Вақт бир жойда турмас ҳеч маҳал…

Вақт бир жойда турмас ҳеч маҳал…
95 views
31 January 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(3-қисм)

 

Кўп ўтмади оролда Мирзо
Тиклаб олди ҳокимятини.
Бўйсунмаслар топдилар жазо,
Унга тиргак бўлди хотини.

Малика ҳам туғилди янги,
Кўзларида тозариб ҳаёт.
Машаққатлар жаннатга дўнди,
Тили ишқдан куйлади баёт.

Бора-бора кемалар бот-бот
Қўниб ўтмоқлик этди одат.
Орол бўлиб севгидан обод,
Аста-аста ёғди иноят.

Мирзо ёллаб хизматкор, оқсоч,
Ҳаётини тиклади буткул.
Оролчадан кестириб оғоч,
Қалъа тиклаб, боғ қилди гул-гул.

Мирзоқалъа номини орол –
Олган ўша вақтларда, ҳамон.
Умрин узун этиб Зулжалол,
У тилларда ҳали ҳам достон.

                    ***

Мирзо тўкиб қалбин қўрини,
Оролчага йиғди ҳар хил тур.
Зотдор отни, итнинг зўрини,
Қора қўчқор, шерози ва сур.

Ҳар жиҳатдан юксалиб орол,
Қурч йигитлар бўлди маркази.
Мирзоқалъа бўлиб баркамол,
Хоразмни тутди овози.

Етти ўғил туғди малика,
Санжар Султон, Султон Қутбиддин.
Бирисининг отидир Така,
Бири – Отсиз, бири – Нажмиддин.

Бирисидир Маъмун Салтанат,
Бирисининг оти Комилжон.
Еттисида етмиш минг қанот,
Соясидан титрайди жаҳон.

                        ***

Вақт бир жойда турмас ҳеч маҳал,
Шамол каби эсар замон ҳам.
Бир мақомда турмоғи маҳол,
Йиллар вафо қиладилар кам.

Жанг-жадаллар ичра бу қалъа,
Юз бузилиб, юз бор тутди қад.
Аммо Мирзо ёққан машъала
Ёлқин сочар тўрт ёнга абад.

Ўз-ўзидан униб зурёди,
Галдир деган ном олди буюк.
Ҳар заррада Мирзонинг ёди,
Қадрланар дилларда суюк.

Қоракўлнинг қуриб ўзани,
Сув ўрнини олди барханлар.
Олов пуркаб давр сўзони,
Алмашинди неча бор хонлар.

Амударё тарк этди уни
Бундан ҳали минг йиллар аввал.
Танқис эди Зарафшон суви,
Туздан топди Қоракўл завол.

Қоракўлдан аҳоли неча
Кўчиб кетиб, келдилар қайтиб.
Ҳар ким яшар ўзин ҳолича,
Билганича қўшиғин айтиб.

Галдир Мирзоқалъани ташлаб,
Бир дамга ҳам кетмайди бундан.
Тишларида орини тишлаб,
Тоғдай турар ҳаддида – эман.

Асл итлар туғилар шунда,
Галдирларда қўчқорнинг зўри.
Дўст тутунсанг, кундуздир тунда,
Душман бўлсанг, у қонхўр бўри.

Отларида қўш қаноти бор,
Икки ўркач туялар машҳур.
Лочинлари қилади шикор,
Ҳилолларни туғар ойлар ҳур.

Полвонларнинг сараси галдир,
Мерганлар ҳам Мирзоқалъада.
Қизларининг тиллари болдир,
Шоирлари арши аълода.

Сувон галдир айтганда қўшиқ,
Дуторига қўнади булбул.
Меҳмоннавоз, қўллари очиқ,
Райим далли гўё қизил гул.

Вайрон бўлди Варахша тамом,
Пойкентдан ҳам қолди тепалик.
Мирзоқалъа бўлиб бардавом,
Ўз ўрнида турар юксаклик.

Кўп ботирлар чиққан бу юртдан,
Қоракўлнинг ғурури, ори.
Энди баён этиб бир-бирдан,
Тарихини битамиз – бори.

Ўғуз, қипчоқ, қарлуқ – қориндош,
Уч туғишган битта ўзбек – турк.
Учаласи қош-кўз – бир жондош,
Ер юзига тўкиб турар кўрк.

Учаласин таърифин бугун,
Ўғузликдан этамиз баён.
Ўзбек демак, Ўғузбек, тушун!
Ўғуз десак, ўзбекдир чандон.

(Давоми бор)