Ўғузхоннинг қиличи

Ўғузхоннинг қиличи
113 views
29 January 2018 - 12:55

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(1-қисм)

 “Ўғузхоннинг қиличи”ни ўқиб
Кичик сўзбоши

“Ўғузхоннинг қиличи”…

Нима бу?

Халқ оғзаки ижоди каби бир достонми?

Ёки ёзма достонми?

Балки шеърий қисса ва ё шеърий романдир?

Менга бунинг жанри аҳамиятсиз туюлди. У шундай ёзилган, тамом. Унга энди тўн бичасизми ё замонавий қилиб кастим-шим кийдирасизми ‒ муҳим эмасдек кўринди менга.

Бу бир армон! Ўғузхоннинг юз йил бурун эгасиз қолган қиличига куюнган ва бу қиличга эга чиқажак келгуси ботирни ҳозирдан соғинган юракнинг ҳазин армони! Муаллифнинг ёниб бораётган кўксидан тутаб чиққан аламли бир нидо!

Бугун турк будуни ва мусулмон уммати қирқ бўлдакка бўлиниб кетган. Бу қирқ бўлдак бир-бирини деярли кўрмаяпти.

Нега?

Тасаввур этинг: қирқ одамдан ташкил топган бир ҳалқа, аммо у одамлар ҳаммаси юзини ташқари қаратиб олган ‒ бир-бирига орқа ўгирган. Бундай ҳолда бир-бирини кўрадими?

Келбатлар ичкари қаратилса, юзлар бир-бирига боқади-да! Юзлар юзга боқса, одамлар бир-бирини кўради-да!

Ҳалқа тарқоқликдан яхши, албатта. Аммо юзлар терс бўлган ҳалқадан нима фойда?

Бугун турк сахлар, массагетлар, Ўғузхонлар, туркистонлар, туронлар, усмонлилар, темурийлар… ҳеч бўлмаганда кейинги замонлар турки эмас, албатта. Турк турклигини унутар ҳолга келди. Турк руҳи қандайдир ётлашиб бораётгандай. Мусулмонлик руҳи ва туйғуси унутилаётгандай.

Нимага?

Чунки турк яшам улгисини туркдан олмай қўйди. Мусулмон яшам  улгисини ўз ичидан ва динидан ахтармай қўйди. Кўпларнинг кўзи ташқарида ‒ ётда бўлиб қолди. Ўзига парвосиз, ётга лол…

Муаллиф “Ўғузхоннинг қиличи”ни ёзишга киришаркан, хаёлидан бу каби ўйлар ўтганми-йўқми, билмайман. Аммо менинг назаримда бу асар ўтмиши буюк бир қавмнинг бугунги ҳолига боқиб туғилган бир армонга ўхшайди.

Айни чоқда, Ўғузхондан бери қўлдан қўлга ўтиб, жасур ва ёвқур авлодларни бир-бирига боғлаб келган, афсус, Турон-Туркистон ўрис босқинчилари қўлига ўтгач, туркликнинг сўнг ботирларидан бири Авазниёз қудуққа отиб яширишга мажбур бўлган у сеҳрли қиличга чин маънода эга чиқадиган янги замон баҳодирини кўриш орзусидир!

Бу гаплар яхши. Лекин булар масаланинг бир томонидир. Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Гап китоб ўқиш, ўқиб маза қилиш ҳақида.

Илгари бир бахшидан соатлаб, кунлаб, ҳафталаб достон эшитиб руҳ олиб келган миллат бугун кичкина бир шеърни ўқишга эринадиган бўлиб қолди. Одамлар бир бетли шеърни ўқимай қўйган ҳозирги замонда юз эллик бетли бундай катта достонни ўқишга ҳафсала қилармикан, деб ўйлаб қоламан.

Яширмайман, шахсан менга ҳам ўқишни бошлаб олишим жуда қийин кечди. Ҳажм катталиги иштиёқимни тисариб тураверди. Ниҳоят, ўзимда бир тўзим топиб, ўқишга жиддий киришдим ва… уч кунда битирдим. Ўқишга ўзимни зўрладим, лекин ўқиганимдан пушаймон емадим. Аксинча, минг йиллик тарихимизга қисқача, аммо мазмунли саёҳат қилдим. Бундан ташқари руҳимга ҳам кўп маънавий озиқ олдим.

Шунинг учун мен бу асарни бошқаларга ҳам эринмай ўқиб чиқишни тавсия этаман. Одамни уялтирмайди, иншаоллоҳ.

