“Путин рўйхати”га Алишер Усмонов ва Искандар Маҳмудов ҳам кирди

“Путин рўйхати”га Алишер Усмонов ва Искандар Маҳмудов ҳам кирди
43 views
31 January 2018 - 10:14

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, АҚШ Молия вазирлиги Владимир Путинга яқин сиёсатчи, амалдор ва олигархлар рўйхатини эълон қилди, унда асли ўзбекистонлик миллиардерлар Алишер Усмонов ва Искандар Маҳмудовлар ҳам бор.

“Путин рўйхати” дея билинган рўйхат ўтган йил августида Президент Трамп имзолаган жазо чоралари ҳақидаги қонун доирасида ишлаб чиқилган.

Унда 114 нафар россиялик сиёсатчи ва 1 миллиарддан кўпроқ сармояга эга бўлган 96 нафар рус олигархлари бор.

Қўшма Штатлар расмийларининг айтишларича, рўйхатга киритилганларга нисбатан янги жазо чоралари қўлланмаган, аммо улардан айримлари аввалги санкцион рўйхатда бор эди.

Янги рўйхатда Алишер Усмоновдан ташқари Роман Абрамович, Олег Дерипаска, Вагит Алекперов, Сулаймон Каримов ва Юрий Мельнер ҳам бор.

Бу шахслар ҳозиргача АҚШ ва Европа Иттифоқи Қримнинг аннекциясига жавобан Россияга эълон қилган жазо чоралари остида бўлмаган.

Рўйхатга “Касперский лабораторияси” асосчиси Евгений Касперский ҳам кирган.

“Кремль ҳисоботида Россия президенти маъмуриятининг деярли барча аъзолари (46 киши)га “жой топилган”.

Жумладан, Путиннинг дўстлари Аркадий ва Борис Ротенберг, Геннадий Тимченко, “Роснефть” раҳбари Игорь Сечин ва “Газпром” бошлиғи Алексей Миллер бор.

Рўйхатдан Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ва Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам четда қолмаган.

Кремль воизи Песков ҳисоботни Россия сайловларига таъсир ўтказиш уриниши, дея баҳолаган.

Алишер Усмоновнинг рафиқаси Ирина Винер-Усмонова АҚШнинг қарорига муносабат билдираркан, “У (Алишер Усмонов) ҳечам ташвишда эмас, ишлашда давом этяпти”, деб айтган.

“Кремль ҳисоботи” санкциялар дегани эмас, аммо унга киритилган шахсларга нисбатан келажакда санкция қўлланиши мумкин.

ЎХҲ хабарлар бўлими