Хоразмшоҳларнинг шамшири!

Хоразмшоҳларнинг шамшири!
34 views
17 February 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(17-қисм)

 

Қароргоҳда янгради азон –
Тун қаъридан учгандай бир нур.
Раҳматини ёғдирар осмон,
Юлдузлари жовдирар биллур.

Жунжикарди совуқдан кеча,
Уйғоқ эди туллаган олам.
Тўнг қотмоқлик учун бир неча
кунлар қолди – келади қиш ҳам.

Тўшагида қуриб чордона,
Авазниёз юммай чиқди кўз.
Кўкрагини кериб мардона,
Жон берса ҳам чекмайди афсус.

“Нечун келдинг” дея Жунаид
оғиз очмаганидан кейин,
мерган нима десин шу тахлит,
қийин унга, жуда ҳам қийин.

Била туриб у ҳаммасини,
Кутиб олди уни бепарво.
Жунаиднинг ҳий-найрангини,
Ечолмайди шайтон ҳам асло.

Авазниёз олиб таҳорат,
Намозини ўқиди тиниб.
Тонггача тарк этмади ҳайрат,
Ағнаб чиқди оғир хўрсиниб.

Кутмаганда  кириб хизматкор,
Ташқарига чорлар шу замон.
Қурвон Сардор чақирмас бекор,
Тонг отмасдан, саҳари мардон.

Елкасида содиқ бешотар,
Чиқди Авазниёз забардаст.
Туядайин лўккилаб қайсар,
Кўнглида йўқ эди зарра қасд.

Беихтиёр келиб Кўктарлон,
Ёни билан суйканди унга.
Қоплон каби ғар-ғарлаб чандон,
Қутқу солди қоп-қора тунга.

Шунда қора кечани йиртиб,
Келди отнинг ўтли овози.
Ит ҳуриди яна тутоқиб,
Нимадандир қаттиқ норози.

Мерган қадам ташламай ҳали,
Шамаларнинг ечилди сири.
Тилсиз ҳайвон қанча вафоли,
Кишнаб келди тулпорнинг зори.

Авазниёз кўзи олдида
қалқар эди минглаб кўланка.
Эгари йўқ эди қирқ отда,
Ҳозир мерган чўққидай якка.

Тўрт минг отлиқ кўкдаги бургут,
От устида буйруққа маҳтал –
Томоғига учсаю тупук,
Жунаидни тутса бир йўтал…

Йўтали то тугагунича –
алп мерганни туёқлар янчиб,
калласидан қилар ҳавонча –
қасддан ёниб, қонини ичиб.

Акси, бундай бўлмади, алҳол,
Жунаидхон сўзлади бирдан:
– Мерган,  – деди, – сенга бир савол,
жавобини ўйлаб айт обдан!

Келтира кўрмагил қуруқ важ,
ёлғонга йўқ дилимда тоқат.
Чаён эди яралгандан каж –
шунинг учун унга йўқ шафқат.

Кўриб турганингдайин, мерган,
қирқта отдан йўқолган эгар.
Юрак ютиб кимлар талаган,
ким у эпчил – ўғрими, аскар?

– Ўғри эмас, аскар ҳам эмас, ‒
деди мерган тиклаб бошини. ‒
Эгарларни отдан олган кас –
севган киши ўзин боғини.

Пайҳон қилса чаманни тўнғиз,
бефарқ қарар қайси бир боғбон?
Ори йўқлар номуссиз, қўнғиз,
унинг моли, давлати ёлғон!

– Нима учун олдимга, мерган,
ошиқмадинг адолат сўраб?
Бу ақлни сенга ким берган,
Тўғри йўлдан озибсан, ё Раб!

Мерган деди: – Ҳанузгача ҳам
мен турибман ҳаддимда тўғри.
Бебошларга берилди барҳам,
аммо қози энг катта ўғри!

Овчидан бу сўзни эшитиб,
Жунаиднинг ошди ғазаби.
Деди зўрға ўзини босиб:
– Нима ўзи овчи талаби?!

Тўғри чиқди мерганнинг чўти,
Муддаосин очар арқайин.
Сардорни ҳам шу сирнинг ўти
қийнашлиги аввалдан тайин.

Оғриқ жойга тегмасдан мерган,
Узоқроқдан бошлай кетди гап.
Уни ортга нима қайтарган?
Бу қирғинга нимадир сабаб.

Мерган деди: – Камина сўзи,
бир отанинг фарзандларимиз!
Ғорат қилса ўзини-ўзи,
гўрида тинч ётурму Ўғуз?

