Усмон Ҳақназаров ҳақ бўлиб чиқди

Усмон Ҳақназаров ҳақ бўлиб чиқди
142 views
01 February 2018 - 21:31

УСМОН ҲАҚНАЗАРОВ ҲАҚ БЎЛИБ ЧИҚДИ

Бир йил аввал, 2017 йилнинг 14 январ куни соат 13:23 да ЎХҲ сайти ўзбек махсус хизматлари (МХХ)нинг раҳбари Рустам Иноятов фаолиятига бағшланган Усмон Ҳақназаров (Бобомурод Абдуллаев)нинг навбатдаги мақоласини эълон қилган эди.

Баъзи “ақллилар” ушбу мақолда тасвирланган воқеаларни “Ҳақназаровнинг эртаклари” деб аташди.

Бугун “эртакчи” Усмон Ҳақназаровнинг ушбу мақоласи нақадар тўғри эканлигини кўриб турибмиз. Бу инсон бугун ўзининг ҳақиқатсеварлиги учун МХХнинг “Гвардейский” изоляторида ҳибсда ётибди.

Эътиборингизга Усмон Ҳақназаровнинг юқорида таъкидланган мақоласидан парчани ҳавола қиламиз.

(Редакция)

* * *

Усмон Ҳақназаров: МХХ раиси Рустам Иноятов истеъфо берди

14 Январ 2017 – 21:31 ‘да юкланди ва 8483 марта ўқилди.

9 январ, душанба куни Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ)нинг юқори мартабали зобитлари иштирокида ўтказилган мажлисда, ўзбек махсус хизматлари раиси Рустам Иноятов “саломатлиги ёмонлашганлиги муносабати билан” ўзининг истеъфога чиққанини айтган. Ўз нутқи давомида Иноятов “Хавфсизлик хизмати ва унинг кейинги раҳбарини, марҳум Ислом Абдуғаниевич даврида бўлгани каби, оғир кунлар кутаяпти” дея таъкидлаган. Шундай қилиб…

Иноятовнинг МХХ юқори мартабали зобитлари олдидаги нутқи ҳақида

“Хавфсизлик хизмати фаолиятининг тубдан тузилмавий ва бошқа ўзгаришларга дуч келиши кутилмоқда. Биринчи ўринда бу ўзгаришлар МХХнинг алоҳида тузилмалари, айниқса иқтисодий ва валюта жиноятлари билан шуғулланувчи, ва бошқа ходимларига яратиб берилган имтиёзларга тегишли бўлади. Шунингдек ходимлар сони қисқартирилиб, ойлик маошлар ҳам камайтирилиши мумкин”, – деган Рустам Иноятов. Унинг айтишича Хавфсизлик хизмати ходимларига, мамлакат янги раҳбарияти томонидан яратилаётган янги шароитларда осон бўлмайди.

“Эртага мен яна бир маротаба мамлакат раҳбари олдига кираман ва ундан яна бир бора биз 25 йил давомида яратган нарсани синдирмаслигини сўрайман. Лекин уни бу фикрдан қайтара олишимга ишончим комил эмас”, – дея таъкидлаган Рустам Иноятов.

Ўз бошлиқларининг нутқини кўпчилик ўзбек “чекистлари” яқинлашиб келаётган таҳдиддан огоҳлантириш сифатида баҳолашган. Мажлисдан сўнг улар бошлиқларининг нутқини ўз гуруҳлари ичида муҳокама қила бошлашган. Иноятов тарафдорлари Хавфсизлик хизмати ҳозирги имтиёзлар ва шарт-шароитларини йўқотмаслигини исташмоқда. Иноятовнинг ушбу хабаридан ҳаммадан кўра МХХнинг Ўзбекистон ичида ва чет элларда сохта шахслар номига расмийлаштирилган катта бизнес тузилмаларига эгалик қиладиган раҳбарлари ташвишга тушишган. Кутилаётган ўзгаришлардан фақатгина ўзбек “контораси”нинг бизнес имтиёзларига эга бўлмаган, “чекистлар”дан иборат гуруҳигина қўрқмаяпти.

Эртаси куни, 10 январ, сешанба куни Рустам Иноятов мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевдан уни қабул қилишини сўраган. Шундай қилиб…

Иноятовнинг Мирзиёев билан учрашуви ҳақида

Ушбу учрашувда Рустам Иноятов мамлакат президентидан саломатлиги ёмонлашаётганлиги сабабли ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини тезроқ имзолашини сўраган. “Кундан-кун аҳволим ёмонлашиб бормоқда. Сиздан тезроқ аризамни имзолашингизни сўрайман. Кеча мен ўз хизматимга ишдан кетаётганимни маълум қилдим. Хавфсизлик хизмати ишчиларига мен аллақачон расман раҳбарман холос, ҳақиқий эмас”, – деган иноятов Мирзиёев билан суҳбатда. Аммо мамлакат президенти Рустам Иноятовдан “ушбу лавозимга ворис топилгунга қадар кутиб туриш”ни сўраган.

Шунда МХХ раиси кутиб туришга ва ишни давом эттиришга рози бўлган, аммо ўзининг “нафақага чиқиш шартлари”ни қўйган. Биринчидан, президентдан расмий тартибда (махсус президент фармонини қабул қилиш йўли билан) унга шахсий ва оила дахлсизлигини таъминлашини сўраган. Иккинчидан, бюджетдан молиялаштириш ҳисобига амалдаги МХХ раисининг шахсий ва оилавий хавфсизлигини таъминлаш учун 10 та қуролланган тансоқчилардан иборат махсус гуруҳ ажратишни сўраган.

“Менинг соқчиларим мен нафақага кетганимдан кейин ҳам хавфсизлик хизматидан маош олишда давом этишларини истайман”, – деган Иноятов. Президентнинг “Нафақага чиқганингиздан кейин сизга бундай катта қўриқлашнинг нима кераги бор?” деган оқилона саволига Иноятов “хизмат давомида Ўзбекистон ичида ҳам, ташқарисида ҳам ўзимга кўплаб душманлар орттирдим” деб жавоб берган…

(мақоланинг қисқартирилган варианти)

(http://uzxalqharakati.com/archives/40092)

* * *

ЭНДИ БУГУНГИ МАҚОЛАНИ ЎҚИНГ

Рустам Иноятов Сенат аъзоси бўлди

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида»ги қонунга кўра, Сенат аъзоси Сенат розилигисиз, Сенат мажлислари оралиғида эса Сенат Кенгаши розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

Сенат аъзосига унинг сенаторлик фаолияти билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда қопланади. Сенат аъзосининг ваколатлари қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда муддатидан илгари тугатилиши мумкин”.

(http://kun.uz/88718624)