“Ленин деган исм улар учун нафрат тимсоли эди”

“Ленин деган исм улар учун нафрат тимсоли эди”
23 views
23 February 2018 - 8:00

ГУЛНОР
(Ҳужжатли роман)
Аҳмад Бейжон Эржилосун (Ahmet Bican Ercilâsun)

Бу “роман”даги саргузаштли воқеаларнинг катта қисми 1986-йилда Ўзбекистонда рўй беради.

Романда тасвирланган персонажларнинг аксарияти бугун ҳаётда бўлган кишилардир. Улардан баъзилари муаллифнинг яқин дўстлари, танишларидир. Туркия ва Туркистон турклари ўртасидаги муносабатларни кузатиб бораётган ҳар бир киши романда тасвирланган воқеаларнинг реал ҳаётдан олиниб ёзилганига шоҳид бўлади.

Масалан, романдаги профессор Эрйигит — роман муаллифининг ўзи. Бошқа тўқима исм билан аталган олимлардан бири Турғут Дениз — ҳаётда профессор Дурсун Йилдиримдир.

Tошкент саёҳатида тасвирланган персонажлардан “Асан Али” — қримтатар ёзувчиси раҳматли Айдар Усмон бўлса, “Камол Эркин” — Рауф Парфидир.

“Mаҳмат Маъруф” эса, Мамадали Маҳмуддир.

Шунингдек, романда шоир Муҳаммад Солиҳ xам бор. У “Aнвар Мурот” исми остида тасвирланади.

Туркия туркчасидан ўзбек туркчасига ўгирган: Пирмуҳаммад Xoлмуҳаммад
Роман Истанбулда “Ötüken” нашрётида 1997 йилда Туркия туркчасида босилган

* * *

4-ҚИСМ

Ленин ҳайкали қошидаги маросимда Ўғузни ғалати хаёллар босди. Эҳтимол, унинг хўжалари (домлалари) ҳам шундай туйғуларни ҳис этгандир. Ленин деган исм улар учун нафрат тимсоли эди. Худди “Москва” номи каби. Энди эса бу ҳайкалнинг қаршисида ҳурмат билан қотиб туришарди. Лекин бу расмий маросим эди. Совет кишилари ҳам Tуркияга келса, Отатурк ҳайкали олдида ҳурмат билан туришарди. Туркиядан келган олимлар ўзбек қардошларини кўриш учун бу расмиятчиликни бажаришга мажбур эдилар.

Ўғуз, ёш олим Гулнорнинг хаёлига ҳам келмаган нарсаларни гапирганди. Ўғузларнинг ўзбекларга қариндош эканини, ҳатто улар бир миллатнинг икки уруғи эканини тушунтирганди. Бу фикрларни тушунтирмоқ учун наин-ки, Ленин, Сталин ҳайкали қаршисида ҳам “ҳурмат билан” туришга арзирди.

Ўғузнинг юрагида шубҳага ўхшаган бир ҳис пайдо бўлди. Бу унинг Гулнорга тушунтирган фикрларими ёки Гулнорнинг яшил кўзларига оид эдими, англаёлмади. Кейин бу ҳис йўқ бўлди.

Академиядаги очилиш маросими тантанали бўлди. Ўзбекистон фанлар академияси ва тил институти президентлари билан хорижий ўлкалардан биттадан вакил ҳайъат девонига таклиф қилинди. Туркияни профессор Ойша Қилич хўжахоним тамсил этди. Аммо унинг ёнида Ўрхон Нодий хўжа ҳам ўтирарди. Туркиядан бир эмас, икки олимнинг девонда ўтириши айниқса Ўғузни ғурурлантирди. Ўрхон Нодийнинг Туркия номига нутқи ҳақиқатан ҳам яхши бўлди. Турк-совет дўстлигини ҳам, ўзбеклар-ла қардошликни ҳам бузмайдиган шаклда гапирганди. Ўрхон Нодийнинг Москвадан келган иккита меҳмонни тез-тез “суҳбат”га тортиши орқасида ўша муносабатларни мустаҳкамлаш истаги ётарди.

