Одамлар орасида ҳали ҳам ишончсизлик ҳукмронлик қилмоқда

Одамлар орасида ҳали ҳам ишончсизлик ҳукмронлик қилмоқда
18 views
22 February 2018 - 9:00

Одамларимиз орасида ҳали ҳам ишончсизлик ҳукмрон эканлиги билиниб қоляпти. Баъзиларнинг айтишича (бунга кўп марта гувоҳ бўляпмиз), бизнинг одамларимизга эркинлик бериб бўлмас эмиш. Бизни доим қўрқув остида ушлаб турилмаса, ўзимиздан кетиб қоларканмиз. Шавкат Мирзиёев янги президент бўлган пайтлари юқори доираларда ишлаб келган бир акахон бизга қараб мана бу мазмундаги гапни айтгани ҳали ҳам ёдимда турибди:

“Сиз диндорлар (орамизда имом домла ҳам бор эдилар, у киши ўша пайтда бўлаётган ислоҳотларни мақтаб гап бошлаган эдилар) Президент эркинлик берди, деб жаа ўзларингни эркин қўйворманглар! Илгари қандай юрган бўлсаларинг шундай юраверинглар! Ҳозир эркин қўйвориб, ҳаммасини чўмич устига чиқариб олишади!”

Ҳозир ҳам аксаримиз шу аҳволдамиз десам адашмаган бўламан. Яқинда бир улуғ олимимизнинг суҳбатларида бўлганимизда, у зот ҳозирги ислоҳотлардан хурсанд эканликларини изҳор этдилар. “Шу кунларни кўраман деб ҳеч ўйламагандим”, деб кўзларига ёш олдилар. Сўзларининг орасида эски раҳбарлар ҳали ҳам “кутиш режими”да эканлигини айтиб: “Халқимизда яхшиликларга, ислоҳотларга умид бор, лекин хоҳ диний соҳада бўлсин, хоҳ дунёвий соҳада бўлсин эски ҳолатга қайтиш умиди эса айрим раҳбарларда ҳали ҳам бор”, деб айтгандилар.

Бизлар шунчалик аҳволга тушиб қолган эканмиз! Ҳали ҳам қалбда умид билан бирга қандайдир ҳадик ва қўрқув йўқ эмас! Аллоҳ яхшиликларда бардавом қилсин! Ёмонлардан ва уларнинг фитналаридан Ўзи паноҳида асрасин!

Умиджон Турсинов

facebook.com