Тўқилади миш-мишдан эртак…

Тўқилади миш-мишдан эртак…
86 views
16 February 2018 - 6:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(16-қисм)

Иккинчи қисм

Жунаидхон буйруғи билан
яхши кутиб олинди мерган.
Етти қизнинг ичидан нолон
ўқ мисоли бўғзига урган.

Олиб кириб оппоқ ўтовга,
Хизматдалар –  шаънига лойиқ.
Париларни солса оловга,
Ўлсалар ҳам этмасдилар миқ.

Ўтган ишдан шувут бўлиб юз,
Оқ рангларга доғланди изза.
Чимирилиб қошлари қундуз,
Етти малак толиққан тоза.

Товонларга туркмани гилам,
Ботар эди гўёки шағал.
Бошларида дунё ғами жам –
Юраклари эзилган маҳал.

Ўйлаганда ўтган ишлар чўқ
айлар эди қизларни ўсал.
Ер ёрилиб ютганда шу чоқ,
Тарқармиди андуҳлари сал.

Отангни гар ўлдирса биров,
онангни бер, деган ақида
рўёбини кўрдилар дарров.
Бу гап гўё қизлар ҳақида.

Бундан кўра ўлдиришганда,
тортмасдилар бунчалар азоб.
Ҳозир эса иззатга банда
бўлиб улар безовталар тоб.

Қўғирчоқдай безалган ўтов,
Деворларин қоплаган гилам.
Куйдиради кўрпача – олов,
Босган эди дилларни мотам.

Куз ҳам ғамгин, тутмоқда аза –
Совуқ ёмғир томчилаб бир-бир.
Шоҳ қизлари ташлашиб тизза,
Хазонлардай титрашар дир-дир.

Совуқ чалган атиргулдай мук –
тушиб қизлар ўтирарлар лол.
Елкаларин тоғдай босган юк,
Аламлардан лаҳос, бемажол.

                       ***

Ташқарида ўзгача ҳолат –
ошпазларнинг ишлари қизғин.
Тўққиз қўйни товуқдай партлаб,
Тахт қилдилар тухумдай бежун.

Кутиб олинганида мерган,
оёғига сўйиб икки қўй –
ҳурматини қилдилар бекам,
бошлангандай элда катта тўй.

Қизларнинг ҳам шарафига боз,
Етти қўйни қилдилар бежон.
Тун шамоли этганида ноз –
Куз ҳарсиллаб кезганда нимжон.

Жунаидхон ўтов тўрида
Ўтирибди савлат тўкиб ғоз.
Ҳеч маъно йўқ эди кўзида,
Гаплари ҳам силлиқ – оқ қоғоз.

Яширинган эди муддао –
Кўринмасди киндан бир асар.
Чексиз жаҳдни қайга қилган жо,
Қидирмоқлик эди бесамар.

Мерган ортиқ уринмай, қойим,
Уқолмайди ниятин, бенаф.
Тинглар уни тушунмасдан, лол,
Сўроқлари дилида саф-саф.

Қурвон Сардор айёр, ҳам ўта –
филдай кучли, ақлли бир шахс.
Омон чиқар тушса ҳам ўтга,
Буколмаган уни ҳеч бир кас.

Ҳаммасини билиб туриб ҳам:
– Қардошим, хуш келдинг! – деганда,
Авазниёз довдирар бир дам,
ёдга тушиб бари бир онда.

Оёғига сўйдириб қўйни,
Бошлаб борди ўтовга ўзи.
Ўнг ёнига ўтқазиб уни,
Салмоқланиб бошлади сўзни:

– Қоракўлим омонми? – деди, –
Ўғузларнинг қутлуғ макони.
Туркистонни шоқоллар еди,
Эсонми алп эрларнинг жони?

– Омон, – деди Авазниёз ҳам,
Жунаидга жавобан ҳозир.
Савлат тўкиб ўтирар кўркам,
Давра олиб бир неча ботир.

Жунаидхон номма-ном санаб,
Бир нечанинг сўрди соғлиғин.
Рўзимурод полвонни эслаб,
Олди чуқур нафас, сўлғин тин.

– Ҳасан полвон омонми? – деди,
Сафар лўкни эслади кейин.
Қизил аскар бўлди деб, “бангги”,
Ачинди Турсунга анчайин.

Келди шунда қўйнинг калласи
сават каби катта лаганда.
Орқасидан патир шўрваси –
дўғрамаси – гўшт, ажабсанда.

Жунаид қўй қулоғин юлиб,
Мерганга сўнг тутди лаганни.
Иккинчи қулоқни у узиб,
У ҳам чўзди сўнгра каллани.

Дастурхонни айланиб калла,
Жунаидга бўлди ровона.
Икки кўзин ўйди шу палла,
Қурвон Сардор туркман мардона.

Ҳеч нарсани билмагандайин,
Еб-ичдилар эрлар хотиржам.
Жунаидхон хабардор, тайин,
Мерганнинг ҳам бунга ақли жам.

Қурвон Сардор режасин бироқ
аён этмас, англамоқ мушкул.
Мерган ўлса, ечилмай жумбоқ,
Сирлигича қолади буткул.

Тирикларга бўлади майна,
Тўқилади миш-мишдан эртак.
Муддаосин сезганда ҳарна,
Шунга мослаб бошларди эрмак.

Овқатдан сўнг ҳам Жунаидхон,
Суҳбатлашиб ўтирди анча.
Муддаоси этмади бир йилт,
Уч бермади сирли тугунча.

Шундай қилиб Авазниёзни
ётоғига кузатди малай.
Очилмасдан қолди нияти,
Жунаиднинг сири ҳар қалай.

Туни билан қоқмасдан мижжа,
Авазниёз фикрланди кўп.
Ёмғир қуйди тинмай тонггача,
Хазонларни ивитганча хўп.

(Давоми бор)