Халқаро Амнистия журналист Бобомурод Абдуллаевни озод қилишга чақирди

Халқаро Амнистия журналист Бобомурод Абдуллаевни озод қилишга чақирди
54 views
26 January 2018 - 15:18

17 январь куни «Халқаро амнистия» ташкилоти мустақил журналист Бобомурод Абдуллани озод этиш акциясини эълон қилди.

Акцияда иштирок этиш учун ташкилот тайёрлаган мурожаатдан нусха олиб, уни кўрсатилган манзилга МХХ раиси Рустам Иноятов ва Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев номига жўнатиш таклиф этилади.

Мурожаат матнида ҳукуматдан журналистик фаолияти ва танқидий мақолалари ортидан қамоқда қолаётган “Бобомурод Абдуллаевни ҳеч бир шартсиз зудлик билан озод этиш” ва унга қўйилаётган “барча айбловларни олиб ташлаш” талаб этилган.

Акция иштирокчилари, шунингдек, мурожаат орқали Бобомурод Абдуллаевни қийноққа солмаслик, унинг ҳуқуқий ҳимоясини тиклаш, ўзи танлаган адвокат ва яқинлари билан конфиденциал гаплаша олиш имконини беришни талаб қилишган.

Матбуот хабарларидан сўнг МХХ ертўласи ўз тарихида илк бора ўз эшигини маҳбуснинг яқинларига очди.

9 январь куни МХХ тергов ҳибсхонасида тўрт ой давомида қолаётган журналист Бобомурод Абдуллаев хотини, онаси ва фарзандлари билан учрашган эди.

Абдуллаевнинг хотини Қуттиқиз Балхибоева “Элтуз”га берган интервьюсида ярим соатдан камроқ давом этган учрашув тафсилотлари ҳақида гапирганди.

Учрашув 4 январь куни журналистнинг онаси Гавҳар Мадаминованинг президентга видеомурожаатидан беш кун ўтиб амалга ошди.

Бироқ Балхибоева ҳамон эрига мустақил адвокат берилишига тўсқинлик бўлаётгани ҳақида билдирган эди.

Бобомурод Абдуллаев Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан шу йилнинг 27 сентябрида ўғирлаб кетилган. Орадан уч кун ўтиб, 1 октябрь куни унинг ҳокимиятни ағдаришга уринишда айбланаётгани маълум бўлган эди.

Бобомурод кейинги 10 йилдан кўпроқ вақт мобайнида “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида иддаоли мақолалар чоп қилгани айтилади.

Манба: Eltuz.com