Маъсума

Маъсума
104 views
03 February 2018 - 5:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН

МАЪСУМА

Ҳали сал вақти бор… ҳали сал эрта…
Сен мағрур ўтавер, сен қиё боқма.
Ҳали тушма. Ҳали ҳеч гап йўқ ерда,
Сен қанот қоқ, сен чарақла, сен — чақна.

Тушар гоҳ жазава, гоҳи ларзага
Ошкор мухлисинг кўп, кўп ошкор қулинг.
Ҳозир жамолингдан бошқа нарсага
Маъқулдир етмасдан тургани ақлинг.

Ҳозир сен — қалдирғоч, ҳозир сен —қумри,
Рухсоринг қуёшдан нусхадир.
Бу ерда кўп узоқ машаққатнинг умри,
Гўзалликнинг умри қисқадир.

Ҳозир ҳеч қолишмай Қайсдан, Ғарибдан
Шаънингга очмоқда ҳамма даҳо лаб.
Бир-икки йил ўтсин, ўз таърифидан
Улар куладилар хахолаб.

Ҳозир сен шарафлан, ҳозир сен мақтал.
Сўнгра уқубатлар бошланар узун…
Икки йилдан кейин сен ҳақда куйлар
Фақат чақалоғинг, юлдузим.

(давоми бор)