Ўзбекистонликлар Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтаришни сўрамоқда

Ўзбекистонликлар Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтаришни сўрамоқда
22 views
29 January 2018 - 21:24

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, кўпчилиги Ўзбекистонда ва хорижда истиқомат қиладиган 50 га яқин ўзбекистонлик мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистонга қайтарилишини сўраб ёзилган мурожаат остига имзо чеккан.

Президент Мирзиёевга 23 январ куни ёзилган мактуб остига имзо қўяётганлар сони ортиб бормоқда.

“Ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилиниб, чет элларда қувғинда юрган ватандошларимизни, хусусан мухолифат лидери, шоир Муҳаммад Солиҳ номини оқлаб, Ватанга қайтариш вақти аллақачон етди, деб ўйлаймиз. Бу иш амалга оширилса, бундан халқимиз ва давлатимиз фақат фойда кўришини кўпчилик сезиб турибди”, деб ёзилади мактубда.

Маҳмуд Ражаб ушбу мурожаатни ёзишга умидлантирган уч сабабни келтиради.

“Бизни ушбу мурожаатни ёзишга ундаган ва умидлантираётган нарса – сизнинг характерингизда азали мавжуд бўлиб Давлат сиёсатида акс этаётган учта омил – бағрикенглик, муросасозлик ва миллий бирлик қайғусидир”, дейилади унда.

Мурожаатда Муҳаммад Солиҳнинг ортга қайтарилиши оламшумул воқеа бўлиши таъкидланган.

“Эй, ўзбек ўғлонлари! Энди нимани кутаяпмиз? Зулм замонида жим турмоқ эҳтиёткорлик эди. Эндиликда, президентимиз оғзимиз қулфининг калитини қўлимизга тутқазиб, биқинимиздан туртгандан кейин ҳам жим турмоқ жиноятдир. Ҳали-замон ёв қочгандан сўнг кўпайган “ботирлар” сафига тушиб қолиш уятдир”, дея хитоб қилади Маҳмуд Ражаб.

Facebook даги “Қўрқмаймиз” гуруҳига жойлаштирилган ушбу пост остига изоҳ қолдирганлар Муҳаммад Солиҳнинг ортга қайтарилишини ёқлаб чиққан.

“Мурожаатга қўшилувчилар миллонлардир. М.Солиҳ ҳақиқий миллат қаҳрамонидир. Президент Ш.Мирзиёев ҳам жуда яхши билади. М.Солиҳнинг адолатли миллатпарварлигини. Нега М.Солиҳнинг реаблитациясини кечиктираёганини мен ҳам тушунолмай турибман”, дейди Hamdam Hamdam.

“Чет элларда мажбуран қувғинда юриб, ноҳақ таъқибларга, маломатларга учраб, Муҳаммад Солиҳнинг сочи оқарди. Келаси йили у етмиш ёшга киради. Илоҳим ҳамма ҳам унинг ёшига етиб, ошиб юрсин. Лоақал Муҳаммад Солиҳнинг кексалигини, юрт қайғусида оқарган соч-соқолини ҳурматини қилайлик”, дейди Тошкентдан Абдуҳамид Пардаев.

Олдинроқ Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов Президент Мирзиёевга муҳожиротдаги мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ номини оқлаш ва уни ватанга қайтариш чақириғи билан чиққан эди.

Сурат Икромовнинг ёзишича, Мирзиёевнинг 22 декабр куни Ўзбекистон парламентига мурожаати инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари каби танқидчилар қатламида ҳам умид учқунларини пайдо қилди.

“Сизнинг сўнгги чиқишингиз биздаги шубҳани ағдар-тўнтар қилди ва бизда сизга ишонч уйғотди. Шу қадарки, энди биз сиздан, ўлкамизнинг Президентидан каттарок нарсалар кутишга бошладик. Энди биз сиздан ҳокимият ва мухолифат орасини тузатиш, илиқ муносабатларга туртки беришингизни кутишга бошладик”, дейилади унда.

BBCUZBEK.COM 2017 йил 4 сентябр куни Ўзбекистон мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг номи Интерпол қидирув рўйхатидан олиб ташлангани ҳақида хабар берган эди.

ЎХҲ хабарлар бўлими