Бир кун туғилади битта мард

Бир кун туғилади битта мард
42 views
01 February 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(4-қисм)

 

Йигирманчи йиллар тўзони –
Халқ бошида ҳар куни кулфат.
Қайнамайди элнинг қозони,
Қайнар ори, номуси фақат.

Қадрятлар қилиниб торож,
Тенгладилар ерга баробар.
Ҳоким бўлди кечаги фаррош,
Беклар эса юртда дарбадар.

Русияга бойликлар дарё
каби оқди кеча ва кундуз.
Сочмай қўйиб қуёш ҳам зиё,
Тилло ўйнар чўлдаги қўнғиз.

Минг йилларни бўйлаган диёр
юзсизларга бўлганда банди,
Амударё қақшади зор-зор,
Сирдарёда жон лойқаланди.

Чўл бўрисиз бўлмас ҳеч қачон,
дегандайин Хоразмда ҳам
пайдо бўлди чапдаст бир қоплон,
бермоқ учун бедодга барҳам.

Жунаидхон деса, чўлдаги
Юввош тортар эди аждарҳо.
Фрунзенинг ошқозондаги
Қунушарди яраси борҳо.

Феликс зим, пичирлаб, секин,
Шер номини айтса андармон,
Жунайидни эшитган Ленин,
Тилсиз қолган экан бир замон.

Сув тутганда унга котиба,
Ленин ичиб тортибди ҳушёр.
Феликс ҳам илк маротаба
Кўрган экан “доҳий”ни абгор.

Қорақумда туриб Жунаид –
Кремлда турган шайтоннинг
юрагига солганда ваҳшат –
Қоракўзнинг қулоқлари динг.

                    ***

Кўкка қараб кишнабди бедов,
Ўғуз отин кўксида фахр.
Қурбон Сардор бермай асло дов,
Қамчи босган эмиш унга зир.

Чўлга қараб тоғларнинг сели
қуюн бўлиб оққани замон,
Қорақумнинг бўй бермас ели,
осмонлардан тилайди омон.

Саксовуллар тўрт мингта шерга
елка қисиб, берганида йўл,
юлғун, янтоқ узаниб ерга,
бир-бирига зўрға чўзар қўл.

Гўрўғлининг Ғиркўки мисол,
Суниб борар эди Қоракўз.
Тоғлар титраб туради, алҳол,
Туёқлардан кўкка ўрлар тўз.

Эрондан то Бухоро қадар
Тин билмайин елди тўрт минг шер.
Босқинчига қалбида кадар,
Бош кўтарса, аждарҳони ер.

Фарғонада Шермуҳаммадбек,
Маданминбек чапдаст саркарда.
Лақай ўғли алп Иброҳимбек,
Жунаидга эшдир, ҳам далда…

                     ***

Туркистоннинг бўлиб номуси,
Жунаидхон – ўлкада қалқон.
Қалбда Маҳдумқули навоси,
Ҳурлик учун умрини ёққан.

Аммо ичда бўшдир иттифоқ,
Турса жангда, елкама-елка.
Акси, бўлиб хоинлар нифоқ,
Вайрон бўлиб борарди ўлка.

Жунаиднинг етмади кўзи,
Узил-кесил ғалабасига.
Ёлғиз қолиб ўйлади ўзи,
Фикрланди ўнг-чаппасига.

Ўгирди-да дунёни бошдан,
Титиб чиқди ҳар бир қатини.
Этагини бўшатиб тошдан,
Эълон қилди ҳақиқатини.

Деди: – Минг йил урушамиз биз,
Бошимизни тикканмиз дорга.
Бироқ  Туркистонда биз ёлғиз,
Боқмайдилар ичдаги зорга!

Мадаминлар англатилмас ҳеч,
Ёвқурларга майдонда жой йўқ.
Қадамингда хоинларга дуч,
Дуч келасан, жоҳиллар бир ўқ.

Беҳбудийлар ётдир уйида,
Чўлпон, Фитрат исталмас мезбон.
Ғайридинлар ватан тўрида,
Беклар “басмач”, “унсур” “оломон”.

Душмандан дўст чиқмоғи мумкин,
Хоиндан дўст чиқмас ҳеч қачон.
Сотқин босди юртни инчинун,
Алар русдан минг чандон ёмон.

Руҳий бирлик топилмас ҳали,
босқинчига “улуғ”лар ҳамдам.
Бундай пароканда маҳали,
бўлмоқлигимиз керак бирдам!

Бизга кучи етмагач, душман
халқимиздан олар ўчини.
Қўрқоқ мудом бўлади “манман”,
кўрсатади элга кучини.

Тинч аҳоли қирилади, бас,
жафо чекар қари ва ночор.
Хато қилсак бариси абас,
Тадбирсизлик қон йўлин очар.

Чекинамиз энди бир муддат,
Хуросон ё Эронга қараб.
Биз тадбирсиз йўл тутсак, фақат,
тўкилади юртимиз путраб.

Аммо юртдан чиқишдан олдин,
Қоракўлга борар қирқ йигит.
Мирзоқалъа қатидан олтин
келтирмоғи зарур омон, бут.

Минг йилларки, Мирзоқалъада
Хоразмшоҳ авлоди яшар.
Боболари арши аълода,
самар кўрган улардан башар.

Бизга бобо Хоразмшоҳлар –
қурган Буюк Доруссалтанат.
Наф кўрганлар улардан эллар,
кўргузганлар чексиз матонат.

Камчаткадан Андалус қадар
Чўзилган бир Улуғ Мамлакат.
Ҳеч бир ўлка кўрмаган зарар,
қадамидан ёққан баракат.

То Пекиндан Днестр канор,
Сахий ердан Бештоғгача то
Бойкўл, Энасойдан то Хазар
Туркларники эди бехато.

Ўғуз бизга энг катта бобо,
Қўрқут Ота отамиз, бешак.
Биз ожизмиз бугун, ажабо,
бир кун бизга етишар эмак.

Яратганнинг ишига ҳеч вақт
бандасининг етмайди ақли.
Тилагимиз биргина тоқат,
ғалабага эришмоқ вақтли.

Ўн милёндан тўрт юз минглик эр
саралаган эдим бир замон.
Тўрт юз мингдан қирқ мингта зўр шер
бермади ҳеч душманга омон.

Қирқ минг шердан саралаб, яна
тўрт мингини қилдим сафга жам.
Бу лашкарга лойиқ тантана
кўрган эмас арабу ажам.

Қилич эмас, қўлида ўроқ,
буғдой каби эшилиб душман,
тиғ дамига эгади бошоқ.
Ғайратига ўзим ҳам лолман.

Бироқ биздан юз бурган омад,
ўртамиздан йўқолган бирлик.
Бир кун туғилади битта мард,
юртимизда тиклайди ҳурлик!

(Давоми бор)