Тилак

Тилак
36 views
19 February 2018 - 5:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

Таҳририят

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН

 

МЕВА

Қошлар — ажиб япроқ, кокиллар — сунбул,
Қорачиқлар чарос, яноқлар олма.
…Сендан нолимайман, менинг юрагим,
Менинг юрагим, сен мендан нолима.

Сенинг гуноҳингми, менингми айбим,
Бир-биридан ғамгин наво тузамиз.
Мева узар бўлди бу боғдан бошқа,
Биз энди… биз энди… умид узамиз.

* * *

АЙРИЛИҚ

Юрагим вайрона — кўзда ёш — тахир.
Қутлуғ тасвирингда холи қорачиқ.
Авваллари ҳатто қил ўтмас эди,
Энди ора очиқ… энди ора очиқ…

Яхши қол! Ўсмоқда айрилиқ тоғи,
Дилингга дилимни яширдим.
Мен кетдим ўзимдан. Сени ўзимга,
Ўзимни худога топширдим.

* * *

ТИЛАК

Юсуфжон қизиқ хотирасига

«Тила тилагингни»
деди худойим,
«Бахтли бўлишинг-чун,
айт,
нима қилай?»
«Худойим,
минг шукур марҳаматингга,
амр эт,
инсон бўлиб
туғилай».
Раҳмдил худойим
келажагимга
ажиб бир саодат муҳрини
босди.
… Бўлажак онамга
бўлажак отам
шу кун
йиғлаб-йиғлаб
бир мактуб
ёзди.

(давоми бор)