Тошкентда Туркистон мухторияти ёдга олинди

Тошкентда Туркистон мухторияти ёдга олинди
24 views
24 February 2018 - 21:34

23 февраль куни Темурийлар тарихи давлат музейида Туркистон мухториятининг 100 йиллигига бағишланган конференция бўлиб ўтди. «Дарё» вакили анжуманда иштирок этди.

Тадбир бир гуруҳ фаоллар, шунингдек, ўзбекистонлик тарихчи олимлар томонидан Халқаро Амир Темур жамғармаси кўмагида ташкил этди. Унда профессионал тарихчи ва филолог олимлар, ёзувчилар, давлат идоралари вакиллари, чет эл дипломатик корпуслари раҳбарлари, журналистлар, ижтимоий тармоқлар фаоллари, блогерлар ва Туркистон мухторияти тарихига қизиқувчилар иштирок этди.

Тингланган ҳисоботларда Туркистон мухторияти тарихи, уни қуришда иштирок этган тарихий шахслар, уларнинг Ўзбекистон ва Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни хусусида сўз юритилди. Тадбир иштирокчилари мухториятнинг умумий тарихи, ички ва ташқи сиёсати, армияси, иқтисодий фаолияти ҳақида маълумотларга эга бўлди.

Франциянинг Тошкентдаги элчиси (чапда) Абдулҳамид Чўлпоннинг жияни билан (ўртада). Фото: «Дарё»

Туркистон мухторияти — Ўрта Осиё тарихидаги биринчи замонавий демократик ҳукумат бўлиб, 1917 йил 28 ноябрида Қўқон шаҳрида таъсис этилган. 72 кунлик фаолиятидан сўнг мухторият 1918 йил 22 февраль куни Туркистон комиссариати ҳамда унга марказдан юборилган совет армияси гуруҳлари томонидан тугатилган. Ўша йилларда собиқ Россия империясининг бошқа ҳудудларида ҳам шу каби мустақил давлатлар тузилган, аммо Қизил армия томонидан бирин-кетин тугатилган эди. Хусусан, Украина элчиси Юрий Савченко ўз чиқишида деярли бир даврда мавжуд бўлган Туркистон мухторияти ва Украина Халқ Республикаси тарихидаги шу каби параллелларга эътибор қаратди.

Тадбир давомида, шунингдек, XIX аср охири — ХХ аср бошидаги Ўрта Осиё сиёсий ва маданий тарихига оид турли масалалар юзасидан муҳокамалар олиб борилди. Маърузачилар иштирокчиларнинг саволларига жавоб берди.

Манба:  daryo.uz