20 февраль – шоир Матназар Абдулҳаким туғилган кун

20 февраль – шоир Матназар Абдулҳаким туғилган кун
55 views
21 February 2018 - 17:26

Улуғ шоир Матназар Абдулҳаким туғилганига бу йил 70 йил бўлади. У менинг дунёқарашимни ўзгартирган бир инсон эди.

1980 йил, илк шеърларим Урганч туман газетасида босилган куни, газетани кўтариб Матназар аканинг олдига борганимни эслайман.

Матназар оға, Ёзувчилар уюшмасининг Хоразм вилоят бўлимида адабий маслаҳатчи бўлиб ишларди.

Чап кўзини сал қисиб газетадаги шеърларимга кўз югуртирган бўлдида, «Яхшиси кечқурун уйга келгин, гаплашамиз!» деди Матназар ака. Қўлимга эса Рауф Парфининг «Қайтиш», Муҳаммад Солиҳнинг «Оқ куйлаклар» китобини тутқазди.

«Буларни албатта ўқи. Келганингда фикрингни айтарсан!» Устоз ва шогирднинг «расмий танишуви» шу билан тугади.

Шу-шу Матназар оғанинг унинг «Қоровул» қишлоғидаги уйига «китоб ўқиш»га бориш менинг одатимга айланди.

Янги машқларим билан танишгач, ўзининг ҳам янги шеърларини ўқиб берар. Кейин эса навоийхонлик қилишга тушардик.

Нимқоронғи долондаги кўрпача устига, бир нечта ёстиқ олиб келиб ташларди. «Китобни ёстиқни устига қўйиб ўқиш қулай менга», дерди у.

Бир ғазал ёки байтнинг таҳлили билан бошланган «китоб ўқиш» тун қоронғусигача чўзилар, қайтишда Матназар аканинг кутубхонасидан Кафка, Кортасар ёки Маркеснинг китобини кўтариб қайтардим.

«Октябр байроғи» даражасидаги машқларим билан бу асарлар ўртасида ер билан осмонча фарқни кўргач менинг зеҳниятим ҳам ўзгара бошлади.

Номард бўлай агар нолисам,
Бошқа тирилмайман, ўлмайман.
Бир қутулсам, бир кетиб олсам,
Дунёга мен бошқа келмайман.

Деган эди устоз бир шеърида. Мен Матназар акадан нималарни ўқиш, нимани ўқимаслик, нимани ёзиш, нимани ёзмаслик кераклигини ўргандим. Шоир Матназар Абдулҳаким 2010 йили оламдан ўтди. Ундан вазмин такрорланмас сатрлар қолди.

Қудрат Бобожон

Манба: eltuz.com