Тошкентда пропискасиз ишлаш ва уй олиш мумкин бўлди

Тошкентда пропискасиз ишлаш ва уй олиш мумкин бўлди
31 views
23 January 2018 - 11:11

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Ўзбекистонда вақтинчалик ёки доимий пропискаси бўлмаган шахсларни ишга олишдаги тақиқ бекор қилинган. Ўзбекистон фуқаролари Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулк олиши учун прописка талаб қилинмайди. Бу ҳақда 22 январ куни Президент Мирзиёев фармон имзолаган.

Прописка мавзуси 2018 йилги давлат дастурида муҳокамага қўйилганди.

“Ўзбекистон 24” телеканалининг хабар беришича, фармонга мувофиқ пропискасиз фуқарони ишга олган иш берувчини жавобгарликка тортиш масъулияти бекор қилинади.

Бундан ташқари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловлар бекор қилинади.

“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури лойиҳасига биноан, Ўзбекистонда паспорт тизимини соддалаштириш режалаётган эди.

Унда билдиришича, прописка, паспорт олиш жараёни, ишга жойлашиш ва бошқа конституцион ҳуқуқлардан фойдаланиш йўлида кўплаб чекловлар бекор қилинади.

Ҳужжатга биноан, мавсумий ишларга жалб этилувчи фуқароларни вақтинча рўйхатдан ўтказиш йўлидаги чекловлар бекор қилинади.

Шу пайтгача улардан турар жой ижараси ёки турар жойдан бепул фойдаланиш ҳақидаги шартнома талаб қилинар эди. Охирги режаларга биноан, бу каби талабдан ҳам воз кечилади.

Ҳужжатлар 1 апрелда тайёр бўлиши кутилаётганди. Бироқ Шавкат Мирзиёев 22 январдарги фармони билан ушбу тақиқиларни олиб ташлаган.

Кузатувчилар Россияга ишлаш учун кетаётган 52 ўзбекистонликнинг Қозоғистон ҳудудида автобусда ёниб кетиши ушбу ҳужжатнинг белгиланган муддатдан олдин имзоланишига сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Фармонга биноан, иш берувчилар эндиликда фуқаролардан вақтинчалик ёки доимий пропискани талаб қилмайдилар.

Қонун лойиҳасида вақтинчалик ёки доимий пропискасиз яшаётган фуқаролар ёки уларни турар жой билан таъминлаган фуқароларга нисбатан маъмурий жазо турлари юмшатилиши ҳам кўзда тутилганди.

ЎХҲ хабарлар бўлими