Журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййид озодликка чиқди

Журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййид озодликка чиқди
23 views
03 February 2018 - 20:01

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/51-сонли муассасада жазо муддатини ўтаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Тошкент вилояти бўлими фаоли, журналист Дилмурод Саййид(Дилмурод Саидов) 3 февраль куни озодликка чиқарилган.

Бу ҳақда журналист Абдураҳмон Ташанов унинг укаси Обид Саидов сўзларига таяниб хабар қилди.

“Бир неча соат аввал Дилмурод Саидов озодликка чиқарилиб, Тошкент сари йўлга тушгани маълум бўлди. У билан укаси Обид гаплашган. “Акам таксида Тошкентга келяпти” деди. Мен дарҳол Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқамасига қўнғироқ қилиб, маълумотга тасдиқ олдим” дейди Абдураҳмон Ташанов.

Маълум бўлишича, журналист Дилмурод Саидов жиноят ишлари бўйича Қарши тумани судининг ажрими билан муддатидан аввал қамоқдан чиқарилган.

Укаси Обид Саидов билан телефон орқали гаплашган журналист Дилмурод Саидов саломатлиги яхшилиги, бир неча соатдан сўнг Тошкентга етиб келишини айтган.

56 яшар журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Дилмурод Саййид 2009 йилнинг 22 февралида товламачиликда айбланиб қўлга олинган.

Димурод Саййид ва яна уч шахс Ўзбекистон Жиноят кодексининг товламачилик, ҳужжатларни сохталаштириш, қалбаки муҳрлар тайёрлаш, қалбаки имзолар қўйиш моддалари бўйича айбланиб, маҳкамага тортилган.

Самарқанд вилоят Тойлоқ туман суди 2009 йилнинг 30 июль куни Дилмурод Саййидга 12,5 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган. 2009 йилнинг 11 сентябрида туман аппеляция суди ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди ҳам 2010 йил 10 август куни Самарқанд вилояти Тойлоқ туман суди чиқарган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

2013 йилда Навоий шаҳридаги 64/36-сонли жазони ўташ муассасасида сақланаётган журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййид Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Тошкент вилояти бўлими раиси Абдураҳмон Ташанов номига хат чиқарган ва унга нисбатан қийноқлар қўлланиллаётгани, шеър ва ҳикояларининг қўлёзмалари тортиб олинаётгани ҳақида ёзган эди.

Ўша йилнинг 6 мартида у соғлиғи жиддий ёмонлашгани сабаби билан Тошкентдаги 18-сонли махсуслаштирилган колония (Сангород)га ётқизилган эди. 2013 йилнинг кузида эса у Қарши шаҳридаги 49-сонли қамоқхонага кўчирилган. 3 ой муқаддам у билан кўришган укаси Обид Саидовга кўра, Дилмурод Саййиднинг аҳволи яхши ва қийноқ ёхуд тахқирлар ҳақида шикояти йўқ.

Қўлга олингунига қадар у мустақил электрон нашрларда Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни танқид қилувчи таҳлилий мақолалар чоп этган.

Дилмурод Саййид илк бор 2005 йилда Ўзбекистонда чоп этилган ва журналистнинг ўзи ишлаган “Адвокат” номли газетада “Йўқ ҳақидаги бадиҳа” номли мақоласини чоп эттирган эди. Шов-шувларга сабаб бўлган ўша мақоласидан сўнг журналист ҳукумат босимига учраган. Аввалига унинг ўзи ишдан бўшатилган, бироз ўтиб эса газета ҳам ёпилган эди.

Тақдир тақозоси билан 2009 йилнинг 5 ноябрида Навоийдаги қамоқхонада сақланаëтган турмуш ўртоғини кўриш учун йўлга чиққан Барно Жуманова ва 6 яшар қизчаси автоҳалокатга учраб, фожиа жойида ҳалок бўлган.

ЎХҲ хабарлар бўлими