Оврупода ёйганди қанот…

Оврупода ёйганди қанот…
128 views
23 February 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(22-қисм)

Қилич билан камон бақамти
бўлганини билганди олам.
Қайишганди зўрлар қомати,
Душманларни босиб қора ғам.

Туронзамин ўлкаларига
яқинлаша олмадилар, бас.
Бошин тортиб елкаларига,
Ботинмас сўз айтмоққа бир кас.

Шимол ўтлоқларидан чорва –
қишлагани юрганда жануб,
қуёш меҳрин қилиб илова,
ўтлар эди йилқилар тиниб.

Ер юзининг бешдан иккиси –
Туронзамин мулки, Ёфасдан.
Йиллаб юрса турклар йилқиси,
Қайтар чиқмай олтин қафасдан.

Қилич билан камон галма-гал
алмашинди шоҳлар қўлида.
Хоқонларга вақти бемаҳал,
Кўринмади ёвлар йўлида.

Юраклари бермас эди дов,
Келмоқликка туркка юзма-юз.
Кўп бўлса ҳам қузғундайин ёв,
Айтолмасди ножоиз бир сўз.

Ўтди неча юз йиллар яна,
Турк бермади олдини ҳеч-да.
Туронники бўлди замона,
Чўлда, тоғда, эрта-да, кеч-да.

Бир Осиё эмас, Оврупо –
Туркка қўшмоқликни истар қон.
Туркнинг қони қўшиларкан то –
Ўшадир тахт эгаси – хоқон.

***

Ўтиб яна минг йиларча вақт,
Атилланинг келди замони.
Ўғуз тиғин ушлаб қилди аҳд,
Елкасига илиб камонни.

Оврупони қилмоқ-чун ишғол,
Улусидан айлади кўчки.
Ота, ўғил, аёл, йилқи, мол
Бўрон каби ғарб томон кўчди.

Атилланинг бирор тирик жон
бўлолмади йўлларида ғов.
Тоғлар ожиз қолди нотовон,
Эллар қочди беролмасдан дов.

Ўрмонларга ўхшарди турклар,
Жангчига айланиб борлиғи.
Дарёларга кўчини юклар,
Хизматини қилар балиғи.

Бор Оврупо титради зир-зир,
Рим бўшашиб, тўкилди қўри.
Рим дунёда эди беназир –
Шаҳарларнинг эди энг зўри.

Шаҳарнинг тўрт томонидан турк –
исканжага олганда сиқиб,
ваҳимадан дея олмай чурқ,
дув қочдилар римликлар чиқиб.

Шаҳарга тир отмай Атилла,
Довруқ солиб айлади мағлуб.
Бир тошига тегмади, илло,
Ўқ узмасдан чиқди у ғолиб!

Қалъа ташқарисида лашкар
қолди, ўзи кирди шаҳарга.
Атрофида юз чоғли аскар,
У борарди истаган ерга.

Ўғузхоннинг қиличи белда,
Елкасида машҳур камони.
Шаҳар кезди туркона отда,
Келган эди унинг замони.

“Қуёш худоси”нинг ҳайкалин
кўрганида қотди бир зум лол.
Бироқ яширмади ҳайратин,
Фавқулодда ўзгарди тусмол.

Жуда баланд эди-да ҳайкал,
Юксакларда гердайиб мағрур.
Жилла букилмасди у ақал,
Атиллага менсимай боқур.

Шоҳнинг ўзи ўзига урғу
бериб қилди масалани ҳал.
Деди: – Бу тош! Унда на туйғу,
на ҳисси бор, на жони ақал.

Шаҳд айласам темир шу қилич
кесар уни бамисли қоя.
Қандай худо, унда йўқ бир куч,
Қилолмас ўз-ўзин ҳимоя!

Яна йўлин эттирди давом,
Колизейни қилди томоша.
Бўлган бунда қанча қатлиом,
Қанча қонга гувоҳ бу гўша.

– Афсус! – деди Атилла хомуш
Томоша деб одам қонини
тўкмоқлик ҳайф, бу қандайин иш!
Қараб чиқди тўрт томонини.

– Аммо Колизейнинг меъмори
қандай бир зот бўлган экан, деб
ҳайрон. Кўздан тўкилди қўри.
Уста деди, яратган Ғойиб!

Мозийхоналарни кўрди-да,
римликларга деди: – Тасанно!
Кезди қорабайир отида,
Гўзалликдан қалбида иншо.

