Оч бўрилар унинг қардоши

Оч бўрилар унинг қардоши
88 views
30 January 2018 - 9:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(2-қисм)

Бир қирғоғи кўлнинг – Варахша,
Бир қирғоқда – Пойкент улуғвор.
Мана, бугун минг йиллар оша,
Шаҳарлардан қолгани – девор.

Ўша замонларда Пойкентдан
Хоразмга чиққан карвонлар –
озор чекмаганлар офтобдан.
Соя ташлаб турган кўк боғлар.

Қоракўлдан Ҳазораспга то –
турнақатор уйлар бўлган жо.
Томга чиққан мушуклар ҳатто
Топган Кўҳна Урганчда ифшо.

Замонбобо устини қатор
Макон тутган қишлоқлар – обод.
Ҳар мавзеда тўкин бир бозор,
Бугун улар тамоман касод.

Завол топиб – ўтмиш дунёси,
Ўрин олмиш янги бир замон.
Мозийлардан ёғиб зиёси,
Қолмиш тарих излари ҳамон.

Бу кунларни унутиб, яна
Қайтамиз ул ўтмиш бағрига.
Минг йиллардан нарида, сана,
Саҳроларнинг чорбоғларига.

Кўкка қўлин чўзса Хоразм,
Тутган чоғлар ой балдоғини,
Оврупани айласа жазм,
Ювган денгиз қўл, оёғини.

Хоразмнинг бўлиб эркаси,
Гул-гул яшнаб турган Қоракўл.
Келди қочиб юрт маликаси,
Хон узатса, етар зумда қўл.

                     ***

Чайқалади Қоракўл – денгиз,
Қирликларни ўпиб қирғоғи.
Кўз илғамас кенгликлар тенгсиз,
Кўринмайди сувнинг адоғи.

Дарғалида тўхтар кемалар,
Ўтиб қайтганида бир нафас.
Қиётлида бари дарғалар,
Дарғасизлар овга ярамас.

Туркистонни ҳам Хуросонни
Балиқ билан этарлар таъмин.
Қоракўлда сузган сазанни
Хуш кўрарлар арабда ҳамин.

Араб, Ажам, Тотор юртлари
Қоракўлдан олади мўйна.
Қорабайир – ўғуз отлари,
Қоракўли тери – хазина.

Йўлбарслари тўқайларида
Хонгул овлаб уради панжа.
Кўплигидан отарларида
Бўриларга қўйлари ўлжа.

Қуён овламайди итлари,
Тиш қайрайди бўриларга ўч.
Гўрўғлидай қурч йигитлари –
елкасидан балқиб турар куч.

Ердан чиққан қуёш – Хоразм,
Кўҳна Урганч қуёш меҳвари.
Юртлар ичра Қоракўл азим,
Хоразмнинг тенгсиз гавҳари.

Мирзо етиб келди–ю, бироқ
ҳеч гўшадан топмади паноҳ.
Қоракўлда унган ҳар янтоқ –
юрт шоҳига эди кўз, нигоҳ.

Тўқайзорга кириб бир кеча,
Ётди маликани қўриқлаб.
Режа тузиб, ташлади ўкча:
Нима қилмоқ керак эрталаб.

Барисини ўйлаб, бафуржа,
Ўйларига берди сўнг қарор.
То тонггача қоқмади мижжа,
Маликага суқланиб хумор.

Булутлардан сузиб чиққан ой,
маликага тушганда кўзи –
беролмасдан ҳисларга орой,
чеҳрасидан доғлари тўзди.

Ошиқ бўлиб Мирзога ўғрин,
Маликани жеркиб, бурди юз.
Йўллар юриб чарчаган, ҳорғин,
Ҳусн тўкиб ухлар эди қиз.

Урганч боғларининг райҳони,
Сариқамиш кўлининг ғози.
Отасидир хонларнинг хони,
Онаси ҳам паризод қизи.

Киприкларин қоқмасдан Мирзо,
Паривашга термулар титраб.
Уйқуда ҳам кўзларда ғамза,
Тонглар отди оҳулар маъраб.

                           ***

Кўлнинг ўртасида бир орол ‒
Йиртқич ҳайвонларнинг макони.
Сурув-сурув кезади марол,
Парранда ва дарранда кони.

Осмонга бўй чўзган қарамон,
Тўқай бўлиб қоплаган ерни.
Бўри санғиб “ув” тортар ёмон,
Ваҳимаси ҳуркитар шерни.

Кечалари ёқишиб гулхан,
Ажиналар ўтказар базм.
Алвастининг сочлари тикан,
Келмоққа йўқ ҳар мардда жазм.

Бу ерлардан ўтмайди кема,
Овчиларнинг етмайди дами.
Овчиларнинг дамини дема,
Тегмаган ҳеч одам қадами.

Қарамондан сол ясаб Мирзо,
Шу оролни кўзлади охир.
Малика ҳам бўлса-да ризо,
Қалби тўла эди хавотир.

Ёт кўзлардан бекиниб овлоқ,
Солга чиқиб суздилар саҳар.
Чорласа ҳам қорайиб қирғоқ,
Ҳар қадамда эди минг хатар.

Қуёш шарқдан кўтармасдан бош
Оролчани тутдилар манзил.
Сол қирғоққа тиркалди ёнбош,
Ал-оқибат муродлар ҳосил.

                     ***

Азоб билан оқарар ҳар тун,
Машаққатлар қуршовида зир.
Таваллуддир юз кўрсатган кун,
Қўрқув ҳиссиётларга нозир.

Қон соғиниб ботади қуёш,
Бошда тикиб алвондан чодир.
Ваҳимадан ёрилади тош,
Тангри ўзи бўлсин-да ҳадир.

Мирзонинг-ку етар бардоши,
Унга тошнинг ораси ҳам боғ.
Оч бўрилар унинг қардоши,
Толеидан хурсанд, кайфи чоғ.

Хон қизининг кўзларида ғам,
Тиканлардан товонлари из.
Чимрилади, қошлари қалам,
Канизлардан йироқда, ёлғиз.

Ўт қаласа, қайнайди қумғон,
Қумга кўмиб пиширар кўмоч.[1]
Қуруқ турмас ўчоқда қозон,
Ризқи бутун, қолмайдилар оч.

Оқсоч ўзи, ўзидир фаррош,
Қўли косов, сочлари сипса.
Турмуш экан қув ҳайкалтарош,
Сайқал топар ундан ҳар кимса.

Мирзо тиним билмай бир нафас,
Тиклаб олди ночор бир кулба.
Тошдан чордоқ тиклаган, Ёфас
бўйра қилгандайин шох-шабба.

Қўлидан ҳеч тушмас ёй, камон,
Қоплон каби у мудом ҳушёр.
Мирзога дуч келган ҳар ҳайвон
Қутулолмас қўлидан бекор.

[1] Кўмоч – қумга кўмиб пишириладиган нон. Чўпон нони ҳам дейилади.

(Давоми бор)