Қутлов

Қутлов
22 views
31 January 2018 - 5:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН

ҚУТЛОВ

Унар тошни тарс ёриб майса,
Ожиз бир қудратдан дараклар.
Таҳдид солиб мижғов аламга,
Чарх уради кўкда варраклар.

Тилга кириб кетар чаҳ-чаҳлаб,
Қушларнинг энг зўр, сайроқлари.
Ранглар ғужғон ўйнар… пойингда
Ҳамма давлатларнинг байроқлари.

На-да қилич тақдинг, воажаб,
Ва таажжуб, на-да, от эгарладинг.
Кентлар, улуслар, ўлкаларни
Жангсиз, жадалсиз эгалладинг.

Ҳайратланмай бўлурми сира
Кўриб туриб муҳаббат васлин.
Асирдирлар кўзлар кўзларга,
Юракларга юраклар таслим.

Замин, замон тантана билан
Енгилмоқда, демасдан бир сўз…
Навбатдаги ғалабанг қутлуғ,
Жаҳонгир Наврўз!

***

Алла айт,
аллангдан тоғлар юксалсин.
Алла айт,
алланг ёв кўксин тиғласин.
Алла айт,
аллангдан улғайсин борлиқ.
Кўксингдаги боланг эса —
ухласин.
Тингласин коинот,
тингласин олам,
алланг — фарёдингни
алланг-нолангни.
Ўз аллангдан ўзинг ухлаб қолма фақат,
босиб ўлдирасан
болангни.

* * *

Ўйин тамом бўлди. Энди уй-уйга,
Ғам чекканга солма ўзингни.
Элга келган тўй бу. Демак, сен элдан
Яшириб ҳам юрма кўзингни.

Ишқ деган мулкда ҳам гуноҳ йўқ асли,
Диллар, ахир, ундан нечун нолисин.
Қайдан олсин ҳар кун Фарҳод-Ширинни,
Лайли ва Мажнунни қаердан олсин?!

(давоми бор)