Асарда ўзига яраша воқеалар тизими (суйжет) бор, ўқувчини қизиқтириб оладиган тақдирлар, ҳодисалар бор. Булар устига, муаллиф енгил, оз бўғинли, ўйноқи вазнни топган. Ўқиган одам қийналмайди, чарчамайди, зерикмайди. Шонли тарихимиздан оз-моз хабари бор кишилар эса, ҳатто шавқланиб ўқийди.

Ўртада эътиборни тортадиган кичик бир нуқта ҳам бор: “Ўғузхоннинг қиличи” қамоқхонада ёзилган! Туйғулар ўткирлашадиган, ўтмиш ва бугун хаёли мияда ҳеч тинчлик бермай қўядиган бир вазиятда туғилгани асарни янада самимий этиб турибди, назаримда.

Тўғриси, мен Ислом Холбойни илгари шоир сифатида ҳам, ёзувчи сифатида ҳам билмас эдим. Шахси билан ҳам тақдир тақозосига кўра Туркияга келиб қолганимдан кейин сал-пал танишдим.

“Дунё ўзбеклари” сайтида унинг “Тузоқ” романи эълон қилина бошлади. Ўқидим. Роман ёмон эмасди. Тўқиб ёзилмагани, бошдан ўтказилган воқеалар асосида битилгани уни анча қизиқарли ва ишонарли этиб турарди.

Энди бу ‒ “Ўғузхоннинг қиличи”…

Ва бир нарсага иқрор бўлдимки, энди адабиётни олдин унча таниқли бўлмаган, адабий давралардан чеккаларда юрган истеъдодли муаллифлар бойитади, ранг-баранг қилади. Чунки эски адабиёт қолипларида тарбияланиб-шаклланмаган ёмби қобилият анча-мунча эркин бўлади ва кутилмаган натижаларга эришиши мумкин.

Бундан тўрт-беш йил бурун гулистонлик бир муаллиф ‒ адабий жамоатчилик танимайдиган Саъдихон Мавлавихон исмли кекса бир кишининг охирги Қўқон хони Худоёрхон тарихи ва ундан кейинги воқеаларга бағишлаб ёзган “Таназзул” романини ўқиганимда худди шундай ҳолга тушган эдим. Тилида, баёнида, баъзи усулларида чинакам ёзувчилик етишмаётгани сезилиб турса-да, ҳар қандай таниқли ёзувчининг жилд-жилд тарихий асарларидан устун бир самимиятда ёзилган эди. Чунки унинг ижод “мияси”да фикр эркинлигига халақит қилиб, ёзишни зўриқтирадиган “ёзувчилик” қолипи йўқ эди. Энди, мана, “Ўғузхоннинг қиличи” шеърий достони бу фикримни қувватлаб турибди.

Мен атай асарни адабий таҳлил этмадим. Мисоллар келтирмадим. Кутилмаган топилдиқ мисраларини ҳам, унча-мунча камчиликларини ҳам кўрсатмадим. Бу ишни асар эълон этилгач, иштиёт туғилса, синчи адабиётшунос олимлар биздан кўра яхшироқ бажаришади.

Бошда ҳатто, муаллиф қўлёзмани бераётиб: “Тепасига кичкинагина бир Сўз ёзиб берсангиз, хурсанд бўлардим”, деганига қарамай, ҳеч нарса ёзгим ҳам йўқ эди. Асарни ўқиб чиққанимдан кейин эса, ўзимдан-ўзим, ҳали тасаввурларим совимасидан туриб, бир-икки оғиз бирнима дегим келиб қолди.

Мен достон муаллифини ҳам, адабиёт мухлисларини ҳам бу ажойиб шеърий роман билан табриклайман.

Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
2017 йил июлининг 21-куни, жума.
Соат 12:31.

* * *

…Марказий Осиё халқлари – Туркистон тарихи билан шуғулланган олимлардан И. Бичурин ва Гумилёв аниқлашларича, биз мансуб бўлган турк тилли халқ Хитой солномаларида милоддан олдинги 1756 йилдан буён учрар экан.

Демак, тарих бизни таниганига бу йил 3753 йил бўлибди.

“Ғарбдаги миллатлар ўртага чиқмасларидан анча олдин турклик дунёмизнинг энг буюк саҳнасини ташкил этган Овроосиёнинг ҳар вақт, ҳар гўшасида буюк ўрин эгаллагандир”, деб ёзади Ласло Расонйи.

Биз мисолларни атайин “бегона”лардан келтирдик. Биринчиси, машҳур рус туркологларидан, иккинчиси, таниқли мажор олимидан олинди.

