Бир берилур бунақа имкон…

Бир берилур бунақа имкон…
77 views
19 February 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(18-қисм)

Боши берк кўчага Жунаид
кирганини билмасдан қолди.
Оёқлари куйгандай, ҳайҳот,
Тилини у шарт тишлаб олди.

– Одамзотнинг бир “лафзи” ҳалол,
қолган жойи ҳаром, – деди у.
Қайтармоқлик қизларни малол,
кетса қилич, уйим куйди-ку!

“Бор, ўзингга этдим ҳавола”,
дея билмай қилганди хато.
Ё шуни хуш кўрдими Оллоҳ,
Ўз-ўзига қилдириб ато.

Жунаидхон келиб ўзига:
– Майли, – деди мерганга ғоят!
Урғу бериб ҳар бир сўзига,
Деди: – Шартим бордир, ниҳоят!

Мерган деди: – Қандай шарт экан,
бажарамиз, қўлдан келгунча.
Эплолмасак оламиз-да тан,
кетамиз сўнг оёқ етгунча!

– Бажармасанг кетасан ошлаб,
тортган барча азобларингни.
Армон билан бошингни қашлаб,
қолдириб сўнг дуоларингни!

Жунаиднинг сўзин замирин
мерган дарҳол этмади ҳазм.
У шамширга ошиқ эди чин,
Ақлу ҳушин ўғирлатиб зим.

Авазниёз ўйламасдан шарт:
– Мен розиман, – деди, – барига!
Жунаидхон бермаса ҳам сирт,
Раҳми келган эди қарига.

Ишонарди мерган ҳеч қачон
удда қилолмаслигин шартни.
Шунинг учун буйруқ берибон:
– Келтиринглар, – деди, – қилични!

Қиличнинг қинига дур, олмос
ўйилганди нозиклик билан.
Сопи эди қинига жо, мос,
Ер юзига ғавғолар солган.

Жунаидхон бир қоқиб қанот,
Тиғни қиндан чиқарганида –
ёғду сочди оламга, ҳайҳот,
чақмоқ чақди куз осмонида.

Қилични у қинига тиқиб:
Деди: – Мерган, яхшилаб эшит!
Қилич ишқи ичингни ёқиб,
ўлигингни хўрламасин дашт.

Белга тақиб қилични бетин
ўтажаксан дарёни кечиб.
Остингда от, орқангда итинг,
Аму турар бағрини очиб.

Чиқиб Тақиртепага, бизга
қўл силтайсан ўша заҳоти.
Шерлар тушар сенинг изингга,
аждарҳодай пишқириб оти.

Ушлашса гар, бошингни олиб,
қайтаришар қилични ортга.
Бу жангда ҳам чиқолсанг ғолиб,
эришасан улуғвор тахтга.

Қилични то қалъага етиб,
тепаликка санчмасанг бекор.
Омад сенга юзма-юз келиб,
улгурсанг гар, тугайди бозор.

Юз чоқли шер ўша манзилдан
орқасига қайтади қатъий.
Ўйлаб кўргин буни чин дилдан,
бу иш асло эмасдир оддий!

Мерган деди: – Йўқ бунга ҳожат!
Бир берилур бунақа имкон.
Оллоҳ ўзи бергувчи мадад,
керак бўлса ўзи олар жон.

Бахтим қайтса, ўлсам ҳам, ҳайҳот,
афсусим йўқ, бу шонли ўлим.
Ўғузхоннинг қиличи азот,
кесса бошим, буюк орзуйим!

Қурвон Сардор ўз қўли билан
тиғни тақди мерган белига.
– Бахт тиладим, – деди у, – улкан,
Омон етгил галдир элига!

Мерган етти қизни чорлатиб,
Ўпди пешонасидан бир-бир.
Етти маликани зорлатиб,
Насиҳатлар қилди – жавоҳир:

– Яхши келин бўлинг, – деди у, ‒
Яхши хотин бўлинг, иймонли.
Яхши она бўлинглар, ёҳу,
Аёл бўлинг озод, осмонли!

Шундай дея сапчиб отига,
Гўрўғлидай ўтирди қўниб.
Кейин қарамади ортига,
Кетди Амударёга шўнғиб.

Орқасидан отди Кўктарлон
оч тўлқинлар қаърига ўзин.
Шай турарди юзта арслон,
Мергандан ҳеч узмасдан кўзин.

Жунаидхон кузакдай маъюс,
Нени кўзлар – Ўзига аён.
Қонли дарё соларди уввос,
Қирғоқларга бош уриб гирён!…

(Давоми бор)