Кўз олдида бир қилич – тенгсиз…

Кўз олдида бир қилич – тенгсиз…
113 views
22 February 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(21-қисм)

Қирқ кун турди қизариб парча,
Яна қирқ кун қайнади тани.
Ойлаб шундай турмасин қанча,
Қўл тегизиб бўлсайди қани!

Бир йил ўтиб орадан роса,
Ҳарорати қолмади тамом.
Ўғуз деди: – Қилич ясаса
энди бўлар, парча бўлди ром!

Кўрага минг кирмасин темир,
Асло таъсир қилмади иссиқ.
Болға урма, унга барибир,
Бир жойига тушмади чизиқ.

Боши қотиб Ўғузнинг яна,
Ойлар излаб ўйлади чора.
Темир қилган каби тантана,
Эгиламан демас бир бора.

Ўғуз яна ётиб туш кўрди:
Юлдузлар ғуж қоронғу кеча!
Битта юлдуз бирдан кўз ёрди,
Ерга қараб сузди – бир кулча.

Орқасидан қолдириб чўғ – дум,
Ерга томон учди мисли тир.
Ётар эди уйқуда мардум,
Тинч замона – бамайлихотир.

Темирчилик устахонаси –
туйнугидан кирди ўша нур.
Темирга тенг тушди шуъласи,
Жилоланиб юлдузлар ёнур.

Оппоқ ёғду ичиндан яшил
бир нур инди – сочнинг толаси.
Текканида темир ҳам чил-чил
товуш бериб, ийди танаси.

Шакллана бошлади қилич,
Ойдай балқиб, асл қиёфа.
Ёйди уни кўринмас бир куч,
Ўлчами зич, аниқ масофа.

Қилич пайдо бўлди-да шу чоқ,
Ранглар сочди мисли камалак.
Бу рангларни ҳеч ким кўрган йўқ
шу пайтгача Ўғуздан бўлак.

Дунё охир бўлганида ҳам ,
Ҳеч ким уни кўрмагай такрор.
Туронзамин ёришди кўркам ,
Жаннатлардай гўзал, сервиқор.

Туйнукдан нур чиққанда суниб,
Ўғуз шамшир тиғига қараб,
тураверди қотиб, анқайиб,
уни тилсимлади тиғ, авраб!

Вужудини босди қора тер,
Хаёллари тушовли, банди.
Ҳайрат келиб идрокидан зўр,
Гапиролмай тил каловланди.

Қўрққан боладайин ҳайқириб,
Уйқусидан уйғонди сапчиб.
Хизматкори келганда кириб,
Ҳушин йиғди совуқ сув ичиб.

Жиққа ҳўлдир тердан бадани,
Эътибор ҳам бермади бундоқ.
Бу тушидан топгандай маъни:
– Қилич! – дея отилди шу чоқ.

Эшигини тепиб кирганда
бир зарб билан устахонанинг:
Жилоланиб тахта устинда,
Қилич турар сопи билан динг!

У қинидан суғурди тиғни –
Ёфас берган бу ўша шамшир!
Кўз оламан, дер эди чўғи,
Дами тиғнинг чақмоқдай кескир.

Сано айтди Тангрига Ўғуз,
Ёноғини ювди ёшлари.
Кўз олдида бир қилич – тенгсиз,
Лаъл, ёқутдан безак тошлари.

Рўмолчага артиб юзини,
Шамширга тик боқар ҳумоюн.
Узолмасди икки кўзини,
Юрак унга бермасди бўйин.

Ўғуз чиқди ташқари шу чоқ,
Тошга урди шамширни қаттиқ.
Кўҳна олам бунёд бўлибоқ,
Тиғ кўрмаган бу тиғдан ортиқ.

Қилич кесди тошни ёғдай соз,
Косадайин бўлинди харсанг.
Сўнг қояга қилич солди боз,
Ерга қулаб тушди тош – заранг.

Девлар келди Ўғузга қарши,
Икки қўллаб у тутди қилич.
Тоғ мисоли девларнинг лоши
қора ерга қоришди қулунж.

Тоғлар келди Ўғузга қараб,
Яралади кўксини шамшир.
Йиқилдилар беролмайин тоб,
Тиғ танини этганда ғалвир.

Сонияда Ўғузга Рабби
тиғ қудратин этди намоён.
Ҳеч бир зўрнинг етмайди тоби,
Туркка таҳдид этолмас бир жон.

У англади, шамани яхши,
Тақдирига эди у иқрор.
Энди шамшир унинг йўлдоши,
Яратгандан тилади барор.