Тарих турктилли қавмларнинг чигил, субар/сибир, абар/ибир/, қанғ, ўғур /ўғуз/, кумедх, ниҳоят турк номи билан милоднинг бошларигача ўтган 2 – 3 минг йил давомида ўнлаб жаҳоншумул давлатлар қурганига гувоҳлик беради. Тарихчи Аҳмад Заки Валидий Тўғон хабар беришича, веналик профессор В. Шмидт ва О. Менген Олд Осиё ва Нил ҳавзасидаги қадим давлат ва маданиятнинг тараққиётида Турондан борган кўчманчиларнинг буюк хизматлари ҳақида фикр юритадилар.

Эски Миср тарихи мутахассисларидан профессор Шебеста милоддан 2000 йил олдин майдонга келган Миср маданиятида Ўрол ва Олтойдан борганларнинг изларини кўради.

Проф. Чизермак нубия тили билан турк тили ўртасидаги муштарак нуқталар, алоқалар ҳақидаги фикрни ўртага ташлайди ва фикрдошлар топади.

Машҳур олмоншунослар ака-ука Жакуб ва Вилгелм Гримм Румо маданиятидан бир неча аср олдин ҳинд-олмон қавмлари орасида шуҳрат топиб келган “Этруск” мифологиясида ва тилида турк халқларига мансуб мавзулар ва белгилар кўрадилар.

Ҳинд-олмонлар манбаи билан шуғулланган А. Нехринг, В. Копперс, Фр. Флор каби олимлар фикрича, ҳиндлар ва олмонлар от сақлаш ва парваришлашни милоддан 2500 йил олдин турклардан ўрганган.

Олд Осиё қадим тарихининг 19-асрдаги энг машҳур билимдонларидан Фридрих Ҳоммел фикри-ишончига кўра, дунёнинг энг кўҳна маданияти бўлмиш шумер маданиятининг яратувчилари турк халқларининг аждодлари эдилар. Унингча, шумерлар туркларнинг милоддан 5000 йилча олдин ўз ота юртлари Марказий Осиёдан чиқиб Олд Осиёга жойлашган қадим бир гуруҳ боболаридир. У ҳатто шумер тилидаги сўзлардан 350 таси туркча эканини исботлашга ҳаракат қилади.

В. Крестиан, Б. Ландсбергер каби шумершунос олимлар Ҳоммелнинг бу фикрларида маълум ҳақиқат борлигини эътироф этадилар. Проф. Т. Немеч Ҳиндистондаги Мохинижидоро маданиятидан туркий белгилар топади. Проф. В. Рубен шомонийлик ва Будда бир асосдан келиб чиққанини минг йил олдин айтган Абу Райхон Беруний фикрларини илмий жиҳатдан исботлаб беради.

Узоқ Шарқда ҳам турк халқларининг жаҳон тарихидаги ўрнини тасдиқ этувчи далил ва ҳужжатлар бундан-да кўп. Шимолий Хитойда “жўнг” ва “тик” номлари остида бир гуруҳ турк қавмлари милоддан олдинги 1328 йилдан бошлаб жиддий бир сиёсий кучга айлангани маълум ва машҳурдир.

Проф. Харлетс милоддан олдинги 1116 – 247 йилларда Туркистондан борган турк “Чу” қавмининг Хитойни салкам минг йил идора этганини ёзади. Г. Гржимайло “чу”ларнинг Хитой давлатчилигига туб ўзгартиришлар киритгани ҳақида фикр юритади. Япон олими С. Огава эса чулардан олдин 1450 – 1117 йилларда ҳам Хитойда туркларнинг таъсири жуда катта бўлганини, ҳатто бу даврларда ҳукмдорлик қилган Шанг сулоласининг тили туркча деб тахмин қилинишини илгари суради.

Сўнгроқ, 5000 километрлик Буюк Хитой девори ёвқур турк халқларининг шиддатли ҳужумларидан сақланиш учун бино қилингани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Туркларнинг қадами ҳатто Америка қитъасига ҳам етиб борган! Профессорлар Тоунг Декиен, Ф. Рочк Ўрта Америка маданиятида, тилида ўнлаб турк изларини кўрадилар.

Хуллас, тарихга кириб борганингиз сайин турк халқларининг жаҳоний довруғи ошса ошадики, тушмайди.

Милоддан кейинги даврлар-чи?

Метехон – Ўғузхон (вафоти 174) ва Атилла (395 – 453)лардан Маҳмуд Ғазнавий – Хоразмшоҳларгача, салжуқлар ва усмонлилар, темурийлару шайбонийларгача бир назардан кечирайлик. Кўнглимиз яйраб кетади. Буюк ва шонли бир тарихга эга бўлган, асрлар оша жаҳон тамаддунининг қоқ марказида ўрин олиб келган бир миллатга мансуб эканингиздан қалбингиз ғурур ва ифтихорга тўлади…

Бегали Қосимов.
Уйғонган миллат маърифати.
1997 йил
(ТОШКЕНТ “Маънавият” 2011)

Биринчи қисм

Ҳали бундан минг йиллар қадим
Ўрлаганди Хоразм туғи.
Қоракўл чайқалар лиммо-лим,
Ўзанига сиғмасдан суви.

