Қонун устуворлиги ва қонун олдида ҳамма баробар эканлигини исботланг

Қонун устуворлиги ва қонун олдида ҳамма баробар эканлигини исботланг
21 views
06 February 2018 - 8:00

Ҳозиргина Daryo.uz сайтида: “беморларга қўполлик қилган шифохона маъмурияти ишдан бўшатилди” номи остида чиққан мақолага кўзим тушди. Бир қарашда ажойиб ва мақтовга сазовор иш. Биз яхши кўрган, шаблонга айлантириб юборилган “қонун устуворлиги”, “қонун барча учун баробар”, “қонун олдида барча жавоб бериши шарт”, каби жумлалар юқоридаги мақоладаги ҳолатлар олдида ўз исботини топмайди.

Эсимни танибманки, қонун – фақатгина қора халқ ва мазлумлар учун ишлайди (истиснолар бўлади, албатта).

Қонунлар амалдорларни четлаб ўтади. Юз сўм ўмарган қора халқ вакили аёвсиз жазоланади. Қонунни рўкач қилиб, бир неча йилга қамалади. Миллиардлар ўмарган эркатой фарзандалар, куёвлар, жиянлар эса омонлик-да, умргузаронликда айшини сураверади. Токи янги ҳукумат келиб, қонунни ёдга олиб, эски ҳукумат арзандаларини жазоламагунича. Кейин эса, ҳаммаси яна бошидан бошланади. Алини ўрнига Вали ўмаришни бошлайди.

6 йил аввал шаҳар “ДАН” бошлиғи кайфда бир йигитни уриб юборган. Йигит шифохонада бир неча кун ётгач, жони узилган. “ГАИ” бошлиғи нима қилган, кимга нима берган билмайман. Аммо қамалмагани, ҳеч бўлмаса мансабидан ажралмаганини яхши биламан. Мени бир танишим эса пиёдани айби билан автоҳалокатга учраб, аёл оламдан ўтгандан кейин, беш йилга қамалганини ҳам биламан.

“Қонун устуворлиги” ниқоби остида қора халқни қонини ичиб, мол мулкини талаб, жонига тажовуз қилинар экан, ислоҳотлар ҳақида гап сўз бўлиши мумкин эмас. Қолганларни билмадим, шахсан мен ишонмайман.

Ли Куан Ю ислоҳотларни, коррупцияга қарши курашишни энг қуйи қатламдан эмас, энг юқоридан, ўз атрофидаги дўстлари ва қариндошларини жазолашдан бошлаган.

Ҳурматли Президент, халқ сизни ортингизда, сизга кўз тикиб турибди. Йигирма беш йиллик умидсизлик, адолатсизликка учраган халқ сиздан умид қилиб, Аллоҳга дуо қиляпти.

Ислоҳотларни итни кейинги оёғига айланган шифокорлар ва мактабда компютер йўқлиги учун айбдор қилинган ўқитувчилардан эмас, Сўконғич Ҳокимлардан, куч ишлатар органлардан бошлаш керак. Фарғона вилояти ҳокими сизга энг яқин инсонлардан бири экани ҳаммага маълум. Халқ сизга ишониши, сизни қўллаб қувватлаши учун, халқни бир тийинга олмайдиган, одамларни ҳақорат қиладиган Ҳокимни жазолаб, ислоҳотлар қоғозда эмаслигини, Қонун устуворлиги ва қонун олдида ҳамма баробар эканлигини исботланг. Халқни умидини сўндирманг.

Саййид Ислом

facebook.com