Озод бўлди ғанимдан Турон…

Озод бўлди ғанимдан Турон…
36 views
20 February 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(19-қисм)

Учинчи қисм  

Хан давлати кучайганда хўп,
Турклар кўрди чексиз талофат.
Ёппасига қирилди тўп-тўп,
Ёш-қарига бўлмади шафқат.

Турк шоҳининг тўққиз ўғлони
Қўл-оёқдан қилиниб жудо –
қийноқлар-ла олинди жони,
ўлиб, битиб турк бўлди адо.

Кесилганча қўлу оёғи –
қолган эди сўнгги шаҳзода.
Бўздек бўлиб турқи-сиёғи,
Ётар эди сассиқ ботқоқда!

У хоқоннинг эди кенжаси,
Тўққиз оға жон берди бари.
У туркларнинг эди эркаси,
Манглайида ўлим хабари.

У тарк этса дунёни магар,
Ўчар эди туркларнинг номи.
Қолмас эди Турондан асар,
Хазон бўлиб баҳор айёми.

Қўл-оёқдан бўлиб мосуво,
Ётганида қурибон шўри,
Туркларга бахт бўлибми раво,
Пайдо бўлди бошида бўри.

Босганидайин оламни булут,
Ер юзини босди сояси.
Яна бўлиб Туронзамин бут,
Пайдо бўлди турк ҳимояси.

Онабўри эди бу соя,
Инояти эди Тангрининг.
Яна туркка топилди доя,
Жони, қулоғини этиб динг.

Онабўри шаҳзодани даст –
Тишлаб олиб қочди жойидан.
Отганида тонг элас-элас,
Кечиб ўтди тоғнинг сойидан.

Орқасидан Хитой аскари
пода бўлиб қувди беаёв.
Паноҳ бўлиб Турон тоғлари,
Ёвларга тик тураверди дов.

Онабўри даралар кечиб,
Чўққиларни кўзлаб олди йўл.
Чангалзорлар кўксини очиб,
Оқ булутлар узатдилар қўл.

Кўкбўрининг оғзида ўғлон,
Беланчакдай ётарди беҳуш.
Кўкда уриб бургутлар жавлон,
Ерга боқиб урардилар жўш.

Чумолидай Онабўрини
қувлаб келар ханлар ёприлиб.
Чангалзорлар тўкиб қўрини,
Йўл очарди туркка эврилиб.

Онабўри бермасидан дов,
Илгарилар гўёки қуюн.
Ханликларга ҳар битта тош ғов,
Қўзғоларлар суриниб қийин.

Онабўри тин олмай, бардам,
Излаб борар овлоқ бир жойни.
Қуёш тутиб туркларга мотам,
Қарғар эди ёвуз хитойни.

Қуёш кунботарга оғганда,
Содир бўлди сирли ҳодиса.
Онабўри тошни босганда,
Қузғунлар лол – замин титраса!

Харсанг чиқиб оёқ остидан,
Туртки берди иккинчи тошга.
Бир-бирини еталаб қасддан,
Кўчкилар ёв, ёғилди бошга.

Чумолидай қирилди аскар,
Қонлар оқди гўёки ирмоқ.
Бу ҳолат рўй бермади бекор,
Тоғлар ёвга ташлади сиртмоқ.

Ханликларнинг қуриб ёстиғи,
Биттаси ҳам қолмади тирик.
Умрин кесди ажалнинг тиғи,
Жон бердилар беҳосил, қуруқ.

Онабўри шундан сўнгра ҳам
тўхтамади йўлида бир зум.
Оёқлари чайирдир бақам,
Сув ичмади тўхтаб бир қултум.

Ой чиққанда патирдай тўлиб,
У тўхтади ғорнинг оғзида.
У душмандан келганди ғолиб,
Унсиз нола эди бўғзида.

Ичкарига тортиб ўғлонни,
Ётоғига ётқизди майин.
Кўкси билан ёпди ёш жонни,
Иситмоқлик учун атайин.

Ғорнинг ичи ой сочган нурдан
бўлганида секин чароғон.
Онабўри ўксиниб, бирдан
увуллади ичикиб нолон.

Акс садо берди тоғу тош,
Дунёларга солиб ғулғула.
Онабўри кўзларида ёш,
Ўксик кўкси умидга тўла!

***

Шаҳзоданинг яраларини
Онабўри ялади уч кун.
Тўкди юрагидан меҳрини,
Парваришлаб зум билмади тин.

Тўртинчи кун шаҳзода инграб,
Ал-оқибат келди ҳушига.
Зўрға икки ёнига қараб,
Нима тушган билди бошига.

Ҳаммасини эслади бир-бир,
Ич-ичидан қақшатди зори.
Тепасида дов қиздай моҳир,
Ўтирарди йиртқич кўк бўри!

Ялаб тўхтатганди қонини,
Сўлагидан оқизиб малҳам.
Асраб қолган эди жонини,
Заҳмларга бериб чек, барҳам.

Шаҳзоданинг елкасидан шарт,
Чопилганди иккала қўли.
Ёпишганди тузалмас бир дард,
Оғир эди унинг аҳволи.

Тиним билмай бўри шу кўйи,
Ялайверди яна қирқ бир кун.
Шаҳзоданинг тинмади ўйи,
Узилганди оламдан бутун.

Икки оёқ илондай култам –
Чопилганди шафқатсизларча.
Қилган билан хорликлар алам,
Фойдаси йўқ ҳолига қилча.

Олти ойда ялаб Кўкбўри,
Жароҳатни битирди тамом.
Шаҳзода ҳам бўрининг эри,
Ҳаёт шундай бўлди бардавом.

Шаҳзодага Кўкбўри бир кам
қирқта ўғил туғди паҳлавон.
Ўғиллари отага ҳамдам,
Барисига уқди, не Турон!

Тоғдан тушиб, ўзга юртлардан
қиз ўғирлаб келдилар, пари.
Ҳар биттаси битта шоҳликдан,
Ҳар бирининг султон падари.

Ўзларидан кўпайиб, тезда,
Тоғликларга қолдилар сиғмай.
Тоғни ташлаб, бир куни ёзда –
Пастликларга юзландилар шай.

Қарши тура олмади душман,
Чиқиб қоча бошлади юртдан.
Озод бўлди ғанимдан Турон,
Турк ёйилди Она Бўзқуртдан!

Лол этганча турклар очунни,
Ғолиб келди  минг йиллар қатор.
Чўкирдилар вақт етиб Чинни,
Қуёш шундан – Турондан отар.

Ўтди неча хонлар замони,
Ўтди неча шавкатли подшоҳ.
Бироқ ҳеч ким Ота Туронни
Ўғуздайин қилмади ислоҳ.

Баъзи подшоларнинг қудрати
Юлдузларни айлади ғорат.
Мол-дунёсин бўлмай сарҳади,
Лаълдан қурмоқ истар иморат.

Аммо Турон заминининг боши
кўрмади сўнг Ўғуздайин тож.
Ўғузхоннинг кескир қиличи
Қуёшдан ҳам олар эди бож.

(Давоми бор)