Умр шамоллари эсмоқда ғир-ғир,
Юз билан юзлашди Шукуриллоҳ шоир.
Уни қамаганлар – биронтаси йўқ,
Барининг бағрида дўзаҳ деган чўғ.
Уни қамаганлар – гўрда, тупроқда,
Нафратда, лаънатда, кўздан йироқда.
Жаллодлар ҳамаси бўлдилар ўлиб,
Шукуриллоҳ тирикдир, баридан ғолиб.
Ҳақ дея, ҳалқ дея чеккан эди оҳ,
Муборак юз ёшга етказди Аллоҳ.
Жаллодлар, қотиллар – битмас яралар,
Эй, қўллари қону, юзи қоралар.
Гарчи неча шоир бошин уздингиз,
Шукуриллоҳ пойида чангдай тўздингиз.
Шукуриллоҳ қўлига тақилган кишан
Чириди, қолмади ундан ном-нишон.
Умр шамоллари эсмоқда ғир-ғир,
Жаллоддан узоқроқ яшади шоир!
Раҳимжон РАҲМАТ