Иноятовнинг МХХдан кетиши нимани англатади?

Иноятовнинг МХХдан кетиши нимани англатади?
62 views
31 January 2018 - 19:12

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовнинг ишдан олиниши давлат ичидаги давлатнинг қулашига қиёсланмоқда. Бу истеъфо Ўзбекистонда Каримов давридан бери давом этиб келаётган репрессиялар якунланишига умидни кучайтирган.

23 йил давомида қудратли МХХ идорасини бошқариб келган генерал-полковник Иноятов мамлакатда чегарасиз ваколатларга эга бўлган шахслардан бири эди. Ўзбек мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳ ўзгаришлар арафасида турган МХХнинг янги раҳбари ўз фаолиятини халққа очиқ баёнот билан чиқишдан бошлаши керак деб ҳисоблайди.

МХХ раиси Рустам Иноятовнинг истеъфога чиқарилиши Ўзбекистонда ҳокимият алмашиб, Мирзиёевнинг президентликка келишидан кейинги энг муҳим ўзгаришлардан бири сифатида қайд қилинмоқда. Бу истеъфо янги ҳокимятда қудрат талашиш жараёни ниҳоясига етгани, бошқарув тўлиқ Мирзиёев қўлига ўтганлигини ҳам англатиши айтилмоқда.

МХХ раҳбарининг кетиши кўпчиликни қувонтирган, айниқса, узоқ йиллар Иноятов бошқарувидаги хизматнинг асосий нишони бўлиб келган мухолиф фикрловчиларни, тазйиқлар остидаги диний ва дунёвий мухолифатни, мамлакатни таҳдид ва босимлардан холи кўришни орзу қилиб келган кенг жамоатчиликни.

Мухолифат вакили Муҳаммад Солиҳнинг айтишича, Каримов давридаги тазйиқлар рамзи бўлган Иноятовнинг қулаши қувонарли, аммо ҳали “дўппини осмонга отиш” учун асос эмас.

“Бу истеъфо Каримов давридан қолаётган энг катта сарқитнинг ишдан кетганлигини англатади, аммо бу дегани сиёсий саҳна тамомила тозаланди дегани эмас, яъни дўппини осмонга отишга ҳали бироз эрта. Лекин қувончли ҳодиса, қувонмадим деёлмайман, мен 27 йил азоб чеккан шу халқимиз учун севиндим, чунки Каримов давридаги золимлардан бири, асосий ижрочи, жаллод ишдан кетди. Албатта, халқимиз буни кўриб умидларга бериляпти. Мен халқимизга кўзи ойдин бўлишини тилардим. Бу севинч тамомила эмасдир, чунки ҳозир ҳам қамоқда ўтирган, ҳамон азоб тортаётган мухолифатчилар, фаоллар жуда кўп. Кейинги бир йил ичида эса улар сафига бошқалар ҳам қўшилди, ҳамма таниган Бобомурод Абдулла, у каби бошқа журналистлар, ёзувчилар, инсон ҳақлари ҳимоячилари қамоқларда қолишмоқда. Шунинг учун бир-икки раҳбарнинг ўзгаришидан эмас, ислоҳотлар ўтказилиши тенденсияга айланса ҳақиқий маънода қувониш мумкин. Ҳар ҳолда бу истеъфо ислоҳотлар тезланишига сабаб бўлади деб умид қиляпмиз”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.

Рустам Иноятов Президент Шавкат Мирзиёевнинг МХХ фаолиятини танқид қилиши ортидан, ўз аризасига кўра ишдан олингани айтилмоқда. Президент бу химзат ислоҳ қилиниши, ҳисоботга тортилиши керак деган фикрда. Идора фаолияти ҳақида тайёрланаётган янги қонун лойиҳаси хизмат устидан парламент назоратини ўрнатишни ҳам мақсад қилади.

МХХ чорак аср давомида мамлакатдаги энг қудратли, ҳадсиз ваколатларга эга идора бўлиб келди. Мамлакатда ҳокимият алмашар экан Рустам Иноятов ўз лавозими ва МХХ ваколатларини сақлаб қолди. Мирзиёев ўз бошқарувини айнан шу идора раҳбари билан ҳисоблашиб амалга оширишга мажбурлиги ҳақида гаплар чиқди.

Иноятовнинг кетиши Мирзиёев ислоҳотлари олдидаги яна бир тўсиқ бартараф этилганини, ислоҳотлар ўтказилиши, шунингдек, улар ўтказилмаётганининг масъулиятини ҳам Президентга юклайди.

“Енг катта тўсиқ Иноятов эди, шу маънода Ўзбекистон раҳбари том маънода раҳбар бўди, деб умид қиляпмиз. Чунки у одам ҳақиқатдан таҳлика эди, фақат халқ учун эмас, балки давлат учун ҳам. У давлатнинг ичида бир давлат қуриб олган шахс эди, ҳам молиявий, ҳарбий ва маъмурий жиҳатдан бутун кучларни ўз қўлида тўплаган раҳбар эди. Бугун унинг шахсидаги ўша давлат, яъни давлат ичидаги давлат йиқилди”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.

Рустам Иноятов ўрнига ҳозиргача Ўзбекистон Бош прокурори бўлиб ишлаган Ихтиёр Абдуллайев тайинланди. Ихтиёр Абдуллаев ҳақида маълумотлар кам, аммо у МХХда Мирзиёев белгилаган ўзгаришларни амалга ошириш учун тайинлангани аниқ.

Муҳаммад Солиҳ назарида МХХнинг янги раҳбари ўз ишини халқ олдида баёнот беришдан, идоранинг репрессив сиёсати ўзгаришини билдиришдан бошлаши лозим.

“Албатта, бизда бундай одат йўқ, аммо ўйлашимча, МХХнинг янги раҳбари ўз фаолиятини халқ олдига чиқиб очиқ гапиришдан бошлаши керак. Яъни, мана мен янги раҳбар этиб тайинландим, энди бу идоранинг репрессияга қурилган сиёсати мутлақо ўзгаради, биз халқни қўрқувда ушлайдиган ташкилотга эмас, балки уни ҳимоя қиладиган, хавфсизлигини асрайдиган ташкилотга айланамиз, дейиши керак, шундай баёнот бериши керак. Бу ҳақиқатда янги бир ўзгариш, янги бир бошланиш бўлади бу ташкилот учун. Шунингдек, бу халқдаги ишончни тиклайди. Мирзиёйев ислоҳотлари сўзда эмас, амалда бўлаётганлигини исботлайди, халқимиз қонига сингдирилган қўрқувнинг озайишига хизмат қилади”, – дейди у.

Рустам Иноятов МХХ раҳбарлигига 1995-йилда тайинланган эди. У Каримов даврида кузатилган репрессиялар учун жавобгар раҳбарлардан бири сифатида кўрилади.

Ҳуқуқ фаоллари яқинда АҚШдан Иноятовни инсон ҳуқуқларини қўпол ва оммавий топташга масъул бўлган амалдорлар номи киритилган Магнитский рўйхатига қўшишни талаб қилиб чиққан эди.

Манба: amerikaovozi.com