидай илоҳий сўзи барқарор.

Бағримиз беҳуда тилмайди ҳавас,
Қора ер билан тенг қилмайди ҳавас.

Аллоҳ ишқидан ҳеч тушмаймиз йироқ,
Бағримиз беомон ўртамас фироқ.

Бир томонда қолиб ҳаёт булоғи,
Даштга олиб қочмиш ҳавас улоғи.

Лаҳзалик учқундан нурнинг фарқи бор,
Саҳар шабнамидан дурнинг фарқи бор.

Азал олтин офтоб аъло бўлади,
Қора чироқ бошга бало бўлади.

Бизни йўлдан урмас жамоли ёрнинг,
Биз учун муҳими камоли ёрнинг.

Ғофил дер: париваш гўзалликка бой!
Асли турфа хилтлар билан бу чирой!

Гўзал эмас асло париваш чигил ,
Унинг юзи асли қон билан қизил.

Беш кунлик чиройнинг вафоси йўқ ҳеч,
Беш кунлик дунёдай бақоси йўқ ҳеч.

Арзимас ошиқу шайдо бўлишга,
Мажнундай эл ичра расво бўлишга.

Кимнинг ҳусни гулдай тез кунда сўлар,
Тангридан муваққат олинган бўлар.

Кимнинг гўзаллиги боқий бўлмайди,
Бундай гўзалликдан кўнгил тўлмайди.

Ёлғиз Тангри ҳусни баркамол аъло,
Мунаввар қуёшдай безавол аъло.

Ошиғи бўлса ҳам минглаб халойиқ,
Ҳеч бири бўлолмас ошиғи лойиқ.

Ҳатто минг жонимиз берсак ҳамки кам,
Ойдан ҳам гўзалдир, кундан ҳам кўркам.

Барча толиб, ўзинг матлуб, ё Худо,
Ишқ аҳлига ўзинг маҳбуб, ё Худо!

Икки олам ичра мангу маҳлиё,
Сендан ўзгага ҳеч боқмасмиз қиё.

Сендан ўзга пари, малак ҳам аъло,
Арзимайди назар солишга асло.

Жаннату кавсару тўби билан ҳур,
Бахш айламас сенсиз кўнгилга сурур.

Ҳам талаб завқини восил қил бизга,
Ҳам тилаб топмоқни ҳосил қил бизга.

Ўзингдан ўзгани бегона қилгин,
Зикринг билан масту мастона қилгин.

Ишқинг барқи солар бор жонларга ўт,
Шуъласи ободу вайронларга ўт.

Оташ юлдузлардан олган андоза,
Сирри ишқинг асил гавҳардай тоза.

Ақлу ҳушдан жудо беҳуш қил, ё Раб,
Васлинг майи билан сархуш қил, ё Раб!

Фано аҳли етган васлингга, ё Раб,
Наинки васлингга, аслингга, ё Раб!

Кимки абадият толиби бўлар,
Фоний бўлиб бу йўл ғолиби бўлар.

Кимки ўзлигини токи йўқ қилмас,
Фонийлик сеҳрини ҳеч қачон билмас.

Улар топа олмас васлинг комини,
Сипқора олмаслар бақо жомини.

Бизга ҳам фонийлик каби бахт бергин,
Боқийлик боғида баланд тахт бергин.

Омонат оламда нобуд айлагил,
Мангулик мулкида мавжуд айлагил.

Оламу одамдан кечиб батамом,
Васлингга етайлик, ё Раб, вассалом !
Алишер Навоий. “Лисон ут-тайр” достонидан муаллиф табдили ва эскартиши.

Эҳтиром билан
Абдуҳамид Пардаев,
2016 йил, июнь-июль.

facebook.com