Профессор Чанишев татар туркларидан эди. Узоқ йиллардан бери Москвада яшар ва ўзбек, озорий, қозоқ туркологлари ичида катта обрўси бор эди. Профессор Маликов эса асли озорий эди, у ҳам москвада яшар эди.

Турк ҳайъатида баъзилар Ўрхон Нодийнинг москваликларга яқинлашувини шахсий эътибор қозониш учун қилинган ҳаракат деб баҳоларди. Аммо Ўғуз бундай деб ўйламасди. Ўрхон хўжанинг “ҳаракатлари” турк ҳайъати фойдасига эди, бу етарли эди.

Эрйигит хўжа:

–Ҳар ким қўлидан нима иш келади-ю, нима келмаслигини билиши лозим. Масалан, мен Ўрхон хўжа қурган алоқаларни фойдали деб биламан. Бундай муносабатлар ўрнатишда менда қобилият йўқлигини ҳам биламан. Демак, мен қобилиятли дўстларимга ҳасад қилмай, уларни қуллаб-қувватлашим лозим, — деди.

Эрйигит хўжа, “қизим сенга айтаман, келиним сен эшит” қабилида гапирганди бу гaпни. Аммо “келин” Ўрхон Нодийга ҳасад қилганларми ёки Ўғузми? Ўғуз буни ўйлади. Балки Эрйигит хўжа Ўғузга “қара, бу одамлар бўлари бўлган, уларнинг характерини ўзгартириш қийин, сен эса ёшсан, уларга ўхшаб ўз касбдошларингга ҳасад қилма” демоқчи бўлгандир.

Оқшом емагини яна меҳмонхонада ейишди. Гулнор яна Ўғузнинг ёнига ўтирганди. Сўнар Ойдамир ва Ўрхон Нодий ҳам улар билан бирга ўтирди.

Гулнор Ўрхон Нодийга қараб:

–Ўрхон бей сиз гуруҳнинг секретарисиз, шундайми?, — деди.

Ўрхон Нодий:

–Гулнор хоним, бизнинг делегация (ҳайъат)нинг раҳбари профессор Ойша Қилич хоним. Фақат, биласиз, у ёши анча ерга бориб қолган. Мендан ёрдам истади. Мен ҳам сизларнинг раҳбарингизга “секретар” эканимни сўйлагандим.

“Секретар” сизларда жуда муҳим экан, мени олд планга чиқара бошлашди…

Гулнор унинг сўзларидан қаноат ҳосил қилди шекилли, мавзуни ўзгартирди:

–Сўнар бейнинг маърузасини диққат билан тингладим. Ўғуз уруғларининг Онадулига (Анатолия) бу қадар кўплигини мен билмасдим. Йигирма тўртта Ўғуз аймоғининг отлари ер исмларида мавжуд экан…

Сўнар Ойдамир ўз маърузасининг диққат чекканидан қувониб кетди. Маърузани узундан-узоқ тушунтира бошлади. Ўрхон Нодий бир неча марта суҳбат мавзусини ўзгартиришга уруниб кўрди, бўлмади, емагини еб, туриб кетди. Ўғуз Гулнор билан эрталабки суҳбатни давом эттиришни истаганди, аммо иложини қилолмади. Профессор Ойдамир Ўғуз уруғларининг тамғалари, сажжодалари, гиламлари ҳар ерда мавжуд эканини айтарди.

Гулнор буларни ўз рапортида қандай қилиб тасвирлашни ўйларди. Бир жумла топди: “Профессор Сўнар Ойдамир қуюк пантуркист, ҳар ерда турклик ва Ўғузликнинг изларини топади”.

