“Турк” сўзининг ўзаги…”

“Турк” сўзининг ўзаги…”
146 views
21 February 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(20-қисм)

Турк бешиги кўҳна Туронда
ўзанига тушганда ҳаёт.
Йўлга кириб ишлар маконда,
Турмуш ривожланиб, эл обод.

Чорвачилик билан асосан,
Боғлиқ эди халқнинг турмуши.
Туркнинг доим ярим иши жанг,
Қиличбозлик оддий юмуши.

Мол териси, жуни, қатиғи
эди чорвачилик ўзаги.
Сигирлари, оти, совлиғи
ўтлоқларнинг эди безаги.

Турк отларин таърифи сирли,
Афсоналар тўқилган турфа.
Ўтар эди хонлар армонли,
Минсам деб турк отин бир даъфа.

Таърифини эштарди эллар,
Ўзин кўрмас эдилар бироқ.
Турк отига етолмас еллар,
Асли насли уларнинг Буроқ.

Муҳаммадни олиб учган ел –
Турон отларининг авлоди.
Булутларга шамшир урган эл –
Турк қавмларининг аждоди.

Она бўригача бўлганлар
саналарди Ёфас зурёди.
Шаҳзодадан сўнг кўпайганлар
Бўзқурт ўзбек – туркларнинг ёди.

Кундан-кунга ошиб қудрати,
Ривожланди ҳунармандчилик.
Ичларига сиғмай ғайрати,
Юрт босдилар қилиб туркчилик.

“Турк” сўзининг ўзаги айнан
Куч маъносин англатган боис,
Туркка феълдош номи ҳам чунон,
Қаҳри эди зайлидай қалтис.

“Мен” сўзи ҳам туркка қўшимча,
Турк номидан фахр туйғуси.
Турклигини бўрттирганича,
Дунё кезди Турон Бўриси.

Шунинг учун бўлса керакки,
Султон Маҳмудбекни Фирдавсий
қилмоқ бўлиб мазах, калака,
жавоҳирдан тўқиганди чий.

“Эй Оллоҳим, ‒ деган эди у, ‒
туркни яратганингча – бўри,
бўларди-ку яратсанг, ёҳу,
ерни қайиштирди-ку зўри!”

Султон Маҳмуд муносиб жазо,
Фирдавсийга берарди ҳукман.
Фикратида чақнади зиё,
Омон қолди топталмасдан шан.

Фирдавсийлар туғилмас кунда,
Аён эди султон Маҳмудга.
Қиссадонни султон ўшанда
талатмади шақолга, итга.

Жўмардлик не кўрсатди султон,
Дунё кўрди тенгсиз бир асар.
Бутун форслар урса-да жавлон –
Ёзолмас ҳеч асар бу қадар.

Хуллас, турклар уйғурландилар,
Жилоланди мусиқа, санъат.
Турмуш-тарзлар уйғунландилар,
Гуркиради илм, маърифат.

Таммаддун деб исм олгандай,
Уйғур деб ҳам атадилар сўнг.
Оврупода “гун” атагандай,
Номдан номлар чиқаверди ўнг.

Бироқ Хитой билан калласи
бир қозонда қайнамади ҳеч.
Қовушмади муомаласи,
Ғижжилашди улар эрта-кеч.

Таҳликада яшади Хитой,
Шуурида совуқ бир хатар.
Кўнгли кирнинг хаёллари лой,
Ичин ҳасад кемирар баттар.

Буюк девор тиклашди ғалат,
Доимо танг бўлгач аҳволи.
Турк шамани деди, бу элат,
Хирмонларга тушган чумоли.

Ўша замонларда Ўғузнинг
бузруквори эди Турк хоқон.
Илтимоси бор эди Чиннинг,
Қўймоқ учун туркларга қопқон.

Тинчлик шарти, гарови бўлиб,
Чинда турмоғи керак Ўғуз.
Жангчи маликага уйланиб,
Чин кўшкида яшасин ёлғиз.

Бўлди хонлар хоҳлагандай ҳам,
Турди Ўғуз Чин саройида.
Режаларин қилиб жамулжам,
Қочди бир кун баҳор ойида.

