Матназар оға хотирасига

Матназар оға хотирасига
52 views
20 February 2018 - 8:32

(Матназар оға хотирасига)

***
Кўнглим етган жойга оёғим етди,*
Энди эса кўзим етиб турибди.
Яна куз келмоқда эшигим қоқиб
Сал нарида қиш ҳам кутиб турибди.

Сентябрь…ўн тўққиз…– қайғули сана,
Йил кўксин ўпириб ўйилган ўйдиқ.
Унга тушар кўнглим юмалаб яна,
Бир қутлуғ дийдорни тупроққа қўйдик.

Ташлаб кетгани йўқ бизни, биз уни
Азизлар ёнида қолдириб кетдик.
Дилтуби чиқмайди тилнинг учига,
Ёнидан оёқнинг учида ўтдик.

Ҳаёт – гул, қабрнинг олдида ўсган,
Вақт – хотира тўри тутган капалак.
Осмон – Ер ораси тор ва қоронғу,
Бунчалар ёруғ, кенг қабр ва юрак.

Дунёда яшамоқ оҳ нақадар бахт,
Риштани узмасанг ўлганлар билан.
Нақадар шириндир бирга яшамоқ,
Матназар оғани кўрганлар билан.

18 сентябрь 2017 йил

*Кўнглим етган жойга оёғим етмас–Мурод Иброҳим сатри

МАҲМУД РАЖАБ

Манба: Жайҳун мавжлари