Аслида, Ўғуз билан ёлғиз қолмагани учун Гулнорнинг юраги сиқилганди. Уни гапиртириши керак эди, вазифаси шу эди. Аммо Ўғуз бу оқшом ҳеч гапирмади…

Гулнор эрталаб меҳмонхонага вақтидан эртароқ келиб, фойеда Ўғузни кутди. Уни мутлоқо гапиртириши лозим эди. Ниҳоят Ўғуз келди, “кун ойдин!”, деб саломлашди. Ёнида профессор Соми Ошқин бор эди. Ўғуз унинг ёнида тортинмай суҳбатлаша оларди. Учовлон бир стол атрофига ўтиришди.

Профессор Ошқин:

–Бугун кечқурун бир ерга борамиз, шекилли?, — деди.

–Ҳа, хўжам, программага кўра бугун коктейл бор, — деб жавоб берди Ўғуз.

–Мен ҳам коктейлни назарда тутдим зотан, — деди профессор Ошқин.

Лекин Гулнор профессорнинг коктейлдан бошқа нарсани “назарда тутганини“ англади. Қорлиғашевнинг инструкциясига кўра меҳмонлар программада кўрсатилмаган ерга кетмасликлари шарт эди. Лекин бу таъқиқлар меҳмонларга сездирмай ижро этилиши керак эди. Қизиқ, меҳмонлар яна қаерга боришга шайланмоқда? Ким булар билан кўришди ва қаерга таклиф қилди? Афтидан бу “таклиф”ни Ўғуз билмайди. Профессор Ошқинга “таклиф” билдирилган, аммо у ҳам кўп нарсани билмайди.

Гулнор Ўғузни гапга солди:

–Ўғуз бей, кеча Сўранбейнинг гапирган гаплари мени жуда қизиқтирди. Сиз ҳам Ўғузларнинг Онадули (Анатолия)да бу қадар кенг тарқаганига ишонасизми?

–Ҳа, Гулнор, профессор Сўмарнинг тадқиқотларига кўра 16-аср Усмонли таҳрир дафтарларида Ўғуз уруғининг исмлари қишлоқ номларида қолган. Ҳар бир қишлоқдан солиқ олинган ва уларнинг исмлари ўша васиқаларда мавжуд, булар муҳим ҳужжатлардир. Профессор Баркен бу ҳужжатлар асосида Усмонли давлатининг экономикасини тадқиқ этганди. Профессор Сўмар эса бу таҳрир дафтарларини илк бор топономик манба сифатида қўлланди ва Ўғуз уруғларига мансуб ерларни рўйхат ҳолида эълон қилди.

Гулнор профессор Ойдамирнинг ҳам шунга ўхшаган фикрларни айтганини эслади, лекин Ўғузнинг тушунтириш услуби унинг зеҳнини кенгроқ очди. Ўғуз гапирар экан, мушоҳадасига ташвиқот туси бермасликка ҳаракат қиларди, Гулнор буни ҳис қиларди.

–Менимча, Ўғузларнинг Онадулидаги мавжудияти илмий жиҳатдан исботга муҳтож бўлмаган ҳақиқатдир, — дея сўзида давом этди Ўғуз, — мени қизиқтирган нарса, Онадўлида Ўғуз туркларидан бошқа ҳам турк уруғлари борлигидир. Сиз Ойша Қилич хоним-ла танишдингиз, у ўз тадқиқотларида қора денгиз соҳилларидаги Вартин туманида яшовчиларда қипчоқ турклари хусусиятларини кашф қилди. Менимча, Арзрум, Карс, Ортвин, Риза каби вилоятларимизда ҳам қипчоқ таъсирлари бор. Профессор Tўғон Oзорбойжон этнографиясига оид бир мақоласида Шимолий ва Жанубий Озорбойжондаги қипчоқ унсурларини кашф қилган.

Профессор Сомий Ошқин сўзга аралашди ва Ўғузнинг сўзларини тасдиқлайдиган сўзлар айтди.