Шоҳнинг яхши кўрган отини
миниб қочди қочганда ҳам у.
Лашкарларга бермай олдини,
От устида маҳкам турди у.

Шамол каби елди Оқ тулпор,
Бошин эгди Турон тоғлари.
Омад бериб қодири Ғаффор,
Қучоқ очди юртнинг боғлари.

Жасорати боис, отаси
кўкрагига босди ўғлини.
Дер: – Сен Туронзамин эртаси,
Кўтарарсан  кўкка туғини!

Ўғуз Турон бошин қилиб жам,
Мушт қилмоқни истарди мудом.
Чўғланарди орзулари – шам,
Боғлаганди белини маҳкам.

Бир кун ётиб, тушига саҳар,
Юлдуз кирди, чўғдай ложарам.
Оппоқ қордай учиб бир мармар,
Ўз домига тортди боғ-эрам!

Мармар суниб, ортига қайта –
учди юлдузлардан ўзгудай.
Ҳажми ердан юз чандон катта,
Кўринарди кичик кўзгуда.

Ўғуз кичик кўзгудан жуда
дунёларга ташлади назар.
Юрагида шавқи авжида,
Шўнғиб кетди анчага қадар.

Бир манзилга етганда бироқ,
Тўхтаб бирдан, бўлди маҳлиё.
Тир отарди йигитлар қирқ чоқ,
Нишон олиб оғочни, аё.

Тирлар учиб бориб нишонга
санчиларди найзадай чуқур.
Учиб кетар чексиз маконга,
Турон отларидан ҳам учқур.

Ўғуз ҳайратидан сесканиб,
Сапчиб турди тўшагидан даст.
Тахаюлда бир фикр ёниб,
Камон ясамоқни қилди қасд.

Чайир оғоч шохини эгиб,
Каманд солди икки учига.
Ип дириллар сал кетса тегиб,
Куч қўшилди Ўғуз кучига.

Ўғуз ўқни ясади кейин,
Отди уни Хитойга қараб.
Кўкни чизиб оловли чақин,
Ханлар кўксин ўтди яралаб.

Орқасига ўгирилиб боз,
Яна бир ўқ узар экан то –
Туркистоннинг тизмасин шоввоз,
Нақ тўшини урди – бехато.

Шимолга ҳам чўтлаб отди ўқ
Олёзқорни ўтди ўқ бўйлаб.
Ўз ишидан Ўғуз кўнгли тўқ,
Мунгли қотди нарини ўйлаб.

Олёзқорни кечиб бир замон,
Кетган авлодларни этди ёд.
Қоқ  ўртадан бўлиниб макон,
Қолди унда ким неча авлод.

Ғарбга томон юз буриб Ўғуз –
Мақдунёни олди у мўлжал.
Ўқ йўналди айтгандай бир сўз,
“Келажакда кўп бўлар жанжал”.

Ўққа ростлаб руҳини шаман,
Чизди Турон харитасини.
Кийик тери бўялди чаман,
Қучиб юртнинг ҳар нуқтасини.

Мамлакатнинг аскари тамом
қуролланди, кифтида камон.
Камон эмас эди, қатли ом,
Ўғузхонинг кафтида замон.

Лек мудофаа бўш эди ҳали,
Ҳимояга зарурдир қурол.
Кеча-кундуз Ўғузхон далли,
Хаёллари тизгинсиз марол.

Яна ётиб туш кўрди бир кун:
Икки юлдуз кўкда келди дуч!
Кундуздай ял ёришди-да тун,
Тушиб келди кескир бир қилич.

Ёфас олиб қинидан тиғни,
Берди: – Тут, – деб Ўғуз қўлига!
Ўғуз сермаб кўриб қилични,
Авайлаб сўнг тиқди қинига.

Икки юлдуз қўшилиб, ёниб –
Бориб тушди ўрмонга шунда.
Ўғуз уйқусидан уйғониб,
Ўрмон борди қоп-қора тунда.

Копток каби тушган битта чўғ
Нур сочарди кечага ёлқин.
Теккан ердан кўтарилар буғ,
Қайнаб ётар оловли тўлқин.

(Давоми бор)