Туркистоннинг шерлари…

Туркистоннинг шерлари…
157 views
24 February 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(23-қисм)

Тўртинчи қисм

Бундан беш минг йиллар илгари
Сахлар яшар эдилар ёвқур.
Бари чапдаст, ботир, жангари,
Итлари қурт, отлари чопқир.

Аму атрофидан Форс қадар,
Хазар сувдан Сирдарёга то –
Туркистонда тамал эдилар,
Ҳукм суриб кездилар якто.

Оҳолтака отларин зоти
суяк суриб келар азалдан.
Итларнинг ҳам довруғи, оти
шундан бери тушмайди тилдан.

Улар – Ўғуз амакваччаси –
Ёфасий турк эди ўзаги.
Сахий ерда эди ўкчаси,
Шери Кишвар сахнинг кураги.

Ғарбий Туркистонда у қалқон,
Форслар билан олишарди – шер.
Мидиянинг йўлида қопқон,
Бой берилмас бир қарич ҳам ер.

Форслар қилолмасдан талаффуз,
Сахни “сак”лар дер эди базўр.
Қалам суртиб оқ қоғозга юз,
“Сак” ҳали ҳам ёлғонларга қўр.

Дунёни зир титратган тиғдан
зўрроқ чиқди бир чирик қалам.
Ўчиб кетди қанча шонли жанг,
Қоғоз келди кўтариб алам.

Бу далиллар, “Қадим халқлардан
қолган ёдгорлик” китобида
маълум эди азал тарихдан.
Ақлан уқсанг оби-тобида.

Қадим туркнинг башарий ўғли
минг йил олдин ёзганди буни.
Абурайҳон миллатнинг туғи,
Қуёш кулган туғилган куни.

Отамиз сахларни ўзимиз
“Сак”лар деймиз бегонасираб.
Душман берган заҳарли бигиз
тилимизга санчилар авраб.

Сахларни билмайин шу сабаб,
Форсийларга этамиз қиёс.
Ўзимизни ўзимиз алдаб,
Довдираймиз болаларга хос.

Сахлар билан ёнма-ён яна
Массагетлар яшардилар – турк.
Тарих саҳнасида дурдона,
Сахлар каби улар ҳам буюк.

Бор туркларнинг бобоси Ўғуз –
бўлса чиндан, момо Тўмарис,
Кир ўзини санади тенгсиз,
Қон қустирди уни туркман қиз.

Эроншоҳнинг кесиб бошини,
Қонли мешга бўктирди, ич, деб.
Қорақум  дор этди сочини,
Форслар қочди таъзирини еб.

Ўтиб яна икки мингча йил,
Форсийлардан бошланди оқим.
Семирганда тор келиб айил,
Бир-бирига форс этди зулм.

Кучсиз қабилалар жон сақлаб,
Турон сари қочдилар азот.
Хазар билан Қофқоздан ҳатлаб,
Қорақумдан топдилар нажот.

Қучоқ очиб массагет ва сах,
Ўзларига қўйдилар тузоқ.
Аста эриб йиллар бўйи ях,
Қумликлардан кўз очди булоқ.

Бора-бора эл бўлиб охир,
Сўғдлар номин олди ўшалар.
Туркистонга солди хавотир,
Қорни тўйгач, ”шўх” бўлди алар.

Маҳаллий турк қабилалари –
билан сўғдлар қўшилиб оз-оз,
пайдо бўлди кент, қишлоқлари,
кундан-кунга обод сарафроз.

Тиллари форс бўлса-да, бироқ
руҳлари турк эди нақадар.
Эронларга эдилар нифоқ,
Бир-бирига дилида кадар.

Сахлардаги энг тансиқ овқат –
ўтга тоблаб еярдилар гўшт.
Эт емаса бўлар бетоқат,
Тўлмагандай қолипига ғишт.

Шу сабабдан сах юртин сўғдлар
“Хоразм” деб атадилар, боқ.
Ҳалигача ортмоқлаб йиллар,
Шу ном билан келмоқда уйғоқ.

“Хоразм”нинг маъноси ҳам том,
Ўтин ва гўшт дегани асли.
Ўтинга мўл эди пахса том,
Бизга етиб келди бу расми.

Аммо бўлмас эди ишониб
Сўғдларнинг аҳд, садоқатига.
Улар кенгаярди кучайиб,
Бир кун тупурарди онтига.

Сирдарёнинг бўйларида ҳам
яшардилар кундан-кун ўсиб.
Кентларини қилиб мустаҳкам,
Кетмоқ истар турклардан ўзиб.

Форслар билан бирлашса гар сўғд,
Қудрат, кучга айланмоғи бор.
Турк ичида туғилади дард,
Енг ичидан чақар заҳри мор.

Икки дарё – икки томони,
Ҳам ўртаси берилажак бой.
Самарқанддек Туроннинг жони,
Нур ўчоғи  Бухородай жой.

Мушоҳада этиб улуғлар,
Жануб ғамин еди шимолдан.
Лаббай, дея кўчдилар турклар,
Тез эдилар улар шамолдан.

Қўй, эчкиси, сигир, йилқиси
келиб қўнди Эрондан тортиб.
Хун дарёнинг икки ёқаси
Сир бўйларин чиқдилар йўртиб.

Сўғдлар билан қўшилиб турклар,
“Хоразм” деб аталди юрти.
Улар шу бугунда туркдирлар,
Туркистоннинг шерлари, қурти.

(Давоми бор)