Бир қирғоқда Пойкент улуғвор,
Бўй чўзганди кўкка жез қалъа.
Бир қирғоқда Варахша виқор
тўкар эди мисли машъала.

Йироқлардан шошиб Зарафшон
Қуяр эди Қоракўлга зар.
Амударё қусар эди қон,
Тўлқин кўкка сапчир, алҳазар.

Кўлни ўраб икки аждарҳо,
Эркаларди бири-бирини.
Гўё ошиқ – Юсуф, Зулайҳо,
Кўлга тўкар юрак сирини.

Ўша замонларда бир йигит,
севиб қолиб шоҳнинг қизини,
кунларидан йўқотганди қут,
фарқлай олмай баҳор, кузини.

Кўҳна Урганч шаҳрида у кўп
юрди пойлаб, қулай пайт, фурсат.
Кўкрагида тинмас талотўп,
Маликани кўрмоқлик мақсад.

Туғилганда биринчи имкон –
Куппа-кундуз, қуёш остида –
гулдай юлиб севганин чандон,
олиб қочди, отга босди-да.

Анграйганча қолди юз шотир,
Зимдан келган зарбадан беҳуд.
Аскар шошиб чопар қонбағир,
Босгандайин сел, қора булут.

Тўранғилзор очганда қучоқ
хон қизининг тугаб шикори –
Қорабайир[1] солди, босароқ,
қолди қизнинг саҳрода зори.

Қўриқчилар кўздан йитириб,
маликанинг изини буткул –
Кўҳна Урганч келдилар кириб,
эмчи хотин қолгандайин тул.

Хоразмшоҳ тугканида мушт,
Тизза ташлар эди дунёлар.
Якто эди у қарчиғай қуш,
Муте эди тоғлар, саҳролар.

Кўкда Тангри бўлса ягона,
Ер юзида у эди устун.
Туркка олам эди остона,
Қарам эди ўлкалар бутун.

Эллар аро у солдирди жар,
Ер юзини босди сояси.
Туядан ҳам шоҳ эди ўжар,
У мушт тугди, бўлмас фойдаси.

– Ё тириги, ё ўлигини,
Топиб келинг! – деди ғазабда.
Номус ўти ёқди дилини,
Тўлғанарди ордан, азобда!

                  ***

Ошиқ йигит Урганчни ташлаб,
Қочди оёқ тортган томонга.
Қиз йиғлади бармоғин тишлаб,
Дучор бўлган эди ёмонга.

Йигит сочар оғзидан олов,
Кўзларида юлдузлар чўғи.
Ҳар мушкулга у топар қалов,
Куймасидан кўкарган боғи.

Энди ўлжасини тириклай
Бериб қўймас қайтариб ҳеч-да.
Қиз хархаша этмасин талай,
Қафасдаги у ночор қуш-да!

Ичи ўртаб, бўзлар малика –
Йигит борар от йўрттириб тик.
Йўлбарсдайин билмас таҳлика,
Орзулари тоғлардай буюк.

Йўллар ошган сайин йигитга
Бўлиб борди шоҳнинг қизи ром.
Яқин бўлди етти бор ётга,
Қалби топди оҳиста ором!

Қарашидан юраги жизлаб,
Бораверди отга мингашиб.
Энди йигит кетса ҳам ташлаб,
Қиз ортидан қолмас эргашиб.

Мирзо эди йигитнинг исми,
Ўзи йигитларнинг мирзоси.
Нурдан қуюлгандайин жисми,
Аммо оғир эди жазоси.

Қўлга тушса, тириклайин шоҳ
Кўмар эди қаздириб қудуқ.
Кўмса кўмар – ёнида-ку моҳ,
Барисига у этар қуллуқ.

Шу гўзалнинг йўлида Мирзо
Бўлиб қолди дорга ошино.
Чавақласин бўлса норизо,
Дунё деган қўллари хино.

Ҳеч нарсадан тап тортмай асло,
Давом этар йўлида собит.
Қўйнида-ку у севган лайло,
Нимадан ҳам чўчисин йигит?

[1] Қорабайир – қадим турк отлари наслидан. Бизнинг кунларда ҳам дунёда бу отнинг зоти машҳур.

(Давоми бор)