Ё олади, ёки ўлади…

Ё олади, ёки ўлади…
72 views
02 February 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(5-қисм)

Қурвон Сардор “олтин “деганда,
Хон қизларин тутди назарда.
Қирқ йигитни тахт этди тунда,
Сайлаб бир-бир ёвқур саркарда.

Тўрт минг шердан саралаб бир-бир,
Елкасига урди беш панжа.
Сафга турди қирқта алп ботир,
Гужумдайин қомат керганча.

Бири Байрамқилич эмроли –
юз душманга чиққанда ёлғиз,
озар душманининг аъмоли –
у бўридай уради оғиз.

Сафармурод биттаси – така,
Сув остида олади нафас.
Арслон билан олишар якка,
Фаришталар чалар унга қарс.

Бири ёвмут Қурвонниёзхон,
ўн туяни қаторга тараб –
терс югуриб айёр, устомон,
ўтиб кетар устидан сакраб.

Бири човдир Эшмуҳаммадқул –
битта игна билан лашкарни
тиз чўктириб, этар таслим, қул.
Кўзи билан урар олқорни.

Хуллас, қирқта қил ёрган йигит,
башариятнинг энг сара гули,
ҳар замонда аҳдида собит,
қараш қилса, солади ғулу…

Қоракўлга қараб олди йўл,
Олиб келмоқ бўлиб етти қиз.
Юракларда муродлари мўл,
Томирларда ўтмишдан илдиз.

Жунаидхон етти галдирни
Тортиб олмоқ истар, ҳойнаҳой.
Ўйлантирар бирга човдирни,
Бирин тутар такага ширмой.

Етти қизни етти уруққа
Келин бериб сўнг кутар ҳосил.
Бир кун ўғуз қўл чўзар туғга,
Армонлари бўлади восил.

Қурвон Сардор кўрмайди буни,
Аммо кўрар неваралари.
Туғса бўлди туркларнинг куни,
Битсин заҳми, дил озорлари.

***

Шунда қирқта бўрига қоплон
Тайинлади эҳтиёт, чора.
Деди: – Галдир аждардан ёмон,
осмон қўпар тортганда наъра.

Ўлжани у бўлишмас асло ‒
ё олади, ёки ўлади.
У ўзини бермайди, илло ‒
ё тўкилар, ёки тўлади.

Бири қирққа кела олар бас,
орқангизда қолдирмангиз из.
Гужумни ҳам чайнаб қилар хас,
аммо ёвга асло чўкмас тиз.

Малакларни келтиринг бери,
шербаччалар келсин дунёга.
Давом этсин султон сажари,
юрт чўмилсин яна зиёга.

Кўрмоғингиз сизнинг ҳам маҳол,
яхши кунлар келар, алъомон.
Юлдуз туғсин етти ой, ҳилол,
нисор бўлсин етти қат осмон!

***

Ҳеч жойда ҳам йўқ эди тиним,
Алғов-далғов эди бутун юрт.
Бухородан қочганди унум,
Чиқар эди фиғонидан дуд.

Қалъадаги алплар эзилиб,
Чиқиб кетган эди тоғ-тошга.
Ҳар ерда ҳам турмуш бузилиб,
Бало ёққан эди ҳар бошга.

Шукур галдир йиғиб қалъани,
Тузган эди чоқли бир лашкар.
Дев йигитлар елдириб отни,
Кезар эди юртни сарбасар.

Кутмаганда душманга зарба
берар эди қўққисдан чиқиб.
Баъзан бўлса зафар, ғалаба,
Қочишарди гоҳо ҳовлиқиб.

Айёр эди тулкидай рақиб,
Кўп соз эди қурол-яроғи.
Галдирларни этарди таъқиб,
Шу бўларди ишнинг чатоғи.

Қоракўлни босмасди галдир,
Қочар эди юртга тескари.
Қумда тикиб бархандан чодир,
Тентирарди душман лашкари.

Галдир ойлаб қайтмай ортига,
Тутар эди саҳрони манзил.
Олса-да ёв қанча забтига,
Бўлмас эди муроди ҳосил.

***

Қуриб Қоракўлнинг ўзани,
Қумлар тутди бағрини макон.
Кечиб қанча йиллар тўзони,
Унутилди серсув у замон.

Мирзоқалъа атрофини гир –
Ўраб олди қишлоқлар бебод.
Галдирларнинг руҳларидир ҳур,
Қон қусса ҳам айламас фарёд.

Авазниёз мерган саҳарлаб
Чиқди йўрта – кифтида милтиқ.
Йўрға тўриғини эгарлаб,
Йўл юриди тайсалмай ортиқ.

Ёши ўтиб қолган бўлса ҳам,
Қамчидай тик эди қомати.
Чайир эди, минг йиллик бақам,
Мудом келар овда омади.

Кўзига тик қараса бўри,
Айиролмас қайтиб кўзини.
Мерган йиғиб қўлга борини,
Чилвир каби узар бўғзини.

Оҳулар ҳам кўрганда кўзин,
Қони қотиб томирида муз.
Тошдай гангиб йўқотиб ўзин,
Рақиб айтмас ботиниб бир сўз.

Авазниёз бўлса ҳам қари,
Бир бедовдан илдам юради.
Адашмасдан олар мўлжални,
Ўқни қуш кўзидан уради.

Отган ўқи кетмагай хато,
У бекорга отмайди ҳам ўқ.
Қора тунда кўзлайди ҳатто,
Назаридан қочган нарса йўқ.

(Давоми бор)