Эшигимиз сизга ҳамиша
очиқ эди шу кунга қадар.
Қўл урдингиз қинғир бу ишга,
нечун ичдан уйғотиб кадар?

Сўроғимга ахтариб жавоб,
кечиб ўтдим Амударёдан.
Қийнамаса мени шу азоб,
келмас эдим бу ерга, зотан.

– Қайтолмасдинг, – деди Жунаид, –
истамасам эдим адолат.
Қочсанг қилиб катта жиноят,
ётган жойинг бўларди лаҳат.

Ҳаммасини кузатдим обдон,
етиб турди ҳар дамда хабар.
Қилмоқ истаганимда гумдон,
келмас эдинг бу ерга қадар.

Қирқ йигитнинг юрагига ўқ,
ҳар текканда тўлғондим мен ҳам.
Қоидани бузганимча йўқ,
тишларимни қиссам ҳам маҳкам.

Ўғузларнинг қилиб одатин,
қирқ ботирга чиқдинг сен ёлғиз.
Ор-номусинг қўзғолди бутун,
олишдинг ҳам йўлбарсдай тенгсиз.

Кутмаганда ишлатиб усул,
ҳунарингни қилдинг намоён.
Қирқ ботирнинг хотинлари тул,
энди йиғлар кўзлари гирён.

Бироқ сенинг томирларингда
аён бўлди шоҳларнинг қони.
Энди отинг, итингни ол-да,
ташлаб кетгин еттала жонни!

Ҳар биттаси бир шаҳзоданинг
маликаси бўлар муносиб.
Майли, сийлов ўзингга жонинг,
келганлигинг учун йўл босиб!

Мерган деди: – Кетмас бу ўйин,
ҳалол тортиб олдим ўлжани.
Майли, ўлсам шунда ўлайин,
қўйвормайман чопсанг панжани!

Бўлсанг агар туркманнинг боши,
ҳаром луқма емайсан албат.
Тарозига тенг қўйиб тошни,
қилмоқлигинг зарур адолат.

Қурбон Сардор жим қолди бир зум,
Ўз олдида бергали ҳисоб.
Қотиб турар эди тишлаб мум,
Егани тош, ичгани зардоб.

У қилмайди номарднинг ишин,
Паст чиқмаган ахир зотидан.
Қўйворди-да қўлдан жиловин,
Эгар ушлаб тушди отидан.

Бир-бир босиб мерганга қараб,
Одимлади хўрсиниб оғир.
Аскарларнинг юзида ғазаб,
Қонсирашган гўёки шамшир.

Қирқта тулпор – эгарсиз уюр,
Чарх айланиб турар жойида.
Тонг нуридан оқармоқда ер,
Япроқлар хор кузнинг лойида.

Қаршисида туриб мерганнинг:
– Қирқта тулпор, – деди Жунаид!
Авазниёз демаганди ғинг,
“Қўшмайсанми?” деётгандай бот.

– Мингта қўй ҳам қўшиб ол, – деди, –
Жунаидхон кўпайтиб тағин.
Авазниёз: – Дунёнинг моли, –
деди, – ҳеч-да бўлолмас қалин!

– Унда нима тилайсан, тила! ‒
деди Жунаидхон мардона.
Бор, ўзингга этдим ҳавола,
бу кун келажакдан нишона!

Келган эди энди мавриди,
Қурвон Сардор айтди, қайтмайди.
Юрагининг дур, марвариди
тўкилса, “оҳ” дея айтмайди.

Яхши билган Авазниёз ҳам,
Қўлдан бермас имконни сира.
Ёнганида умид деган шам,
Тилагини айтди ошкора.

Деди: – Ўғузхондан қолган тиғ –
Хоразмшоҳларнинг шамшири!
Шу қиличдан ортиғи – ортиғ,
берасанми, туркманнинг шери?

Беролмасанг, эмассан мажбур,
етти қизни кетаман олиб.
Сўрамаймиз икков ҳам узр,
Бўлмас бунда мағлубу ғолиб!

Қуёш чиқиб ботаверади,
бизнинг билан йўқ унинг иши.
Дарё тўлиб оқаверади,
Умр суриб  ғам билмас киши.

Дарғонота турар жойида,
жиловини бермас туркман ҳам.
Туғилади гадо, бойи-да –
мард йигитлар. Бу дунё бир кам.

Тўлдирдими ўтганлар уни?
Тўлдирмаймиз биз ҳам ҳеч қачон!
Сўзларимни тушундинг, ини,
Мен ҳам хафа бўлмайман, ишон!

(Давоми бор)