Хоразмсиз дунёлар кўп тор…

Хоразмсиз дунёлар кўп тор…
96 views
26 February 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(24-қисм)

Турклар, сўғдлар бўлдилар айқаш,
Янги турмуш тарзи топди ком.
Турк бош бўлса, сўғд эди наққош,
Янги ҳаёт бўлди бардавом.

Қадим Отамаконни турк жам
илдиз отиб айлади ошён.
Осмонга бўй чўзди у эман,
Ўғуз кўрса қувонар чандон.

Ҳар соҳада ўсди Хоразм,
Камол топди мусиқа, санъат.
Ҳунармандлар етишди азим,
Бирликда куч, тенгликда ҳикмат.

Мамлакатни бўлишиб турклар,
Бошқардилар азалий аҳил.
Сўғд аралаш кўп ҳунармандлар,
Банд бошида турк эли соҳил.

Кучайгандан кучайиб турклар,
Кечиб ўтди Амударёдан.
Қорабайир, тўриғу саман,
Қоракўлдан, Чоржўй, Фаробдан.

Бухоронинг атрофини гир
муқим тутди турк эли қўниб.
Самарқанд юрт – туроний адир,
Илдиз отди турк эллар униб.

Хоразмнинг номи, довруғи
тутди олис ўлкаларни ҳам.
Уйғурланди насли, уруғи,
Тўғрилиги, ростлиги ҳамдам.

Эрон, Хуросонда етилиб,
Сиёсатда бермади у бел.
Ироқ чўлларига отилиб,
Чорва тутди беҳисоб, асил.

Каспийдан ҳам сузиб нарига,
Бунёд этди Озор мулкини.
Малҳам бўлди турклар зорига,
Рум қардошга чўзди илкини.

Аввалида Ўғузхон бўлиб,
От устида ўйнатди қилич.
Салжуқланиб, ўрнатиб тартиб,
Бор элларга бахш этди севинч.

Салоҳиддин Аюбий ҳам у –
Усмонли ҳам туркларнинг ўзи.
Испангача қилич урди у,
Абдураҳмон ҳам унинг сўзи.

Турклар бўлиб Оллоҳ қиличи,
Дин исломни қилди мунаввар.
Або Муслим Сайёрдир ичи,
Шукуҳланиб, нур сочди сарвар.

Ўша замонларда миллат – турк
икки ирмоқ бўлиб айрилди.
Аму билан Сирдай тўкиб кўрк,
Икки ошён сари қайрилди.

Бири бўлди – саҳройи мўғул,
Бири бўлди – тийрани тотор.
Иккиси ҳам Ўғузга ўғил,
Иккиси ҳам битта турк, булғор.

“Мўғул” деган сўзнинг маъноси ‒
Деганидир “Бўрига ўғил”.
Шу дамгача Бўри Онаси
саҳро бўйлаб кезинар норғил.

Озодликни севади жондан,
Кенг саҳролар мўғул диёри.
Бўйсунмайди, қўрқмайди қондан,
Шамолларда эрк – ихтиёри.

“Тотор” деган сўзнинг ўзаги –
“Уйғур” деган сўзнинг ичинда.
Тамаддуннинг бу бир безаги –
Фан, маърифат тотор кучинда.

Шу икки ном асосинда сўнг,
Шаклланди яна юзлаб ном.
Ҳаммаси ҳам турк, Турондан ўнг,
Ўғуз, Ёфас қолдирган инъом.

Аммо туркман ҳалигача ҳам
Турк номини ўзгартирган йўқ.
Чунки туркман Ўғузхондан жам,
Қиёматга тортилган бир ўқ.

Турк халқларнинг турмуши, тарзи,
Руҳияти ўзгарди чандон.
Туркманларнинг йўқ ортиқ арзи,
Ўғузхондай турибди ҳамон.

Руҳияти шамширдай кескир,
Урф-одати азалий, уйғун.
Душманига бўридай ёвқур,
Дўстларига меҳрибон, туйғун.

Шу сабаб ҳам бошқа турк халқлар,
Ўғузхоний тиғ ихтиёрин –
туркманларга берган эдилар,
ўқ, солосор, камонин – борин.

Елкасига Хоразмшоҳлар
шунинг учун осди камонни.
Қилични ҳам даст тутиб алар,
Ўзгартирди дунё, замонни.

Айламади шоҳ тахтга азм
ё қиличсиз, ёки камонсиз.
Қуролларсиз ожиз Хоразм,
Қуролсиз у жасаддир – жонсиз.

Хоразмсиз Турон ҳам бекор,
Бекор Ота Туркистонлар ҳам.
Хоразмсиз дунёлар кўп тор,
Татимайди ҳаёт ҳам – бир кам.

(Давоми бор)