Уч кун бўлди шаҳарда подшоҳ
Кўзларида ҳайрат ёнди чин.
Ҳар тошидан бўлди у огоҳ,
Киритмади шаҳарга қўшин.

Олтин қўллар мўъжизаси ‒ бир
“асар” эди ер юзида Рим.
Қанча меҳнат, қанчалар тадбир,
Керак бўлган қанчалар зулм.

Рим шаҳрини тиклагунча то,
Неча шаҳар бўлдийкин хароб.
Милён бошлар кесилган ҳатто,
Қанча шоҳлар қилмаган итоб.

Хаёлида этиб барин жам,
Баён этди буюк Атилла.
Деди: – Тошлар чеҳрасида ғам,
Қон қусади бунда дур, тилла!

Ўтганларнинг ҳурмати ҳаққи,
келажакка кўргизиб иззат –
Римдан чиқиб кетамиз, токи,
хасига ҳам тегмасдан фақат.

Башарият мулкини ҳар ким
асрамоғи керак мисли зар.
Авлодларга гарди ҳам токим –
етмоқлиги лозим безарар.

***

Римни ортда қолдириб хоқон,
Орқасига йўл олди шунда.
Атилланинг ўйлари равон,
Кўнгли эди Ота Туронда.

Одам Ато болалари кенг
Оврупода ёйганди қанот.
Одатлари феълларига енг,
Атиллага ёқмас бу ҳаёт.

Кенгликларга ўрганган Турк шоҳ
Биқиқ кўрди Оврупони боз.
Деди: – Тиниқ чиқмайди-ку моҳ,
Айрит эмас қишми, фасли ёз!

Овруподан таланган бойлик.
ўн минг отга бўлган эди кўч.
Йўл босилар эди тўрт ойлик
тинмасдан сарф этилганда куч.

Фасли кузак ўртасида қоқ
Дунай етиб келганди карвон,
кутмаганда тутиб тутқаноқ,
бетоб бўлиб йиқилди хоқон.

Ўн кун ўтса ҳамки орадан,
Тикланмади хоқоннинг боши.
Ўлиб қолса у агар бирдан,
Ёт юртларда қолади лоши.

Бир қарорга келиб, васият
айлади шоҳ бир куни саҳар:
– Тириклик бор, ўлим, азият, ‒
деди ўзин ўнглаб бир қадар!

– Ўлсам, – деди, – жасадимни нақд
дафн этинг Дунай тубига.
Қиёматга довур дилда аҳд,
Ғарқ бўлайин зилол сувига.

Яратгандан тилаганим бир –
Турк қўлидан чиқмасин камон.
Муқим бўлсин Туронда шамшир,
Хор бўлмасин Ватан ҳеч қачон!

Шундай дея жон берди Туркшоҳ,
Юртни қўмсаб, кўзлари очиқ.
Тамоғида қолди сўнгги оҳ,
Армонларда, Туронга интиқ.

Ўзгартириб дарё ўзанин,
Кавладилар тубидан қудуқ.
Шоҳни солиб, тилла сандиқни
қатронлашди, иш битди тўлиқ.

Қўшиб шоҳнинг жасадига дур –
жавоҳирлар тиқдилар қанча.
Сандиқ ичи ёнарди биллур,
Олмослари мисли чўғ лахча.

Олтин тобут ернинг қаърида
бўлганида кўмилиб ғойиб,
дарё оқди яна изида –
нишонларни лойларга чайиб.

Ўтса ҳамки гарчи кўп замон,
Жўшиб оқар Дунай дарёси.
Қуёш ўша-ўшадир ҳамон,
Ўша-ўша ойнинг зиёси.

Шунча йиллар олтин тобутни
қидирмаган қолмади ҳисоб.
Тополмади ҳатто изини,
Шоҳлар бўлди ишқида бетоб.

Қиёматга қадар ҳам сандиқ
Ўз ўрнини этмайди аён.
Ўз аҳдига ер мудом содиқ,
Биров сирин айламас баён.

***

Яна ўтди қанчалар замон,
Турк қўлидан тушмади қилич.
Афсонавий тир отар камон,
Турк шоҳларнинг билагида куч.

Бўлолмади туркларга яқин,
Қасд этса ҳам неча бора ёв.
Яқинлашса, шамшир бор – чақин,
Ўлиб кетар эди беаёв.

(Давоми бор)