“Тўғон” исми Гулнорнинг диққатини жалб килди. Бу исмни қаердадир эшитган ёки ўқиганди. Ҳа, “Ўзбекистон Коммунисти” газетасининг бир ой аввалги бир сонида бу исмни учратганди. Туркиянинг таниқли пантуркистларидан бири эди. Улуғ октябр инқилобининг илк йилларида қизил aрмияга қарши курашган контреволюционер эди. Tуркияга қочиб, хоинлигини кўрсатганди. Улуғ Ватан урушида эса олмон фашистларига маслаҳат берган душман агент эди. Гулнорнинг газетадан ўқиганларидан хотирасида қолгани шу эди.

–Профессор Тўғон ким, озорбойжонлими?, — дея Ўғузга юзланди Гулнор.

–Йўқ, Гулнорхоним, у бошқирд. Ўлкасини тарк этишга мажбур бўлган бир олим. Улуғ Октябр инқилоби даврида сиёсат билан ҳам шуғулланди, аммо у олим эди. Билганини гапиришдан қўрқмайдиган олим. Ленин билан фикри келишмагани каби, 1931 йилда Отатурк билан ҳам келишолмай қолганди…

Ўғуз сал чегарани ошганини ҳис қилди ва сўзини шундай тугатди:

–Мен уни турк тарихининг буюк олимларидан бири ҳисоблайман.

Гулнор “Отатурк билан келишолмади” иборасига хаёлда белги қўйиб қўйди. Бу ибора Гулнорга қўл келиши мумкин эди. Бу ибора билан Ўғузни Туркияда мушкул вазиятга солиш имкони бор эди. Рапортда буни ёзишга қарор қилди…

Семинарлар бошланишига яна ўн дақиқа бор эди. Эрйигит хўжа Можор профессор билан ниманидир гаплишганди. Ўғуз ҳам уларнинг ёнида эди.

Гулнор уларга яқинлашди:

–Ўғуз бей, сиздан бир нарса сўрамоқчи эдим, — деди Гулнор ва Ўғузни Эрйигит хўжа билан можор профессордан узоқлаштирди.

Гулнор Ўғузни узоқлаштирган бўлса-да, қулоғи иккита профессорнинг суҳбатида эди.

–Сизнинг суҳбатингиздан кейин мен ҳам Ўғуз достони ҳақида бир нарсаларни қораладим, — деди Гулнор, Ўғузга қўлидаги бир парча вароқни узатиб. Гулнор кеча Шчербакнинг китобини варақлаб, достон ҳақидаги баъзи фикрларини шу варақларга туширганди. Гулнор бу билан Ўғузда ўзига ишонч уйғотмоқ истарди ва уни очиқроқ суҳбатлашишга даъват этарди. Айни пайтда, Ўғуз бу қоғозларга боқар экан, Гулнор сал нарироқда турган иккита олимнинг суҳбатини бемалолроқ тинглаши мумкин эди.

–Азизим, Эрйигит, — деди можор профессор, — бу одамлардан эҳтиёт бўлишингиз керак йўқ. Улар Ўзбекистоннинг энг миллатчи шоир ва ёзувчилари. Сизни уйга таклиф қилгани яхши бўлибди. Aслида мен ҳам сизларни таништирмоқчи эдим. Агар вақт топсам бу оқшом мен ҳам Aнвар Mуроднинг уйига бораман.

Семинарлар бошланишига оз қолганди.

Гулнор ҳозиргина эшитган гапларининг муҳим эканини ўйлади. Демак, меҳмонлар бугун Aнвар Mуроднинг уйига боришмоқчи.

Ўғуз:

–Жуда яхши ёзибсиз, Гулнорхоним. Тушлик емакда бу мавзуни сиз билан тортишамиз деб умид қиламан. Мен ҳозир А-салондаги маърузаларни тинглайман, сиз-чи?

–Мен Б-салонга бораман, Ўғузбей! — деди Гулнор.

(давоми бор)