Кўкда янграб момогулдирак,
Тунни тилди олов учқунлар.
Ғир-ғир эсди саррин елвизак,
Булутлардан инди кўчкинлар.

Эмандай ғоз турар Ўғузхон,
Қўл кўтариб осмонларга тик.
Тўлиб кетди чақмоққа осмон,
Булутларнинг юраги кемтик.

Ўғузхоннинг атрофини гир
ўраб олган бутун турк аҳли.
Мўъжизакор яратган Қодир,
Фараҳли тун – ҳаво шукуҳли.

Ёмғирдан жиқ эзилган жусса,
Чарх урмоқда қўлида қилич.
Ер юзида гўё йўқ ғусса,
Туронзамин кўксида севинч.

Ички кийимида Ўғузхон,
Ёмғир билан тушмоқда рақс.
Шамшир ўйнар шаҳд ила ҳар ён,
Ҳаракати шиддатли, қалтис.

Ёмғир томчилари тегмасдан,
келиб қайтиб кетар ортига.
Қилич гўё нам юқтирмас тан,
Ғубор қўнмас асло бетига.

Ўғузхоннинг устида, ҳайҳот,
Қолмаганди ёмғирдан томчи.
Жанглар шарҳин ёзарди хаттот,
Келажакка юбориб элчи.

Одамларнинг руҳлари кўпчиб,
Сиғмас эди ҳеч ҳам ичига.
Ҳаволарда шамшир боз учиб,
Куч қўшарди улар кучига.

Ўғузхоннинг атрофин ўраб,
Тушди шунда эл ҳам рақсга.
Минг-минг юлдуз фалакдан қараб,
Ёниб-ўчиб турдилар қарсга.

Худди бугун туркманлар[1] рақси
бўлганидай ҳарбийчасига –
ўшанда ҳам рақс эди асли
том маънода – туркманчасига.

Бошларида силкима телпак,
Қўлларида ҳамиша қамчи.
Этикда ер тепар ҳар эркак,
Қизларининг сочи ағрамчи.

Ўзагида қиличсолари –
қанотларга берарди тартиб.
Турналардай суниб қизлари,
Товланарди нозлари ортиб.

Алиқамбар янграрди ҳассос,
Қўшнайчининг бўғзида нола.
Ҳайқириқлар кечани гуррос,
Нурга инган бешикка сола.

Беш минг йилдан кўпроқ ўтиб вақт,
Кечиб қанча баҳор, фасли куз,
Турк элларда ҳали ўша рахт,
Ўзбек ҳали ўша турк, Ўғуз.

Руҳияти жанговар – шамшир,
Елкалари тоғлардай бўлиқ.
Душманларни қақшатади зир,
Саҳрода от, дарёда балиқ.

Қизлари ҳам ҳув ўша аёл –
Ўғузхонни туққан фаришта.
У оққушдир,  суқсур ё марол,
Эрларига содиқ, ошифта.

Беш минг йилдан бери дунёга
неча эллар келиб кетмади.
Томчи сувдай ўрлаб ҳавога,
Илдизсиз ҳам изсиз ўтмади.

Юзлаб халқлар номлари бугун
тарихлардан ўчгани ҳам рост.
Кўп халқларнинг ўтмиши беун,
Қолиб кетди тўзонда паққос.

Турклар ҳар кун туғилди бошдан,
Ҳар кун янги кўз ёрди ғунча.
Тимсол олди бобо қуёшдан,
У тургуси – дунё тургунча.

Ўғуз тутиб бошида қилич,
Адо этар – шукрона рақс.
Шер ўғлонлар такрорлар қурч,
Сардоридан олиб янги дарс.

Ёмғир ёғар – тоғдан келар сел,
Ирмоқлардан дарёлар пайдо.
Қувончидан садр  тушар эл,
Дунё боқар туркларга шайдо.

Қуёш каби тиғ таратиб нур,
Атрофига сочади шуъла.
Руҳ эмади нуридан шуур,
Турон порлар мисли машъала.

Чор атрофни титратиб зир-зир,
Тиғ ўйнайди Ўғуз қўлида.
Ерга тушмас бир томчи ёмғир,
Катта байрам – Турон элида.

Қўлларида ҳимоя тиғи,
Қудратини этар намойиш.
Бу Тангрининг туркка тортиғи,
Тозаради ўлкада турмуш.

Турон эли ихтиёрида
ер юзининг ҳимоя тиғи.
Шу қилич бор турклар қўлида –
Маҳшаргача эл кўрмас йиғи.

[1] Туркманлар деганда фақат бугунги туркманлар эмас, азалдан бутун хоразмликлар назарда тутилган.

(Давоми бор)